Линклар

НАТО саммити: Сиёсий жиҳатдан таҳликали йўналиш

  • Замира Шукур

НАТОнинг Бухарест саммитига таклиф этилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 3 апрель куни альянснинг Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши йиғинида қисқа маъруза ҳам қилди.

Ўзбекча айтганда, бир пиëла чой ëхуд тушлик устида бўлиб ўтган мазкур йиғин иштирокчиларига Ислом Каримов Ўзбекистон ва Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик доирасини белгилаб берди, айни пайтда қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиши лозим бўлган беш вазифа тарҳини чизиб берди.

Дунëдаги энг қудратли ҳарбий иттифоқнинг олий йиғинида И.Каримов ўзини бу иттифоқ, қолаверса, унга аъзо давлатлар учун ишончли шерик сифатида тақдим этишга уринди.

Ўзбекистон раҳбарининг НАТО саммитига таклиф этилиши ва унинг Бухарестда Ғарб давлатлари билан орада Андижондаги қонли воқеалар муносабати билан юзага чиққан зиддият бўлмаган каби чиқиш қилишини кузатаëтган мустақил таҳлилчилар Шарл де Голнинг машҳур гапини тилга олмоқда.

Сиëсатда доимий дўстлар эмас, балки доимий ўзгариб турувчи манфаатлар бор, деган эди Франциянинг машҳур президенти.

Бу гапни энди бугунги Ўзбекистон-НАТО муносабатлари контекстига ўгирайлик.

“Агар Ўзбекистонда Андижондаги каби Ғарб демократик қадриятларига мутлақ тескари бўлган инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари содир бўлса, НАТО ва Ғарб ўз манфаатидан келиб чиқиб, уни танқид қилади. Мабодо, инсон ҳуқуқлари бузилишидан кўра муҳимроқ ва долзарброқ воқеалар юзага чиқса, Ғарб ва НАТО уларга кўз юмиб, ўз манфаати учун фойдалироқ бўлган бу муаммолар ечимига киришади. Биз айни кунда ана шу иккинчи вазиятга гувоҳ бўлиб турибмиз”,- дейди Бухарест саммитини бевосита кузатаëтган хитойлик журналист Ли Чан.

Буюк Британиялик ҳарбий таҳлилчи Мэтю Климентс ҳам НАТОнинг ўз олий йиғинида Ислом Каримовга минбар бериши унга нисбатан муҳаббат ëки ҳурмат ифодаси эмас, балки зарурат ва манфаат омухтаси эканини айтади.

“Афтидан, Афғонистондаги 50 мингга яқин қўшин таъминотини қуруқлик орқали йўлга қўйишдек стратегик манфаат АҚШ ва НАТОнинг қолган давлатларини Каримов билан қайта гаплашишга ундаëтган кўринади. Гарчи бу йўналиш сиëсий жиҳатдан таҳликали бўлса-да, НАТО ва АҚШ учун хавфсизлик нуқтаи назаридан Покистоннинг шимолий-шарқидан ўтувчи йўналишга нисбатан анча бехатардир. Зотан, Покистон жангариларининг ушбу йўналишга ҳужумлари кейинги пайтда анча кўпайиб қолди”,- дейди “Жейнс” ахборот марказининг хавфсизлик бўйича таҳлилчиси М.Климентс.

Бухарестдаги чиқишида Ислом Каримов НАТО раҳбарларига Ўзбекистон қуруқлик, хусусан, Термиз-Ҳайратон темир йўли орқали ноҳарбий юкларни Афғонистонга етказиш бўйича келишувга тайëрлигини билдирди.

М.Климентс Каримов билан бундай келишув имзолашни сиëсий жиҳатдан таҳликали, деб айтди. Россиялик таҳлилчи Виталий Портников эса Каримов билан келишув умри қанча давом этиши қоронғу бўлса-да, бугун Ғарбда, хусусан, НАТОда танлаш имконининг ўзи йўқлигини таъкидлайди.

“Афсуски, сиëсат реал заминга асосланиши лозим ва Ғарб олдида бошқа Каримов ëхуд Ўзбекистоннинг бошқа президенти йўқ. Шу боис, улар сиëсий таваккалга бориб бўлса-да, у билан музокара қилиш ва келишувга эришишга мажбур”,- дейди кузатувчи.

Бухарестдаги чиқишида Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун НАТОга беш бўғиндан иборат маслаҳат берди.

Биринчидан, мамлакатдаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар ечимини топиши лозим, иккинчидан, НАТО кучлари Афғонистоннинг анъанавий диний ва миллий-маданий қадриятларига ҳурмат кўрсатиши, учинчидан, давлат ва жамият қурилишидаги ислоҳотлар босқичма-босқич ва давомли амалга оширилиши, тўртинчидан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда қўшни Покистон ҳукумати билан мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилиши ва ниҳоят, Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича 1997-2001 йилларда амал қилган 6+2 мулоқот гуруҳини 6+3 шаклида қайта тиклаш лозим.

Ўз умрини 2001 йили тугатган 6+2 гуруҳига Марказий Осиёнинг беш давлати ва Афғонистон қўшув АҚШ ва Россия кирган бўлса, Ислом Каримов унга НАТОни ҳам киритишни таклиф этди.

Мэтю Климентс бу тавсияларга муносабат билдирар экан, буни Каримовнинг Афғонистондаги муаммолар ечимида ўз сўзига эга бўлиш истаги билан изоҳлади.

“Менимча, МО давлатлари, хусусан, Ўзбекистон Афғонистонда ўз таъсир кучига эга бўлишни истамоқда. Каримов Афғонистондаги муаллақлик ўз манфаатига хизмат қилмаслигини англай бошлади. Аммо Афғонистондаги вазиятни ўзгартиш бобида Каримов ëки минтақанинг бошқа раҳбарлари қўлидан нима келади, буниси қоронғу”,- деди Мэтю Климентс.

Бухарестдаги чиқишида Ўзбекистон раҳбари ўзининг НАТО билан нафақат хавфсизлик, балки демократик янгиланиш, демократик ва фуқаровий тизимларни мустаҳкамлаш борасида ҳам яқиндан ҳамкорликка тайëрлигини таъкидлади. Бундай ҳамкорликни НАТО ва бошқа Ғарб тизимларининг Андижондаги қонли воқеалар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказиш талабини рад этиб келаëтган Ислом Каримовнинг ўзи илгари сурди.

Виталий Портников фикрича, Ислом Каримов ҳам, Ғарб етакчилари ҳам бу таклифнинг шунчаки сўз ўйини эканини яхши билади.

“Ўзбекистон президенти инсон ҳуқуқлари, демократик эркинликлар ҳақида баланд минбарлардан туриб гапиради, холос. Амалда эса Ўзбекистонда демократиянинг урвоғига ҳам тоқат қилмайди. Каримов ҳокимиятда қолар экан, бу сиёсат мутлақ ўзгармаслигини НАТОдагилар ҳам яхши тушунади. Ўзаро чиқишларга “инсон ҳуқуқлари” ва “демократия” калимасини қистириб ўтиш икки ўртада ўрнатилган ўйин қоидаларидан бири, холос”,- деди В.Портников.
XS
SM
MD
LG