Линклар

logo-print

Реалполитик сиёсат ЕИ манфаатларини ҳимоя қила оладими?

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:rIQ7PqBpxT_z7M:http://www.delegy.ec.europa.eu/images/Eu_Img.jpg Европа Иттифоқи учлиги ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг чоршанба куни Ашхободда бўладиган учрашуви тузилманинг минтақага оид янги стратегияси қабул қилинганидан бери амалга оширилган ишларга баҳо бериш ва қилинажак ишларни муҳокама қилиб олишга бағишланади.

ЕИ делегацияси таркибида ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер, ЕИнинг амалдаги президенти Словения ташқи ишлар вазири Дмитрий Рупел ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел бор.

“Бу ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиясига оид йиллик учрашувдир. Яъни стартегия Европа Кенгаши томонидан маъқулланганидан бери амалга оширилган дастлабки қадамларга баҳо берамиз. Бундан ташқари, ЕИ ва Марказий Осиё давлатларининг минтақага оид ташаббусларининг биринчи тақдимоти ҳам Ашхободда ўтказилади. Албатта, минтақа хавфсизлиги, барқарорлиги, Афғонистон ва Эрон масалаларига оид асосий масалалар бўйича сиёсий муҳокамалар ҳам ушбу учрашувнинг кун тартибидан ўрин олган”,- деди Пьер Морел.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегияси ўтган йили иттифоққа Германия президентлик қилган даврда ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Марказий Осиё минтақасини яхлит бирлик сифатида кўрадиган ушбу стратегия кўплаб соҳалар, жумладан, демократия, инсон ҳуқуқлари, давлат бошқаруви ва энергетика каби соҳалардаги ҳамкорликни ўз ичига олган. Лекин аксарият кузатувчи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари реалполитик принципларга қурилган бу стратегияни демократия ва инсон ҳуқуқларини стратегик манфаатлар йўлида қурбон келтириш, дея танқид қилиб келади.

Уларнинг фикрича, ўз энергетика хавфсизлиги истиқболларини кафолатлашга уринаётган ЕИнинг Марказий Осиё табиий захираларига бўлган қизиқиши реалполитик стратегиянинг энг устивор мақсадидир.

Ашхобод йиғинидан аввал берган интервьюсида ЕИ ташқи алоқалар комиссари Бенита Ферреро-Валднер “Европа ва Марказий Осиё бир-бири учун ўта муҳим” эканини таъкидлади.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси, профессор Филлип Ҳансон Европанинг бу минтақага қизиқиши ошиб бораётганини тушуниш мумкинлигини билдирди.

“Менимча, Европанинг энергия воситалари масаласида битта манба, яъни Россияга тобеълиги ошиб бораётгани борасидаги хавотирларни тушунса бўлади. Албатта, ҳозирча Россия Европа газ эҳтиёжининг учдан биридан камроғини таъминлайди. Лекин ЕИнинг ўз энергия воситалари манбаларини кўпайтиришга қаратилган лойиҳалари, хусусан, европаликлар катта умид боғлаётган “Набукко” газ қувури лойиҳаси илгариламай тургани шароитида бу хавотирлар ошиши табиий”,- дейди минтақашунос профессор.

ЕИнинг Ўзбекистон билан муносабатлари янги стратегия доирасидаги ҳамкорликни қийинлаштираётган асосий муаммолардан бири, деса бўлади. Бунга Андижон воқеаларидан кейин расмий Тошкентга қарши жорий қилинган санкциялар сабабчидир. Бироқ Марказий Осиёни яхлит бирлик сифатида кўрадиган реалполитик стратегия бу қийинчиликни бартараф қиладиган кўринади.

Ашхободда ялпи мажлислардан ташқари ЕИ делегацияси ҳар бир вазир, хусусан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан ҳам юзма-юз гаплашиб олади. Албатта, бу учрашувда санкциялар масаласи, қолаверса, унга бевосита боғлиқ инсон ҳуқуқлари вазияти муҳокама қилинадими-йўқми, ҳозирча икки томон расмийлари бу ҳақда гапирмасликни маъқул кўрмоқда. Умуман, санкциялар мавзуси нафақат Ўзбекистон, балки уларни жорий қилган ЕИнинг ўзини ҳам шунчалик чарчатиб юбордики, Ашхобод йиғинидан бир-икки ҳафта ўтиб, Европа Кенгашнинг Брюсселда бўладиган навбатдаги саммитида жазо чоралари бекор қилиниши мумкинлигига ишора қилувчи муждалар пайдо бўла бошлади.

ЕИ комиссиясининг Марказий Осиё давлатлари бўйича мутасаддиси Гуннар Вайганднинг яқинда қилган баёноти ана шу муждалардан бири бўлди.

“Санкциялар Андижон воқеалари боис жорий қилинганини эсдан чиқармаслигимиз керак. Ҳозир эса санкциялар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари шароитига боғлиқ ҳолда кучда қолаётгани вазиятига рўбарў бўляпмиз. Бу эса, ўз навбатида, иккиюзламачилик сиёсатига оид саволларга сабаб бўляпти. Яъни нима учун минтақада инсон ҳуқуқларини поймол қилаётган бир давлатга қарши санкциялар жорий этиб, инсон ҳуқуқларини топтаётган бошқа давлатни жазоламайсиз, қабилидаги саволлар келиб чиқмоқда”,– деди Г.Вайганд.

Профессор Ф.Ҳансон Ўзбекистондек режимга нисбатан ўзига хос бундай реверанс реалполитик стратегиянинг ўзига хос кўриниши эканини айтди.

“ЕИ демкоратиядан жуда йироқ бўлган Ўзбекистондаги каби режимларга нисбатан мулозамат қилиши, албатта, кўпчиликни ҳайрон қолдириши табиий. Лекин бу ўша айтилаётган реалполитик стратегиядир. Европа ўзининг стратегик манфаатларидан келиб чиқиб, Марказий Осиёни қўлдан бой беришни истамайди. Лекин бу режимлар мустабид бўлгани каби ишончли ҳамкор ҳам бўла олмайди. Шунинг учун реалполитик сиёсат Марказий Осиё режимлари мисолида ЕИнинг манфаатларини қанчалик ҳимоя қила олиши ҳам кучли шубҳа остида”,- деди Филлип Ҳансон.
XS
SM
MD
LG