Линклар

АҚШ Хорватиянинг НАТОга аъзолигини қўллаб-қувватлайди

  • Ҳасанжон

НАТОнинг Руминия пойтахти Бухарестда бўлиб ўтган саммитида Хорватия ва Албанияга ҳарбий блокка аъзо бўлиш ҳақида таклиф берилди. Саммитдан кейин Хорватияга ташриф буюрган АҚШ президенти Жорж Буш бу таклифни тўла қўллаб-қувватлашини билдирди.

АҚШ президенти Хорватияни НАТОга аъзо бўлиш учун таклиф этилгани билан қутлаб, пойтахт Загребнинг Авлиё Марк майдонига йиғилган минглаб хорватияликлар олдида қилган чиқишида: “Бундан буён халқингизга бирор хавф таҳдид соладиган бўлса, Америка ва НАТО сизни ҳимоя қилишга отланади. Эркингизни ҳеч ким сиздан тортиб ололмайди”, – деди.

Хорватия бош вазири Иво Санадер Хорватияни чин дилдан қўллаб-қувватлагани учун АҚШга миннатдорлик билдирди.

Греция Македониянинг номига қарши бўлгани учун Бухарест саммитида Македонияга НАТОга аъзо бўлиш учун таклиф берилмади. Загребдаги учрашувда Македония президенти Бранко Чрвенковский ва бош вазири Никола Груевский ҳам қатнашди.

АҚШ президенти Босния-Герцеговина ва Черногория ҳам НАТОга аъзо бўлиш учун ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади. Жорж Буш экстремизмга қарши курашга қўшган ҳиссаси учун Хорватия, Албания ва Македонияни олқишлади.

“Бу минтақа халқлари биргаликда таҳдидга қарши курашда ёрдам бермоқда. Ҳозирда Хорватия, Албания ва Македониянинг мард аскарлари Афғонистонда хизмат қилмоқда. Улар терроризм устидан ғалаба қозониб, ўз эркини қўлга киритишда Афғонистон халқига ёрдам бермоқда. Албания ва Македония кучлари Ироқда хизмат қилмоқда. Улар террор ёд бўлган жамият қуришда Ироқ халқига ёрдам бермоқда”, – деди АҚШ президенти.

5 апрель куни бўлиб ўтган музокара чоғида Жорж Буш ва Хорватия бош вазири Иво Санадер икки давлат ўртасида виза тартибини енгиллатиш ҳақида келишувга эришди.

Загребда Хорватия раҳбарлари билан сўзлашувлардан кейин АҚШ раҳбари Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиш учун Қора денгиз соҳилида жойлашган Сочи шаҳрига жўнаб кетди.
XS
SM
MD
LG