Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Памела хоним муҳокама этмаган масала қолмади


27 март–1 апрель кунлари Ўзбекистонда бўлган АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Памела Спратлен расмийлар билан бир қаторда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари билан ҳам учрашди.

Жумладан, Давлат департаменти расмийси парламент раиси Дилором Тошмуҳаммедова, ташқи ишлар вазири Владимир Норов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев, Дин ишлари қўмитаси раиси Ортиқ Юсупов, Миллий хавфсизлик кенгаши раиси Мурод Отаев ва бошқалар билан мулоқотда бўлди. Бундан ташқари, халқаро ва маҳаллий нодавлат ташкилотлар билан учрашувлар ҳам АҚШ мулозими ташрифининг кун тартибидан ўрин олди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутасаддиси Кэрол Фаҳардо “Озодлик” билан суҳбатда П.Спратленнинг сафари икки томонлама муносабатлар учун ўта фойдали бўлганини айтди.

“Бу учрашувларда икки давлат муносабатларига оид кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Биласиз, Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларимиз кўп қирралидир ва бу муносабатлар кун тартибидаги кўплаб масалалар учрашувлар диққат марказида бўлди. Икки томон гаплашишни истамаган бирорта ҳам масала бўлмади ва Ўзбекистон ҳукуматининг АҚШ расмийси билан учрашишга истак билдирганини юқори баҳоладик”,- деди К.Фаҳардо.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазият П.Спратлен иштирок этган барча учрашувлар диққат марказида бўлган.

“Бу учрашувларнинг барчасида Спратлен хоним АҚШнинг инсон ҳуқуқларига оид хавотирлари сақланиб қолаётгани ҳақида гапирди. Лекин шу билан бирга, у Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада қўяётган ижобий қадамларини ҳам қайд этди. Хусусан, Халқаро қизил хоч ва қизил яримой қўмитасига Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбуслар билан учрашиш имкони берилгани ва баъзи сиёсий маҳбуслар озод этилганини биз ижобий қадамлар ҳисоблаймиз ва бундай қадамлар давом этишига умид қиламиз”,- деди АҚШ элчихонаси вакили.

П.Спратленнинг Ўзбекистонга ташрифи Андижон воқеалари боис Тошкентнинг Ғарб билан совуқлашган муносабатлари жонлана бошлаган пайтга тўғри келди. АҚШ мулозими тилга олган сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ёки Қизил хоч ва қизил яримой қўмитасига ўзбек турмаларига кириш рухсати ҳам илий бошлаган муносабатлар манзарасининг бир парчасидир.

Ўзбекистон расмий доиралари нуқтаи назарини ёқловчи “Сиёсат” таҳлил маркази шарҳловчиси Ғофур Жамолов ўртадаги кичик келишмовчиликлар ҳисобга олинмаса, Тошкент-Вашингтон муносабатларида жиддий муаммолар бўлмаган, дея ҳисоблашини билдирди.

“Қайсидир маънода муносабатларда учрашувлар, тадбирлар тартибида узилиш бўлган бўлиши мумкин. Лекин Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама муносабатларда, мен буни дадил айта оламан, ҳеч қандай узилишлар бўлмаган”,- деди Ғ.Жамолов.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэйг Мюррей бугун бўлаётган жараёнлар америкаликларнинг Тошкент режими билан муносабат қилишда тегишли сабоқ чиқармаганини кўрсатишини таъкидлади.

“Менимча, бу ерда муҳим бир фактни эслаш керак. Америкаликлар ўз хоҳишига кўра Ўзбекистонни тарк этмаган эди, яъни улар муносабатларнинг бузилиши тарафдори бўлмаган. Уларни Ислом Каримов Хонободдан ҳайдаб чиқаргани учун муносабатлар совиб кетди. АҚШ Андижон воқеалари борасида ўта юмшоқ баёнотлар қилганига қарамай, икки йил давомида ўзбек матбуоти аксиламерика тарғоботини изчил олиб борди. Шунинг учун бугун муносабатларнинг илиётгани америкаликларнинг истаги эмас, балки Каримовнинг раъйига кўра амалга ошмоқда”,- деди собиқ элчи.

Лекин нима бўлганда ҳам Ўзбекистоннинг АҚШ ва Ғарб билан муносабатлари яхшиланиш йўлига тушиб олиб тезликни ошираётгани, шубҳасиз. Европа Иттифоқи расмийлари Ўзбекистон ҳукуматига қарши жорий этилган санкцияларни бекор қилиши мумкинлигига ишора қила бошлагани ва айниқса, 2 апрель куни Бухарестда бошланган НАТО саммитида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қатнашаётгани бунинг далилидир.
XS
SM
MD
LG