Линклар

Пўлат Охунов яна паспортсиз қоладиган бўлди

  • Сарвар Усмон

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик суди “Бирлик халқ ҳаракати” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуновнинг Ўзбекистон Республикаси Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси устидан берган даъво аризасини кўриб чиқди ва уни қондирмаслик тўғрисида қарор чиқарди.

Суднинг мазкур иш юзасидан иккинчи ва сўнгги мажлиси 3 апрель куни бўлиб ўтди. Дастлабки мажлис ўтган ҳафтада бўлиб ўтган, унда жавобгар ташкилот вакили биронта ҳам саволга жўяли жавоб бера олмагани учун жараён давоми 3 апрелга белгиланганди.

П.Охунов Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармасини ўзининг фуқаролик паспортини бир йилдан буён янгилаб бермаётгани учун судга берган эди.

П.Охуновнинг “Озодлик”ка айтишича, 3 апрель кунги суд мажлисининг биринчи ярмида даъвогарнинг ҳақлигини тушунаётгани яққол сезилиб турган судья ва прокурорнинг кайфияти танаффусдан сўнг кескин ўзгариб қолди.

“Судья ва прокурор танаффусгача менинг барча талабларим ҳақлигини, мен келтирган далилларни қўллаб-қувватлаб, ХЧКФҚЭ бошқармаси вакилини сўроққа тутди. Агар менинг Ўзбекистон фуқароси эканим тан олинаётган, қонун бўйича паспорт берилиши шарт бўлса, нега талабим қондирилмаётганини сўрашди. Жавобгар томон вакили меники каби ҳолатга шу идорада ишлаётган 12 йили давомида биринчи марта дуч келаётганини айтди”,- дейди П.Охунов.

Шундан сўнг, дейди даъвогар, судья ҳукм чиқариш учун кириб кетди ва кутилмаганда менинг даъвоимни қондирмаслик тўғрисида қарор чиқарди.

Даъвогарнинг бу гапларини суд мажлисида холис кузатувчи сифатида иштирок этган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳам тасдиқлади.

“Ишнинг бошида судьянинг ҳам, прокурорнинг ҳам муносабати бошқача эди ва иккаласи ҳам Пўлат Охунов тарафида эди. Танаффус эълон қилингандан кейин улар ўзгариб қолди ва ҳеч қанақа қонунларга асосланмай, ерга қараб, даъвони рад этиш тўғрисида ажрим чиқарди”,- деди А.Ташанов.

П.Охунов сўзларига кўра, у бундай эврилишлар сабабини шу судда ишлайдиган бир йигитдан суриштирган. Йигит суд раисига президент девони ва Миллий хавфсизлик хизматидан бир неча марта телефон бўлганини айтган.

Энди суд қароридан норози бўлган Пўлат Охунов апелляция судига мурожаат қилмоқчи.

Яна бир гап. Пўлат Охуновнинг аризаси бўйича Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни қайд этиш бошқармаси устидан бошланган судловнинг биринчи мажлисидан сўнг Интернетда бир мақола пайдо бўлди.

Мазмуни бундай:

Гўёки Пўлат Охунов Ўзбекистон фуқароси эмас.

Гўёки Пўлат Охунов Швеция фуқароси.

Гўёки Пўлат Охунов Германиянинг ҳам фуқароси.

4 апрель куни Интернетда Пўлат Охунов бундай даъволарга жавобини эълон қилди ва унда айтилган гапларни бўҳтон, деб атади.

П.Охунов билан боғлиқ можарони яқиндан кузатиб келаётган Абударҳмон Ташанов вазиятни тушунтирар экан: “Ҳақиқатдан ҳам П.Охуновда Швеция паспорти бўлган. Швеция паспорти билан Ўзбекистонга 2003 йилда бир марта кирган. 2004 йилда ариза ëзиб, Швеция фуқаролигидан кечган. Ҳатто Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотномаси ҳам бор. Лекин унинг Европа Иттифоқи тузилмаларида ишлагани, унинг Германия фуқаролиги тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаммаси нотўғри. Чунки Пўлат Охунов ҳатто 10 кун ҳам Германияда яшаган эмас. У Германия фуқароси бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу жамоатчиликка Пўлат Охуновни ëмон қилиб кўрсатиш учун чиқарилган мақола”,- деди.

Хўш, Пўлат Охунов Ўзбекистон фуқаросими, фуқароси эмасми? Энг асосий, ҳал қилувчи савол мана шу.

“Ўзбекистон П.Охуновнинг фуқаролигини тан олмаëтгани йўқ. Ҳатто идоралар ҳам тан олмаëтгани йўқ. Масалан, Андижон вилояти ХЧКФҚЭ бўлими бошлиғи: “Сиз Ўзбекистон фуқаросисиз. Сиз Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилмагансиз”, деган жавоб хати ҳам берган. Унинг қўлида шу хат ҳам бор. Шунингдек, ХЧКФҚЭ бошқармасининг судда қатнашган вакили ҳам П.Охуновнинг Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилмаганини тан олди”,- дейди А.Ташанов.

Масала тарихига доир қисқа маълумот: Ўзбекистондаги сиёсий мухолифатнинг таниқли вакилларидан бири Пўлатжон Охунов 90-йилларнинг бошида сиёсий мотивлар билан қамалиб, бир неча йил ўтириб чиққанидан сўнг Ўзбекистонни тарк этган ва бир неча йилдан буён оиласи билан Швеция берган сиёсий бошпанада яшаб келаётган эди. Лекин у Ўзбекистон фуқаролигини сақлаб қолган ва паспортининг амал қилиш муҳлати якунига етаёзгани учун уни алмаштириш мақсадида 2007 йил бошида Ўзбекистонга келган.

Бундан қарийб 13 ой муқаддам П.Охунов муҳлати битган паспортини Ўзбекистон Республикаси Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик бошқармасининг Андижон вилояти бўлимига топширган. Ўшандан буён унга янги паспорт берилмаяпти. Шунинг учун П.Охунов на Ўзбекистоннинг ўзида эркин ҳаракатлана оляпти, на Швецияда қолган оиласи олдига бора оляпти.
XS
SM
MD
LG