Линклар

logo-print

Президент матбуот эркинлигини хавф остида қолдирмоқда


Қирғизистон президенти Қурманбек Бақиев ҳукумат амалдорларини ўзларини танқид қилган газеталарга қарши курашга чақирди. У Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқ-тартибот тизимларини сўз эркинлигига путур етказишдан қўрқиб, мамлакат матбуотини назорат қилмаётганликда айблади.

Қизиғи шундаки, Қ.Бақиев бу талабини асослаш учун москвалик таниқли журналист Аркадий Дубновнинг қирғиз матбуоти тўғрисидаги фикрларини дастак қилди.

“Сиз Қирғизистонда ҳеч кимга тобе бўлмаган Аркадий Дубновнинг фикрини эшитдингизми? Бизда айримлар эркинликни бошбошдоқлик сифатида қабул қилиб олибди. Исталган одамни танқид қилиш, устидан мағзава ағдариш мумкин, бунинг учун ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди, дебди Аркадий Дубнов. Бизнинг Бош прокуратурамиз эса буни сўз эркинлиги сифатида баҳолаб, назоратни қўлдан чиқариб қўйган. Сизларнинг бу борада сукут сақлашингиз тушунарсиздир”,- деди Қ.Бақиев ҳукумат йиғилишида.

Маҳаллий матбуотнинг айрим вакиллари президентнинг сўзларидан кўра кўпроқ Аркадий Дубновнинг фикрларини кескин танқид билан қарши олди. Бу борада фикр билдирар экан, Бишкекдаги Журналистлар бирлашмаси раиси Марат Токоев: “Бирор воқеа бўлса, дарров Дубновдан шарҳ сўраб, у кишида шарҳловчилик салоҳиятини шакллантириб қўйганмиз шекилли. Шунинг учун у азбаройи шарҳ беришга кўникиб қолганидан ҳам президентга мана шундай шарҳ бериб кетган бўлса керак”,- деди.

Қирғиз сиёсатчилари эса президентнинг москвалик журналист фикрига таяниб билдирган танқиди мамлакатдаги сўз эркинлигига жиддий таҳдид туғдириши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Сиёсатчи Жомаарт Сапарбоев президентнинг сўзлари ҳукумат амалдорлари томонидан буйруқ сифатида тушунилишидан ташвиш билдиради.

“Президентнинг матбуот тўғрисидаги сўзлари жамоатчилик орасида муҳокама қилиниб, муносабат билдирилиши лозим. Акс ҳолда икки-уч йилдан сўнг Қирғизистонда сўз эркинлиги мутлақ йўқ қилиниши эҳтимолдан холи эмас”,- деди сиёсатчи.

Бироқ ҳукуматга мойил матбуот вакиллари президент қирғиз нашрларини тўғри танқид қилди, деб ҳисоблайди.

Президент ҳукумат сиёсатини халққа етказишда матбуотнинг роли тўғрисида жуда тўғри фикрларни айтди. Ҳукумат сиёсати холис, ҳар хил шарҳ ва изоҳлардан холи тарзда фуқароларга етказилиши лозим. Бундан сўз эркинлиги зарар кўрмайди. Бизнинг матбуотимиз эса кўпроқ танқид билан шуғулланиб қолмоқда”,- дейди “Қирғиз туусу” газетаси муҳаррири Жедигер Саалаев.

Айни пайтда Журналистлар бирлашмаси раҳбари Марат Токоев Қирғизистонда ҳамма нашрлар ҳам тўлақонли журналистик стандартларга жавоб бера олмаслигини, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай вазият фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга хизмат қилаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG