Линклар

logo-print

Патрушев ЎИҲ Россияда ҳам фаоллашганини эълон қилди

  • Барно Анвар

Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Николай Патрушев “Ҳизб ут-таҳрир” ва Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз фаолиятини Россия Федерациясига кўчиришга уринаётгани ҳақида баёнот берди.

Н.Патрушев бу террорчи ташкилотлар ҳаракатига қарши чора-тадбирларни кучайтириш, айниқса, июнь ойида Ханти-Мансийск мухтор округида бўладиган Россия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги навбатдаги саммит арафасида жуда зарурлигини таъкидлади.

Россия Федерацияси Урал федерал округининг Тюмень, Свердловск, Курган ва Челябинск вилоятларида “Ҳизб ут-таҳрир” ва ЎИҲнинг фаоллиги ошганини билдирар экан, ФХХ директори бунга асос қилиб, мазкур ташкилотларнинг 80дан ортиқ фаол аъзоси аниқланганини маълум қилди.

Н.Патрушевнинг бу баёноти Россия ва яна 54 давлат хавфсизлик хизмати ҳамда 3 та халқаро ташкилот вакиллари иштирокида ўтган халқаро анжуманда янгради. Н.Патрушев Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистонда биринчи рақамли террор ташкилотлари сафида турадиган бу икки ҳаракат аъзоларининг ўз фаолиятини Россия ҳудудига кўчиришга уринаётганини таъкидлади ва бунинг учун зарурий чора-тадбирлари кўрилажагини ваъда қилди.

Бу чора-тадбирлар нимадан иборат бўлади ва икки террор ташкилотининг қўлга олингани айтилаётган 80дан ортиқ аъзоси ҳақида аниқроқ маълумот сўраб қилган мурожаатларни ФХХ одатдаги: “Фақат ёзма равишда мурожаат қилинг”, дейилган жавоб билан жавобсиз қолдирди.

“Ҳизб ут-таҳрир” ҳамда ЎИҲ Россияда ҳам тақиқланган халқаро террор ташкилотлари рўйхатига киритилган. Сўнгги йиллар давомида ФХХ, асосан, “Ҳизб ут-таҳрир” партияси аъзоларининг яширин ҳаракати фаоллашгани ва бунга қарши чора-тадбирлар ҳақида баёнотлар бериб келди. Аммо энди Россияда ҳам ЎТҲ пайдо бўлгани ва унинг аъзолари қўлга олингани ҳақидаги баёнот россиялик таҳлилчилар ва айни вақтда диндорларнинг ўзлари учун ҳам янгилик бўлмоқда.

Хусусан, бу ҳаракат аъзолари қўлга олингани айтилган Тюмень вилоятидаги вазиятдан яхши хабардор Татаристон Диний назорат бошқармаси раиси ёрдамчиси Сулаймон Зариф бу ҳаракатнинг биз учун фақат исми бор, холос, дейди.

“Лекин жисмини кўрмаганмиз. Борлигини эшитганмиз, лекин унақа очиқ жамият йўқ, кўрингани ҳам йўқ. Бўлмаса Ўзбекистонда ўзимнинг қариндош-уруғларим бор. Телефонда гаплашиб турамиз. Ҳеч ким шунақа бўлди, шунақа гаплар бор, деган гапни гапирмади. Худога шукур, ўзбеклар кўп. Мана, Қозоннинг ўзида бир неча юз ўзбек яшайди, бир неча минг тожик яшайди. Бунақа ҳаракатга кирган ўзбеклар ëки татарлар бор экан, деган гапни эшитмадик”,- дейди асли ўзбекистонлик, аммо қарийб 30 йилдан буён Татаристон диний бошқармасида ишлаётган Сулаймон Зариф.

Унинг сўзларига кўра, Россия ФХХ тарқатиб турадиган “фалон нафар ҳизбчи қўлга олинди”, дейилган хабарлар ҳам ҳақиқатга яқин эмасдек туюлади.

“Тюмень атрофларида, Бошқирдистоннинг баъзи бир шаҳарларида бор экан, деган гап бўлди, лекин очиқ равишда уларга ҳукм чиқарилмади, судлар болаларни ўтқазиб қўймади, уларни умуман тута олмади. Унақа нарсалар бор ва кўпаяди, деган гап йўқ. Улар яширин ҳолда бўлгани учун балки биз билмасмиз”,- деб ҳисоблайди татаристонлик диний уламо.

Бироқ айнан ҳозир Россия ҳудудига хавф солаётган террор ташкилоти сифатида энди ЎИҲ номи тилга олингани, шаксиз, бежиз эмас, демоқда россиялик айрим таҳлилчилар.

Зеро, диний экстремист ва террорчиларга қарши кураш шиори билан Россия ҳукумати олиб бораётган жодугар овига энди янги бир руҳ берилишига зарурат пайдо бўлди, деб ҳисоблайди россиялик сиёсий таҳлилчи, маълум вақт ЎИҲ фаолиятини ўрганган Ирина Бологан.

“Бу ҳозирга келиб, Кавказдаги террорчилик ёки айтайлик, айирмачилик ҳаракатлари бостирилгани билан боғлиқ. Яъни ФХХ давлат бюжети устида ўтирган йирик ташкилот сифатида энди янги таҳдидни ўйлаб топишга мажбур. Айни вақтда террорга қарши кураш, дейилган террорни сақлаб туриш учун Россия ҳукуматига ҳам яхшигина баҳона керак. Ҳозир Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон президенти Каримов билан гуркираган дўстлик даврида унинг биринчи рақамли душманини Россияда ҳам хавфли душман, деб эълон қилиш, албатта, энг қулай топилмадир”,- дейди Ирина Бологан.

Айни вақтда қувғинда бўлган ЎИҲ эса нафақат Россия, балки Ўзбекистоннинг ўзи учун ҳам жиддий хавф бўла олмаслигини айтди эксперт.

“Қолаверса, ЎИҲнинг Россия ҳудудида қандай манфаатлари бўлиши мумкин? Тўғри, 4 бўлакка бўлиниб кетган ҳаракатнинг қайсидир аъзолари Россия ҳудудида яширингандир, худди бошқа давлатлардаги каби. Менимча, Россия раҳбарияти шу билан НАТОнинг навбатдаги йиғилиш олдидан президент Каримовни қувватлашига ишорат қилди”,- деди Ирина Бологан.

Жаҳон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда ЎИҲ 4 бўлакка бўлиниб кетган ва ҳаракат етакчиси Тоҳир Йўлдошни тарк этган собиқ сафдошларнинг катта гуруҳи Покистон ва Эрон ҳудудида жон сақламоқда. Тоҳир Йўлдош атрофида эса, унинг собиқ сафдошларига таяниб Покистон ва Афғонистондаги оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, атиги 200 аскар қолган бўлиши мумкин.

2007 йилнинг 7 октябрида Афғонистоннинг Пактика вилояти полицияси раҳбари Америка ҳарбийлари ҳаво ҳужуми чоғида ЎИҲнинг 16 аъзоси ўлдирилгани ва улар орасида Тоҳир Йўлдош ҳам борлиги ҳақида хабар берган эди. Аммо кейинчалик бу хабар на Афғонистон расмийлари ва на коалиция қўшинлари қўмондонлиги томонидан тасдиқланди.
XS
SM
MD
LG