Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:11

Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени, Аллоҳ


“Ўзбек дунёси” дастурининг бугунги сони географияси: Афғонистон, Канада. “Ўзбек дунёси”нинг бугунги сони қаҳрамонлари: Афғонистондаги “Ойна” ўзбек телевидениеси, шоир Холдор Вулқон.

Афғонистонда 3 миллион атрофида ўзбек бор. “Ойна” ТВси Афғонистонда пайдо бўлган биринчи хусусий телеканалдир. У ўз кўрсатувларини ўзбек тилида олиб боради.

Ўзбекча “Ойна”

Мана, 4 йилдирки, “Ойна” ўзбек тилида кўрсатувлар бериб боради. Доимо ўз уйида “Ойна” телеканалини кўрадиган афғонистонлик ўзбек аëлларидан бири ўз тилида телевизор томоша қилишдан хурсанд эканини билдирди. У “Ойна” телеканали Ўзбекистонда ишланган ўзбек фильмларини намойиш этишидан мамнун.

“Бизга ўзбек драмалари, ўзбек фильмлари ëқади. Бошқа каналлардан кўра, биз “Ойна” каналини кўпроқ ëқтирамиз. Болаларим ҳам шу ўзбеклар дубляж қилган фильмларни кўпроқ кўришни истайди”,- дейди аёл.

“Ойна” дарҳақиқат Афғонистон ўзбеклари орасида кўп кўриладиган ягона телеканал ҳисобланади. Ушбу каналда кўнгилочар кўрсатувлардан ташқари айрим сиëсий, маданий, ижтимоий мавзулар устида давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар томошабинларга тақдим этилиб, Афғонистон ва дунëда юз берган турли воқеалар ҳам ëритилади.

“Ойна” томошабинларидан яна бири Ғуломсаҳи Вакилзода телеканал Афғонистон ва Афғонистон ўзбеклари ҳаëтининг айрим қирраларини акс эттирадиган кўзгугина бўлиб қолмай, бутун дунë ўзбеклари ва туркий халқларнинг ижтимоий ва маданий ҳаëтидан ранг-баранг кўрсатувлар бериб борганда маъқулроқ бўлишини айтади.

“Ойна” хусусий телеканалининг масъуллари Ғ.Вакилзоданинг фикрини тасдиқлаб, айрим сабаблар, айниқса, молиявий танглик ҳамда мутахассислар етишмовчилиги боис, катта ва муҳим режаларни амалга оширишга улгура олмаганини билдирди.

Ўзбекнинг беихтиёр кенгаяётган дунёси

Дастурнинг бу галги меҳмони андижонлик шоир Холдор Вулқон.

1959 йили Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги Маслаҳат қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг филология факультетида ўқиган.

“Туманли далалар қўшиғи”, “Лайлатулқадр”, “Тунги лайлакқор” шеърий тўпламлари, ҳаммаси бўлиб 4 та тўплам, 5 та қисса, 2 та роман муаллифи.

2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларидан сўнг ҳукумат томонидан таъқиб қилиниб, қамалиб кетиш хавфи пайдо бўлганидан сўнг оиласи билан ватанни тарк этишга мажбур бўлган. Шу кунда Канада ҳукумати берган сиёсий бошпанада яшайди. 6 фарзанди бор.

Холдор Вулқон: Ижодкор одам ҳақиқатдан ҳам ватансиз яшай олмайди. Ватансиз яшаш жуда қийин. Ватан сизни металл каби ўзига тортиб турадиган бир магнитдай бўларкан. Пешонага ëзилган экан, нима қиламиз энди. Чидаб юрибмиз.

Озодлик: Ҳар бир одамнинг ўзи ишонган қадриятлари, қадриятлар тизими бўлади. Сиз бошқа юртга борганингиздан кейин сиз ишонган қадриятлар тизими ўзгардими ëки йўқми?

Холдор Вулқон: Барибир ўзимизнинг ватанимизга, халқимиз турмуш тарзига, унинг маънавий қадриятларига ҳеч қандай бошқа қадрият тенг келмас экан.

Озодлик: Ғарбнинг нимаси ëқмади?

Холдор Вулқон: Бу ерда қўни-қўшничилик, деган нарса йўқ экан. Мана, бизда тез-тез тўйлар бўлади. Одамлар бир-бирини тўйларга чақириб, топганини ўртада баҳам кўриб, йиғилиб туради. Бу ерда унақа эмас. Ҳамма ўзини ўйлаб яшайди. Кўчада кўринса, салом бериб қўяркан, шу билан бўлди.

Озодлик: Бу энди ëқмаган тарафлари. Ëққан тарафларичи?

Холдор Вулқон: Ëққан томони шуки, бу ерларда одамлар озод яшаркан. Милиция кўчада одамнинг йўлини тўсмас экан. Ҳужжат ҳам сўрамайди. Келганимиздан бери бирон-бир милиция келиб учрашганини билмайман. Торонто шаҳрида бемалол юраверамиз. Лекин буларда хавфсизликни ҳимоя қилиш бизникидан кам эмас. Биздан кўра яхшироқ. Ҳамма нарса одамнинг озодлигига қилинган. Ҳавас қиладиган томони шу бўлди.

Озодлик: Тингловчимиз Ғарбдаги ҳаëтга қизиқади. Айниқса, Ўзбекистондан кўчиб бориб қолганлар қанақа яшаëтган экан, қочқинлар қандай яшаëтган экан, деган савол бор ҳар доим тингловчида. Шароитлар қанақа?

Холдор Вулқон: Меҳнат қилсангиз, бу ерда меҳнатингизга яраша қадр-қимматингизни жойига қўйишади. Масалан, Ўзбекистонда одамлар меҳнат қилишади, лекин меҳнатига яраша қадр-қимматини топа олмайди. Натижада адолатсизлик пайдо бўлади. Одам ранжиб қолади. Бу ерда унақа эмас. Бу ерда энг муҳими ëлғон гапирилмайди, алданмайди. Ҳалол ишлашга биров мажбур ҳам қилмайди. Ўзингиз шунга ўрганиб қоларкансиз. Сизни биров алдамагандан кейин сиз ҳам алдамас экансиз. Ўзбекистондаги жуда кўп одамлар бир-бирини алдаб, ëлғон гапириш кўпайиб кетди. Шунинг учунми дейман, барака ҳам қочиб кетган. Яна Аллоҳ билади. Лекин мен ўзимча шуни ўйлаб қолдим. Бу ерда бировнинг ҳаққига биров хиëнат қилмас экан. Мана оддий нарса. Магазинга кириб бирон нарса оладиган бўлсангиз, бир чақангизга ҳам хиëнат қилишмайди. Банкларда ҳам шундай. Ишга кирсангиз, иш ҳаққингизни ўз вақтида беради. Пул олиб қолай ëки сизни қул қилиб ишлатай, деган нарсалар хаëлида ҳам бўлмас экан. Бизда худди шу нарса йўқолиб қолгандай. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда ҳаëт шунақа бўлиб қолдимикан, дейман. Ота-боболаримизга ўхшаб тўғри гапиришни йўлга қўйсак, Ислом динида кўрсатилган ëки ота-боболаримизни қадриятларидан келиб чиқиб улардаги ахлоқларга қайтсак, улар берган тарбияларни бола-чақаларимизга ўргатсак, ëлғон гапирмасанг, Аллоҳ сенга барака беради, деб тушунтира олсак, Ўзбекистонда ҳамма нарса гуллаб-яшнаб кетади. Мен шунга чиндан ишондим.

Озодлик: 2005 йил 13 майига қадар бўлган кунларга қайтиб қолсангиз, сўнгги 2 йил ичида босиб ўтган йўлингизни яна босиб ўтган бўлармидингиз? Ëки хорижга чиқиб кетмаслик учун 13 май воқеаларидан кейин индамай ўтирган бўлармидингиз?

Холдор Вулқон: Бу жуда оғир савол. Ватандан чиқиб кетай, қочқин бўлай, бола-чақам билан бир ëқларда сарсон бўлиб юрай, деб ҳеч ким орзу қилмайди. Мен ҳам ватанда юрсам бўларди. Шу пайтгача чиқиб кетмаганман. Менга бўлган ҳар қанча тазйиқлар, қийинчиликлар, хору зорликлар бўлса ҳам шуни бошимдан ўтказиб юравердим. Лекин охирги пайтда адолатсизлик менга нисбатан жуда ҳам кучайиб кетиб қолди. Андижон воқеаларидан сўнг мен қўлимга қурол ушламаган бўлсам ҳам, қон тўкмаган бўлсам ҳам, ë акрамийларга аралашмаган бўлсам ҳам инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтганим, халқнинг кўзини очиб қўйишим мумкинлиги, халқ менга эргашиши мумкинлиги учун мени атайлаб қувиб чиқаришди, шекилли. Менинг олдимга 11 йилга қамалиб кетасан, деб ҳужжат ташлаб қўйишди. Кейин мени огоҳлантиришди. Жуда ҳам кўп жафолар бўлди. Ватанни тарк этишга мажбур бўлдим. Юрагим эзилиб кетади. Мен ҳеч қачон ватанни тарк этмоқчи эмас эдим. Мен ўлсам ҳам шу ерда юришим керак эди. Лекин жаллодлар қўлида қуруқдан-қуруқ ўлиб кетишнинг нима кераги бор? Ундан кўра, бола-чақани олиб чиқиб кетишга мажбур бўлиб қолдим. Мен битта ўзимни айтмаяпман. Халқимиз бошқаларга маломат қилмасин. Бу бизга ҳавас эмас. Биз ҳеч қачон буни орзу қилмаганмиз, ҳавас қилмаганмиз. Биз халқимизга доим яхшилик қилишни ўйлаб келдик ва депутатлар қилмаган ишларни қилдик. Бу мақтаниш эмас. Одамларга сувлар олиб бориб бердик. Халқ буни билади. Халқ бизни дуо қилиб юрибди. Галстук тақиб олиб, парламентда ўтириб семириб юрган ўша депутатчалари қилмаган ишни бизнинг шоир-ëзувчилар қилди. Миллат, ватан мустақил бўлиши учун шулар хизмат қилди. Бугун булар ëмонга чиқиб, ўша мустақил бўлиш мумкин эмас, мустақиллик ëмон, деган одамлар мустақилликнинг меъморлари бўлиб ўтирибди. Бу адолатсизликларни ҳам халқимиз билиб қўйиши керак.

Шоирдан “Ўзбек дунёси” тингловчилари учун бир шеър ўқиб беришини сўрадик.

Куфр зиндонида дийдам қотиб кетди,
Надомат тийиғи бўғзимга ботиб кетди,
Ишонган дўстларим бир-бир сотиб кетди,
Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени, Аллоҳ.

Юкундим сен қолиб бою баëнларга,
Шифобахш бол сўраб бордим чаëнларга,
Қолиб сажжода, бош урдим қаëнларга,
Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени, Аллоҳ.

Имом, миршаб ҳисоб бермоқда итларга,
Ватан зиндон, элим ем бўлди битларга,
Қирилди эл, шиор ëзганча читларга,
Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени, Аллоҳ.

Хатарли йўл, туман турли қазолар бор,
Сақарнори, жаҳаннамда жазолар бор.
Мени ëв ҳайдаса ердан, фазолар бор,
Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени, Аллоҳ.

Итоат айладим сенга, қулингдурман,
Ўзинг не деб атарсан, мен шунингдурман,
Ғариб Вулқон - қафасманд булбулингдурман,
Ўзингдан бошқа дўстим йўқ мени Аллоҳ.
XS
SM
MD
LG