Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:38

Ўзбекистонда исроиллик шифокорлар хайрия акциясини ўтказмоқдалар


Шаҳриёр Тошкентда 31 мартдан 2 апрелга қадар Ўзбекистон Аёллар кенгаши ва “Andromed & Horev” Ўзбекистон-Исроил қўшма хусусий клиникаси ҳамкорлигида “Аёллар саломатлиги куни” хайрия акцияси ўтказилди.

Ушбу акцияда исроиллик тор соҳа мутахассислари, хусусан, маммолог-радиолог, маммолог-онколог, эндокриногинеколог, дерматолог ҳамда терапевтлар ўзбекистонлик аёлларни текинга тиббий кўрикдан ўтказиб, ўз маслаҳатларини бердилар.

Беморларнинг кўплиги шифокорларни шошириб қўйди

“Andromed & Horev” мутахассисининг маълум қилишича, исроиллик шифокорларнинг қабулига ёзилиш 25 мартгача давом этган, бироқ акция ҳақидаги реклама ва эълонлар бир ярим ой аввал бошланган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, ушбу акцияда иштирок этишни истаган ўзбекистонлик бемор аёллар шу қадар кўпайиб кетганки, бундан ҳатто ташкилотчиларнинг ўзлари ҳам шошиб қолганлар.

“Ушбу тиббий кўрикда, - дея маълум қилди яна қўшма хусусий клиника масъули, - мутахасисларимиз бемор аёллар тақдим этган касаллик варақалари ҳамда тиббий маълумотларни саралашга мажбур бўлдилар. Қабулга шунчаки онкологик дардга чалингани гумон қилинган беморлар эмас, балки жиддий онкологик касалликка чалингани туфайли соғлиги инқироз даражаси бўлган, кўп йиллардан бери бепушт бўлиб қолган аёлларгина ёзилдилар. Бироқ бундай беморлар кунига юзлаб қабул қилинганда ҳам исроиллик шифокорлар уларнинг ҳаммасини батамом кўриб чиқишга улгуролганлари йўқ”.

Чинакамига ёрдамга муҳтож беморлар четда қолди

Мазкур тиббий кўрикда иштирок эта олмаган бир аёлнинг айтишича, гарчи у Ўзбекистонда аёллар куни хайрия акцияси ҳақида эълон қилинган дастлабки кунлардаёқ исроиллик шифокорлар қабулига ёзилишга ҳаракат қилган бўлса-да, нима сабабдандир унга ўша пайтнинг ўзидаёқ қабулга ўрин қолмаганини маълум қилганлар.

“Эшитишимча, бу акцияда шифокорлар хизматидан фойдаланиш кўпроқ маҳаллий амалдорлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакилларининг яқинларигагина насиб этган, холос”, - шифокорлар қабулига ёзилиш имконидан маҳрум бўлган аёл.

Унинг айтишича, ҳатто хайрия акцияларидан ҳам чиндан ҳам муолажага муҳтож оддий беморлар эмас, балки кўпроқ таниш-билишини, пул ва мансабини ишга сола олганларгина баҳраманд бўла олганлар.

Янги гап эшитганим йўқ

Исроиллик шифокорлар кўригида қатнашган бошқа бир аёлнинг айтишича, у акция тартиб-қоидаларида кўрсатилганидек, ўз касаллиги ҳақидаги барча тиббий маълумотларни “Andromed & Horev” клиникасининг акция учун масъул ходимларига топширгач, бир неча кундан сўнг ўзининг қабулга ёзилганидан хабар топган.

“Ҳақиқатан ҳам менга кўкрак саратони ташхиси қўйилганди ва эҳтимолки, у маҳаллий шифокорлар аниқлаганидан ҳам хавфли босқичга ўтган бўлса керак”, - деди бемор аёл.

“Кўрик қандай ўтди ва ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?” деган саволимизга суҳбатдошимиз исроиллик шифокорлар унинг учун янгилик айтмаганларини, улар ўз жиҳозлари орқали ўсимтани яна бир бор кўришганию ўзбекистонлик шифокорлар тавсия қилган муолажани давом эттиришни маслаҳат беришиб, бир-икки янги муолажалар таклиф қилишганини баён этди.

Ноумид шайтон

“Албатта, - дея давом этди сухбатдошимиз, - бундай бедаво дард билан оғриган ҳар қандай аёл тақдири қандай якун топишини ич-ичидан сезса-да, қандайдир умид ва илинж хорижлик мутахассиcлар билан ҳам маслаҳатлашишга ундагани учун ҳам мен қабулга ёзилгандим”.

Унинг гувоҳлик беришича, қабул пайтида навбатга турган аёлларнинг аксариятини айнан саратон касалига чалинганлар ташкил этган ва у бундай аёллар билан суҳбатда Ўзбекистон қишлоқларида яшовчи саратон касалига чалинган беморлар ҳатто вилоят ёки пойтахтга келиб даволаниш имкониятига ҳам эга эмасликларини англаган.

“Шундай хайрия акцияси Ўзбекистоннинг барча вилоят марказларида, ҳеч бўлмаса, бир кундан ўтказилганда эди, қанчадан-қанча беморлар қалбида умид уйғонган бўларди”, - деди яна у.

Исроиллик шифокорлар 3 апрель куни Самарқандга учиб кетадилар ва 4 апрелга қадар ўз фаолиятларини давом эттирадилар.
XS
SM
MD
LG