Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:48

Кечиккан муносабат


“Ўзбекистон жамоатчилиги голландиялик сиёсатчи Герд Вилдерс томонидан мусулмонларнинг диний туйғуларини камситувчи “Фитна” ҳужжатли фильми яратилганини қатъий қоралайди”.

Ўзбекистондаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг 1 апрель кунги хабари мана шу гап билан бошланади.

Хабарнинг қолган 4 абзаци ўқиганингиз биринчи банддаги фикрни ривожлантиради.

“Жаҳон” агентлиги “Ўзбекистон жамоатчилиги”, деганда кимни назарда тутяпти – мамлакатнинг 27 миллионли халқиними ёхуд ўз таъсисчиси – Ташқи ишлар вазирлигиними, бу – хабардан англашилмайди.

“Жаҳон”дагилар “Ўзбекистон жамоатчилиги”, деганда балки, энг аввало, дин пешволарини назарда тутгандир?

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги ваколатхоналаридан бири ходими “Фитна” фильмини кўргани ҳам йўқлигини билдирди. Бошқа кўпгина суҳбатдошлар ҳам шундай жавоб қилди. Чунки фильмни кўпчилик кўргани йўқ. У Интернетда эълон қилинган, ўзбекистонликларнинг эса аксарият кўпчилиги Интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Шуни айтиш керакки, 15 дақиқали “Фитна” фильми Интернетда пайдо бўлиши биланоқ у Голландиянинг ўзида кескин танқидга учради.

Хусусан, Голландия бош вазири Ян Питер Балкененде 27 март куни бундай деган эди:

“Фильм Исломни зўравонликка тенглаштирган. Биз бундай талқинни инкор этамиз. Мусулмонларнинг мутлақ катта қисми экстремизм ва зўравонликни инкор этади. Зўравонлик қурбонлари ҳам аслида мусулмонларнинг ўзларидир. Шунинг учун ҳам жаноб Вилдерс шу фильмни қилганидан таассуфдамиз. Фикримизча, ундан кўзланган мақсад ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмас”.

Бу гаплари билан Голландия бош вазири ҳукумат позициясини ҳамда ҳукумат раиси сифатида Голландия халқи позициясини очиқ-ойдин билдирди ва балки шунинг учун ҳам жаҳон бўйлаб норозиликлар пайғамбар ҳажв қилинган карикатуралардан кейин бўлганидек, кучайиб кетмади.

Орадан қарийб бир ҳафта ўтиб, мана энди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги норозилик билдирди. (“Жаҳон” ахборот агентлиги ўз хабарида “вазирлик” сўзини ишлатмаган бўлса-да, агентлик муассиси вазирлик бўлгани учун хабарни вазирлик баёноти, деб тушуниш мумкин).

Дин ишлари қўмитаси вакилларидан бири нега ўзбек ҳукумати реакцияси бундай кеч қолгани борасида ўзича фикр юритар экан: “Чунки бошқаларга ҳам қараб туради. Қолган давлатлар танқид қилди. Шу қаторда бизники ҳам танқид қилди. Биринчилардан бўлиб танқид қилишмадики, масалан, эртага нима гап бўлади, буни Худо билади. Кўпчилик давлатлар қаршилик қилди, бизники ҳам қаршилик қилди”,- деди.
XS
SM
MD
LG