Линклар

Ўзбекистон ва НАТО алоқалари тарихига бир назар

  • Садриддин Ашур

Мустақилликнинг ўтган 16 йилида Ўзбекистон ҳукумати НАТО билан яқин ҳамкор бўлишга ҳам, бу ҳамкорлик ришталарини батамом узиб ташлашга ҳам улгурди. Ниҳоят олти йиллик танаффусдан сўнг Ислом Каримов яна НАТО саммитида иштирок этди.

Ўзбекистон 1994 йилда НАТОнинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурига қўшилган эди. Ўшандан бошлаб бу дастур доирасида бир қанча қўшма машғулотлар ўтказилди, НАТО чегараларни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор техникавий ёрдам кўрсатди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2002 йилнинг 21 ноябрида Чехия пойтахти Прагада ўтган НАТО–Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши саммитида иштирок этишдан олдин берган интервьюсида бундай деган эди:

“Айни пайтда 19 мамлакат НАТО аъзосидир, Прага саммитида уларнинг сони ортиши кутилмоқда. Таъкидлаш керакки, вақт ўтиши билан дунёдаги вазият ҳам ўзгарган. “Совуқ уруш” сиёсатига якун ясалган. НАТО фаолиятида ҳам ўзгаришлар бўлган. Ҳозирги вақтда биз бу ташкилотни душман эмас, глобал хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкор сифатида қабул қиламиз. Мамлакатимиз 27 давлатни бирлаштирган Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши аъзоси бўлди. Ҳозир Ўзбекистон “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурининг фаол иштирокчиларидан ҳисобланади”.

2004 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Тошкентдаги йиғилиши арафасида НАТО иштирокида “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасида Фарғона водийсида ҳарбий машқлар ўтказилди. Машқлардан сўнг Ислом Каримов мамлакатга НАТОнинг минтақадаги асосий базаси мақоми берилишига келишиб олди. Ўзбекистон АҚШга Хонободдаги, Германияга эса Термиздаги базани берди.

2005 йилги Андижон воқеаларига қадар эса Ислом Каримов 28 январь куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишидаги нутқида: “Биз ЕХҲТ, Европа Иттифоқи ва НАТО каби Европа давлатлари билан демократия, бозор ислоҳотлари, мамлакатда ва бутун ҳудудда хавфсизликни ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз”,- деган эди.

Андижон воқеаларидан сўнг эса Ислом Каримов Ғарбдан ҳам, АҚШдан ҳам бутунлай юз ўгирди, АҚШнинг Хонободдаги базаси экологияга зарар келтиряпти, база атрофида яшайдиган одамларнинг оромини бузяпти, деган важлар билан ёпилди. Андижон воқеасидан сўнг Ислом Каримов Москвада Россия президенти Владимир Путин билан бўлган учрашувда энди бутунлай бошқа гапларни айтди.

“Биз НАТО аъзоси эмасмиз, нега унда НАТО ўз қарорларини бизга нисбатан қўлламоқчи? Демак, улар бизни альянс аъзоси бўлиш қизиқтирмоқда, деб ҳисобламоқдами? Биз Осиёда яшаймиз. НАТО эса Осиёга алоқаси бўлмаган тузилмадир. Лекин НАТО тиришқоқлик билан Осиёга яқинлашмоқда ва ўзининг Марказий Осиё ҳудудида иштирокини уюштирмоқда”,- деганди ўшанда Ўзбекистон президенти.

Шундан сўнг бир пайтлар Россияни “ёвузлик империяси”, деб айтган Ислом Каримов сиёсий ориентирни Россияга ва Хитойга қараб ўзгартирди. Бу пайтда у Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзолигини қайта тиклади.

Сиёсатшунослар фикрича, ЕИ санкциялари ва Ғарб билан мулоқот узилиб, Ўзбекистоннинг изоляцияга тушиб қолгани Ислом Каримовни ҳам, Ўзбекистон ҳукуматини ҳам чарчатди. Энди Ўзбекистон ҳукумати ўз ташқи сиёсатида ишончли ориентир изламоқда.
XS
SM
MD
LG