Линклар

logo-print

Москва милицияси хорижийлардан катта наф кўради

  • Садриддин Ашур

Москва милицияси ходимларининг бир ойлик ноқонуний даромади бир миллиард рублни ташкил этади. Бу маълумотни Москва шаҳри милицияси касаба уюшмаси бошлиғи Михаил Пашкин “Московский корреспондент” газетасига берди.

Москвалик милиция ходимлари бу даромаднинг катта қисмини Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан келган меҳнат муҳожирларидан шилиб олиши айтилади.

Москвада яшаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, ўзбекистонлик муҳожирлардан милицияга пора бермагани камдан-кам топилади. Чунки милиция ходимлари мардикорлардан пул шилишнинг янги ва янги усулларини ўйлаб топяпти.

Бу янги усуллар ҳақида сал кейинроқ, ҳозир эса шу кунга қадар кенг қўлланилаётган усуллар ҳақида сурхондарёлик Худойберди гапиради:

“Бу даҳшат. Масалан, бозорда эрталаб соат 5да ишга келамиз. Милициялар йўлларда, подъездларда, кўчаларда пойлаб туради. Ишқилиб ушлашади. Кечқурун ҳам худди шу аҳвол. Ҳозир ставкалар ҳам ошиб кетган. 500дан кам олишмайди. Гоҳида 1000-2000 атрофларида олади”.

Худойбердининг сўзларига кўра, милиция ходимлари билан баҳслашишнинг фойдаси йўқ. Чунки улар пул олиш учун ҳеч нарсадан қайтмайди ва улар учун муҳожир қаердан келганининг фарқи йўқ. Ҳужжатжа бирор камчилик топса, бўлди.

Москвада киракашлик қиладиган Абдулла исмли йигитнинг билдиришича, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари агар рулда марказий осиёлик ёки уларнинг таъбири билан айтганда, “чёрный” ўтирган бўлса, албатта, тўхтатади ва ҳужжатлардан ёки машинадан бир камчилик қидира бошлайди.

“Машина шиналарининг 4 таласи 4 хил бўлса 2000 рубль жарима. Ҳаммаси ҳозир ўрганган. Руслардан олмайди , “чёрный”лардан олади. Улар билан келишиш ҳам мумкин. Шина 4 хиллиги учун 1000 рубль олади ва жарима қоғозисга светофорда қизилгани ўтди, деб 100 рубль ёзади ва шу билан қўйиб юборади”,- дейди Абдулла.

Энди москвалик милиция ходимларининг меҳнат муҳожирларини шилишнинг антиқа йўлларини топаётганлиги ҳақида.

“Ўрта осиëлик фуқароларнинг рўйхатдан ўтган-ўтмаганини текширади ва бу нормал ҳужжатлар бўлишига қарамай, бу нормал ҳужжат эмас, сен буни қалбаки қилиб олгансан, деб пул олишади. ДАН ходимлари сизни машинангни олиб кетамиз, жарима майдонига қўямиз, деб мажбур қилади. Ҳужжатларни қилиб келгунча бу 2-3 сутканинг ичида 15.000-20.000 рублни ташкил қилади .Яхшиси сен ҳозир бизга 1000 ëки 2000 рубл бергин ва кетавергин, деган гапни айтишади”,- дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.

Лекин, дейди Баҳром Ҳамроев, ДАН ходимларининг бошқа милиция ходимлари билан тили бир ва минг-икки минг рубл бериб қутулган одам яна шу иш билан бошsа қармоққа илинади.

“Бу одамни пора берганликда айблаб, паспортларини олиб қўяди. Паспортини олиб қўйгандан кейин бориб ҳамшаҳарларингдан йиғиб пул олиб келгин, дейишади. Бу жуда ҳам мураккаб. Одамни пора берганликда айблаш ва ундан яна кўпроқ пора олиб қўйиб юбориш”,- дейди Б.Ҳамроев.

“Московский корреспондент” газетасининг ёзишича, бугун Москвани 150 мингдан ортиқ милиция ходимлари қўриқламоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг сўзларига кўра, оддий милиция ходимлари 13.000-14.000 рубль ёки 500-600 доллар миқдорида маош олади.
XS
SM
MD
LG