Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:43

К.Раббимов: “Санкция давлат ва давлат раҳбари обрўсига катта салбий таъсир қилди”


“Озодлик” Ислом Каримовнинг НАТО саммитидаги иштироки, Ўзбекистон энди ташқи сиёсатини қайси ўзанга қараб буриши, НАТО билан ҳамкорлик Ўзбекистонга нима бериши каби масалаларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрини ўрганди.

Озодлик: Андижон воқеаларидан сўнг Ислом Каримов Ғарб ва НАТОдан тамомила юз ўгирган эди. Уч йилдан сўнг унинг НАТО саммитида қатнашишини қандай баҳолайсиз?

Камолиддин Раббимов: Кейинги уч йил давомида Европа Иттифоқи томонидан Каримовга нисбатан санкциялар жорий қилинган эди. 2005 йилда бу санкциялар моҳияти унча тушуниб етилмади. Бу фақат виза ҳамда қурол-аслаҳа билан боғлиқ бўлади ва бизнинг манфаатларимизга тегинмайди, деган ëндашув мавжуд эди. Бу собиқ СССР таркибидан мустақил бўлган давлатлардан бирига биринчи марта жорий қилинаëтган санкция эди. Бу санкциянинг давлат ва давлат раҳбари обрўсига катта салбий таъсири бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукуматининг вазиятга бераëтган баҳоси анчагина ўзгариб борди ва айтиш мумкинки, Каримов изоляциядан чиқишга ҳаракат қиляпти. Каримовнинг НАТОда иштирок этиши дефакто, яъни изоляцияни анча бекор қиладиган ҳолат. Буни расмий Тошкентнинг муайян ғалабаси, дейиш мумкин. Лекин Андижон воқеалари барибир эсдан чиқмайди.

Озодлик: Бу мажбурийликми ëки сиëсий тактиками? Бу Россиянинг таъсиридан қутулиш учун кўрилаëтган бир чора бўлиши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда расмий Тошкент ташқи сиëсатни мутаносиблаштиришга эҳтиëж сезяпти. Бир томондан, Москва оғушидан тўйиниш ҳисси кучли. Иккинчи томондан, Ғарб ва АҚШ ўрнини дунëнинг бошқа давлатлари боса олмайди. Биламизки, Ўзбекистон амалдорларининг кўпчилиги Ғарбга талпинади. Уларнинг банк ҳисоб рақамлари Ғарбда. Шунинг учун улар Ғарб билан алоқаларни мўътадиллаштиришга ҳаракат қиляпти. Бу бир томондан босим. Чунки элитанинг маълум бир қисми Ғарб билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилади. Иккинчидан, Москвадан маълум бир масофага узоқлашиш.

Озодлик: НАТО саммитининг Ўзбекистон учун қандай аҳамияти бор?

Камолиддин Раббимов: НАТО 20-асрда ўзини энг қудратли ташкилот сифатида кўрсатди. Шу пайтгача олдига қўйилган вазифаларнинг барчасини аъло даражада бажарди. Совуқ урушни енгиб чиқди. Бу ғарбий либерал Европани ўз ичига қамраб оладиган ҳаддан ташқари кучли ҳарбий блокдир. НАТО билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг узоқ муддатли стратегик манфаатларига мос келади. Афғонистонда, умуман Ўрта Осиëда барқарорлик ўрнатилишида НАТОнинг ҳиссаси катта. НАТОга аъзо бўлиш ва унда фаолият кўрсатишнинг 6 та устивор шарти бор. Шулардан бири демократик қадриятларга амал қилиниши. Бу талаб НАТО ташкил топганидан анча кейин қўшилган эди. Бу тамойил НАТОга аъзо бўлган давлатларнинг сиëсатига жиддий таъсир қилади. Кейинги пайтда НАТОга авторитар давлатлар қабул қилинмаяпти. Бу давлатнинг ички ва ташқи сиëсатига катта таъсир кўрсатадиган омилдир.
XS
SM
MD
LG