Линклар

Юсуф Жума устидан суд бошланиши кутиляпти

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон ҳукуматини шеърларида танқид қилган ва қарийб тўрт ойдан бери қамоқда сақланаётган ўзбек диссидент шоири Юсуф Жума ва унинг ўғли устидан ўтказиладиган суд жараёни 8 апрелда бошланиши кутиляпти.

Шоирнинг бу ҳақда “Озодлик”ка хабар берган умр йўлдоши, айни пайтда муҳожиратда яшаётган Гулнора Олтиева бундан бир мунча олдин гўёки адвокат хизматидан воз кечган Юсуф Жуманинг аҳволи жуда ёмон эканини айтмоқда.

Г.Олтиева сўзларига кўра, унинг эри ва ўғли Бобур гўёки адвокат хизматидан воз кечганидан кейин улар билан алоқа қилиш батамом узилиб қолган. Ўз номини ошкор этишни истамаган қамоқхона ходимларидан бири Юсуф Жума қаттиқ қийноқларга солинаётганини хабар қилган.

“Қоракўлнинг Отбозор қамоқхонасида хизмат қиладиган ва Юсуф акамнинг тарафдори бўлган милиция ходимлари бор. Улар яқинларимизга: ”Юсуф акага ëрдам берадиган яқинлари йўқми? У киши келгандан бери ҳаммага бериладиган саëҳатни беришмаяпти. 5 ойдан бери 2 мартагина юрак шифохонасига олиб чиқишди. Ўзини битта хонада сақлаб руҳий ва жисмоний қийноқ билан эзиб ташлашди. Ҳаттоки уни таниб бўлмайдиган даражага етказишди. Наҳотки ҳамма бепарво бўлса? Биз бунақа бўлишини кутмаган эдик”,- деб йиғлади. Шуни эшитганимизга ҳам қарийб 15 кун бўлди”,- дейди Г.Олтиева.

Ўтган йили Юсуф Жуманинг яна бир ўғли Машраб ҳам безориликда айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Г.Олтиева ҳозир икки ўғли ҳам қийноқларга солинаётгани ҳақида хабарлар борлигини айтди.

“Ўғилларимизнинг иккаласини битта хонага қамаб қийноққа соларкан. Акасини қўйиб укасини, укасини қўйиб акасини уришаркан. Уларга бир-бирининг олдида ҳам руҳан, ҳам жисмонан қийноқлар ўтказиб калтаклашар экан. Қоракўлдан яқинларимиз телефон қилди”,- деди Г.Олтиева.

Юсуф Жума ўз шеърларида амалдаги ҳукуматни танқид қилган, одамларнинг оғир ижтимоий турмуши ҳақида доим ОАВга интервью бериб келар эди. Ўтган йили президент сайловидан олдин ўз машинасида Қоракўл тумани бўйлаб юриб, амалдаги президентга қарши ташвиқот қилганди. Шундан сўнг Юсуф Жума ва унинг оиласи ҳукумат томонидан қаттиқ таъқибларга учради ва уйини тарк этишга мажбур бўлди.

Юсуф Жума ўтган йилнинг декабрь ойида Янгийўл туманида бир ўғли билан қамоқа олинди. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг конституциявий тузумга тажовуз қилиш, ҳақорат, ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш каби моддалари бўйича айбланмоқда. Хотини, уч фарзанди эса таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG