Линклар

“Дўстлар” президент сифатида сўнгги бор учрашади

  • Замира Шукур

Якшанба куни АҚШ ва Россиянинг амалдаги президентлари давлат раҳбари сифатидаги сўнгги ўзаро учрашувини ўтказади. Владимир Путин шу йил майда, Жорж Буш эса келаси йил январда президент лавозимини тарк этади.

Гарчи Буш ва Путин президентлиги даврида АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар мураккаблигича қолган бўлса-да, бу иккала раҳбар бир-бирини дўст, деб аташдан тўхтамади.

“Мен унинг кўзига тикилдим ва унинг жуда дангалчи ва ишончли одамлигига амин бўлдим. Мулоқотимиз жуда яхши ўтди. Мен унинг руҳига сал бўлса-да, назар ташлай олдим. Бу одам ўз ватани ва унинг манфаатлари учун хизмат қилишга қаттиқ берилган”.

Бу АҚШ президентининг В.Путин билан илк учрашувдан сўнг қилган машҳур баëноти. Аксар кузатувчилар томонидан гўл одамнинг гапи, деб баҳоланган бу баëнот, Вашингтон расмийлари таъкидича, АҚШ ва Россия муносабатларининг 300 йиллик тарихида мисли кўрилмаган дўстона муносабатлар муқаддимаси эди.

Ўзаро муносабатларнинг бундай расмий таърифига қарамай, Буш ва Путин президентлиги даврида Вашингтон ва Москва алоқалари Ироқ, Эрон, Косово, шунингдек, Россиядаги демократия вазияти боис, совуқ уруш даражасига яқинлашаëзди.

Бу масалалардаги кескин сиëсий тавофутга қарамай, Вашингтондаги Халқаро стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Сара Менделсон фикрича, Бушнинг Путинга дўстона муносабати ўзгаришсиз қолди.

“Путин мустақил, танқидий телеканалларни ëпиб, Россияда мустақил журналистлар йўқ қилингани сайин, мухолиф сиëсий партия ва ноҳукумат гуруҳларга нисбатан тазйиқларни кучайтиргани сари президент Буш стратегияси уни ўз оғушига қаттиқроқ тортишдек кўринди”,- дейди Сара Менделсон “Озодлик” билан суҳбатда.

Бу гап бежизга айтилмади. Зотан, Вашингтон ва Москва Россиядаги демократия вазиятининг ëмонлашуви, Оқ уйнинг Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими яратиш режаси устида бир-биридан кескин баëнотлар қилиб турган бир пайтда В.Путин Бушларнинг океан бўйидаги оилавий уйида меҳмон бўлди. Дунë раҳбарларидан бирортаси таклиф этилмаган бу масканда ўтган дилкаш суҳбатлар орадаги кескинликни бир оз юмшатгандек бўлди ҳам.

Ўтган октябрь ойида Португалияда бўлиб ўтган ЕИ саммитида В.Путин Ж.Бушнинг бундай меҳмоннавозлигига юқори баҳо бериб: “Мен АҚШ ва Россия ортиқ бир-бирига ғаним эмас, деяëтган президент Бушга тўлиқ қўшиламан. Биз шериклармиз. Менинг президент Буш билан шахсий муносабатларим орадаги муаммоларни текислашга ëрдам беради. Президент Буш мени дўстим, деб атагани каби менда ҳам уни шахсий дўстим, дейиш учун барча асослар бор”,- деган эди.

Бир-бирини дўст, деб атаëтган бу иккала сиëсатчи якшанба куни ўз давлатлари президенти сифатида сўнгги бор мулоқот ўтказади.

Хўш, бу учрашув ўзидан кейин мақтовга арзигулик мерос қолдиришга иштиëқманд Путин ва Бушдан қай бири учун кўпроқ аҳамиятли?

Стэндфорд университети ҳузуридаги Демократия, тараққиëт ва қонун устиворлиги маркази директори Майкл МакФаул Путин ва Буш дўстлигини баҳолашда тарихчиларнинг Бушга кескинроқ бўлажакини айтади.

“Бу муносабатлар тадрижи тарихчиларни ташвишга солмай қўймайди. Бунинг сабаби, муносабат қоидаларининг Буш маъмуриятидан ташқаридаги кимдир эмас, балки президент Бушнинг ўзи томонидан ўрнатилганидир. “Эркинликлар”, “демократия”, “озодлик” каби калималарни ўз қасамëдидан бошлаб мунтазам қўллаб келган Буш бўлади. Бу тушунчалардан энг йироқ дунë давлатларидан бири Россия бўлгани ҳолда Буш ўз баëнотларини далиллаш учун Россияда бирор иш қилмади”,- дейди М.МакФаул.
XS
SM
MD
LG