Линклар

Қийноқлар тўхтади, вақтинчами?


Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган 36 ёшли Суннатилла Эшмуҳаммедовнинг онаси 72 ёшли Насиба ая ўғлига нисбатан қийноқлар тўхталиши ва унинг озодликка чиқишига кўмаклашишни сўраб халқаро жамоатчиликка мурожаат қилганидан кейин маҳбусни қийнашлар тўхтатилди.

Бу ҳақда Насиба Эшмуҳаммедова яқинда ўғли билан кўришганидан сўнг фарзанди унга шуни маълум қилганини билдирди.

Озодлик: Насиба опа, ўғлингиз Суннатиллани кўриб келдингизми?

Насиба Эшмуҳаммедова: Ҳа, кўриб келдим.

Озодлик: Қачон?

Насиба Эшмуҳаммедова: Ўтган куни келдим.

Озодлик: Ëнида неча кун бўлдингиз?

Насиба Эшмуҳаммедова: 2 сутка.

Озодлик: Суннатилла билан гаплашдингиз. Нима дейди?

Насиба Эшмуҳаммедова: “Озодлик”да эшиттириш берилгандан кейин яхши. 1,5 ойдан бери уриб қийнашаëтгани йўқ. Анча ўзгариш бўлиб қолди. Шунда ҳам яна аввалгидай бошлаб қолишмаса, деб хавотирланиб турибмиз, дейди.

Насиба аянинг 36 ёшли ўғли Суннатилла бундан тўққиз йил аввал, 27 ёшида ҳибсга олинганди. Олий маълумотли Суннатилла Тошкент автомобил йўллари коллежида директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. У 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашлардан бир кун ўтиб ҳибсга олинган. Чирчиқ шаҳри жиноят ишлари судининг 1999 йил 18 августдаги қарорига кўра, С.Эшмуҳаммедов конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Насиба ая ҳозирда қамоқҳонадаги қийноқлар натижасида Суннатилланинг соғлиғи ёмонлашганини маълум қилди.

Насиба Эшмуҳаммедова: 13 кун очлик эълон қилган пайтда буларнинг оғзига шлангда муздай овқат қуйишган. Ўшанда ичаклари шамоллаган бунинг.

Озодлик: Ким қуйган?

Насиба Эшмуҳаммедова: Қамоқхонадагилар. Шунақа қилиб бунинг ичи шамоллаган. Яна буйраги, умуртқа поғонаси оғрияпти. Қамоқхона бошлиғи буни чақириб: “Ҳеч қаерим оғримаяпти. Соппа-соғман, деб ëзиб бергин”, дебди. Ўғлим ëзиб бермайман, дебди. Шунинг учун булар даволамабди. Кейин буларнинг хонасида ОИТСга чалинган иккита маҳбус бор экан. Булар кир ювадиган тоғорада улар ҳам кир ювар экан.

Озодлик: Буни сизга ўғлингиз айтиб бердими?

Насиба Эшмуҳаммедова: Ҳа. Хоналарни, полларни, коридорларни тозаланглар, дебди. Юсуфхўжаев Акром, деган бола қилмайман деган. Кейин бу болани уриб, бурнини синдиришган. Намоз ўқитишмаëтган экан, лекин имо-ишора билан Аллоҳнинг буйруғини бажаряпмиз, дейди. Гоҳида умуман ўқитмай қўйишаркан.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи ҳибсхоналарда маҳбусларга турли қийноқлар мунтазам қўлланилаётгани, намоз ўқиган ёки Қуръон тиловат қилган маҳбуслар жазоланаётгани ҳақида хабар қилади.

Ташкилот раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, ҳар бир қамоқхонада контитуциявий тузумга тажовуз қилиш ва ноқонуний диний оқимларга аъзоликда айбланганларнинг алоҳида рўйхати бор ва уларга қийноқлар кўпроқ қўлланилади.

Ўзбекистон ҳисбхоналарининг собиқ маҳбуси, 71 ёшли Ёдгор Турлибеков қийноқларга шахсан гувоҳ бўлган.

“Мен билан 1 ойгача бир камерада ётган Фурқат Саъдиев деган бола кўрган азобларидан ўлиб қолишига сал қолди. Ҳар куни уриб, судраб олиб келиб ташлаб кетишарди. Калтак еявериб унинг кўкармаган жойи қолмади. Қўли кишанланган. Уни кўтариб ерга уришганида жигарлари эзилиб кетади. Қўл билан эса у ўзини ҳимоя қила олмайди. Арматурани куйдириб, оëқларига босишди. У боланинг тирноқларини юлиб олишган”,- дея эслайди собиқ маҳбус.
XS
SM
MD
LG