Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:20

Ҳам пул, ҳам жон оладиган қароқчиларга жазо борми?


Cамарқанд вилоятидаги Пастдарғом туманининг Жума шаҳарчасида яшовчи хусусий тадбиркор Шерзод Ҳайитов бир ой муқаддам Самарқанд вилояти прокуратураси ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан қаттиқ калтакланган ва пичоқланган эди.

Бу ҳақдаги хабарни “Ўзметроном” сайти тарқатди. Айни пайтда Тошкентда даволанаётган Шерзод Ҳайитовнинг прокуратура ходимлари ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан қилган арзи ҳавода муаллақ қолмоқда.

Ш.Ҳайитовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, 4 март куни у юк олгани Самарқандга келган. Лекин керакли юк йўқлиги сабабли қайтишда бензин пули чиқсин учун одам олишга қарор қилган.

“Иккита нотаниш йигит “Нексия”да келиб тўхтади. Жумага боришини, иккита сумкаси борлигини айтишди. Юкхонада 6 миллион 800 минг сўм пулим бор эди. Ҳалиги йигит қутидаги пулни кўрди. Кейин у шартта кимгадир телефон қилди. 5 минут ҳам ўтмай, тўртта йигит келиб, менга гувоҳнома ҳам кўрсатмай, мен фалончиман, деб ҳам айтмай, шартта қўлимни қайириб, машинага тиқиб, босиб олиб кетди”,- деди Ш.Ҳайитов.

Унинг билдиришича, шундан сўнг у Самарқанд вилояти прокуратураси ҳузуридаги солиқ ва валютага оид жиноятларга қарши кураш департаментига олиб борилган.

“Мендан пул кимники эканини сўрашди. Шахсий пулим эканини, пешона терим билан топганимни, хотиним билан савдо қилишимни айтдим. Кейин Қаҳрамон деган йигит: “Ака, келинг, келишайлик. Пулнинг ярмини берасизми ëки йўқми”, деди. Мен уларнинг гапидан ҳайрон қолдим. Мен нимага пулни беришим кераклиги, у меники эканини айтиб бақира бошладим. Мен адвокат ва уларнинг хўжайинлари билан учрашишни талаб қилдим. Кейин мени ура бошлашди. Бошимга уриб ташлашгандан кейин ўзимни йўқотдим. Ярим соатча ўзимга келмадим”,- дейди Ш.Ҳайитов.

Унинг сўзларига кўра, у ўзига келгач, прокуратура ходимларидан бири уни онангнилаб сўккан.

“Бошқа одамлар балки жим турар. Мен эса жим тура олмадим. Нимага онамни сўкасан, деб жойимдан туриб кетдим. Ўзингни онангни, дедим мен. Кейин у ўрнидан турди ва столи устидаги пичоқни олиб, 4 жойимга шикаст етказди. Мени қонга булғаб 4 соат ушлаб ўтиришди. Тез ëрдам ҳам чақиришмади. Акажон ундай қилманг, ўзимга ўзим урдим, деб айтинг. Сизга пулингизни ҳам, машинангизни ҳам қайтариб берамиз, деб илтимос қила бошлашди. Мен кўнмадим”,- дея давом этди Ш.Ҳайитов.

Тўрт соатдан кейин шифохонага олиб борилган Ш.Ҳайитов унга ҳеч қандай муолажа қилинмагани, аксинча панжарали палатага яна қамаб қўйилганини айтди. Укаси бировдан бу ҳақда хабар топиб етиб келгандан сўнггина унга жавоб беришган ва укаси уни Тошкентдаги 1-травматология шифохонасига олиб борган. Ўша ерда ундан милиция ва прокуратура ходимлари кўрсатма ҳам олган. Лекин шу пайтгача Самарқанд вилояти прокуратураси ходимларига нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Шерзод Ҳайитов уни калтаклаган ва пичоқлаган прокуратура ходимларининг номларини айтади.

“Очиғини айтсам, мен уларни танимайман. Олдин умуман кўрмаганман. Хонада мен улар бир-бирига Қаҳрамон ака, Шерали ака, Шавкат ака деганларидан билдим. Уларнинг фамилиясини ҳам билмайман”,- дейди Ш.Ҳайитов.

Олти миллион саккиз юз минг сўм пули ноқонуний олиб қўйилган, хўрланган ва пичоқланган Ш.Ҳайитов ариза билан Бош прокуратурага, Миллий хавфсизлик хизматига, президентга мурожаат қилганини айтди.

“Озодлик” бу воқеага муносабат олиш мақсадида Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова билан боғланди.

Унинг таъкидлашича, прокуратура ходимлари ҳеч қачон бундай иш тутмайди.

“Бизда умуман унақа бўлиши мумкин эмас. Лекин менинг бу воқеадан ва бунақа одам борлигидан хабарим йўқ”,- деди С.Ортиқова.
XS
SM
MD
LG