Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:48

Компьютер вируслари 2008 йилда ўн баробар кўпайиши мумкин


Хондамир Компьютер дастурларига шикаст етказувчи вируслар миқдори бу йил ўн баробар кўпайиб, 20 миллиондан ошиб кетиши мумкин. Аксилвирус дастурларини ишлаб чиқарувчи “Касперский лабораторияси” ширкати экспертлари 2008 йилда жаҳон компьютерлар тармоғи бўйлаб вирус фаоллиги юзасидан ана шундай тахмин билдирдилар, дея хабар қиладилар Россия нашрлари.

Ширкат таҳлилчиларига кўра, 2007 йилда Интернетда 2,227 миллион янги вирус пайдо бўлгани қайд этилган, бу эса 2006 йилдаги кўрсаткичдан тўрт баробар кўпдир. 2007 йилда аниқланган зарарли дастурларнинг умумий ҳажми 354 гигабайтни ташкил этган.

Компьютер вируслари шахсий компьютердаги дастурлар, файллар ва ш.к. зарар етказиши мумкин бўлган зарарли дастурлар тури бўлиб ҳисобланади. Одатда, улар *.ехе файлларга боғланган бўлади ва бу файллар очилганда компьютер дастурлари учун муаммолар туғилиши мумкин.
“Ўтган йил охиридаёқ дунёдаги етакчи экспертлар зарарли дастурларнинг тўрт баробарга ошиши билан боғлиқ вазиятни фавқулодда ҳолат ўлароқ баҳолагандилар – айрим аксилвирус дастурлари ишлаб чиқарувчи ширкатлар бу кўламдаги хавф-хатарга қарши самарали курашишга қудратлари етмай қолди”, - дея қайд этади “Касперский лабораторияси”.

Бу йил компьютер дастурларига шикаст етказувчи янги вирусларнинг 20 миллиондан ошиб кетиши мумкинлигини тахмин қилган ширкат экспертлари мазкур зарарли дастурларнинг сонигина эмас, сифати ҳам ўзгариб бораётганини, вирусларнинг мураккаб намуналари пайдо бўлаётганини ҳам таъкидлаганлар.
XS
SM
MD
LG