Линклар

logo-print

ТОRCH инфекцияси бепуштликка сабаб бўлмоқда


Шаҳриёр Ҳозирда Ўзбекистонда эркак ва аёллар ўртасида бепуштлик касаллиги кўп учраяпти. “Ҳомила пайдо бўлгач, унинг она қорнида нобуд бўлиши, ҳомиланинг бевақт тушиши, аёлларда ҳомила ушламаслик каби ҳолатлар кўплаб кузатилмоқда”, дея маълум қилди Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларидан бирида ишловчи гинеколог.

Унинг айтишича, азалдан болажон халқ бўлмиш ўзбеклар орасида ҳали ҳам кўп фарзанд кўришни хоҳловчи оилалар талайгина, бироқ энди бу истак эр ёки хотиннинг хасталиги туфайли армон бўлиб қолмоқда.

Гинеколог суҳбатдошимиз ҳозирда кўп учраётган бепуштлик сабабли ёш оилаларнинг ҳам қисқа муддат ичида бузилиб кетаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, юқорида санаб ўтилган ҳолатларга айни пайтда ўзбекистонлик эркак-аёлларнинг қарийб 80 фоизида учраётган ТОRCH инфекцияси сабаб бўлаётган экан.

Ҳомиладор аёллар қон топширишлари шарт

Бу инфекциянинг аҳоли орасида жуда кўп учраётгани боис ҳозирда оилавий поликлиникаларда ҳар бир ҳомиладор аёлнинг ТОRCH инфекциясига таҳлил учун қон топшириши мажбурий қилиб қўйилган. Шифокорларнинг таъкидлашларича, бундай чора она ва туғилажак фарзанд саломатлиги учун жиддий хавф туғилишининг олдини олиш учун кўрилмоқда. Бундай таҳлиллар поликлиникаларда ҳомиладор аёллар учун имтиёзли равишда 15000 сўм, хусусий клиникаларда эса 35000-40000 сўм эвазига қилинади.

“Рўйхатга туриш учун поликлиникага келган ҳомиладор аёл моддий аҳволи ночорлиги туфайли қон топширишга рози бўлмаса-чи?” дея савол берамиз гинеколог суҳбатдошимизга. “Албатта, аввал-бошда ҳамма ҳомиладор аёллар ҳам рози бўлмайдилар, бироқ биз уларга айни таҳлилни топширмасалар, қандай оғир оқибатларга дучор бўлиш мумкинлигини яхшилаб тушунтирамиз. Қолаверса, ўзбек аёллари ҳам ўз саломатлиги учун ўзи қайғурадиган пайт келди, деб ўйлайман”, - деб жавоб берди у.

ТОRCH қандай касаллик?

Аёллар шифокорининг сўзларига қараганда, ТОRCH - токсоплазмоз, хломидия, уреоплазма, цитомеголовирус ҳамда герпес деб номланувчи беш алоҳида инфекцияни бирлаштирувчи касаллик бўлиб, бу инфекцияларнинг энг хавфли жиҳати уларнинг кўпинча бирон белги-аломатсиз кўп йиллар давомида инсон қонида мавжуд бўла олишидадир.

Шифокор бу касалликнинг, энг аввало, носоғлом ҳаёт тарзи оқибатида жинсий йўллар билан, қон, лимфатик йўллар ҳамда кўпинча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилмаслик орқали юқишини айтди.

Шу билан бирга, суҳбатдошимиз TORCH инфекциясининг Ўзбекистонда бу қадар кўп учраётганига аҳолининг иммун тизими ўта заифлашиб кетаётгани, нотўғри овқатланиш, умумий овқатланиш жойларида тайёрланадиган таомларнинг меъёрларга жавоб беролмаслиги кабиларни асосий омиллар сифатида санаб ўтди.
XS
SM
MD
LG