Линклар

Россия ва Хитой ҳам энди ҳизбчиларга кун бермайди

  • Замира Шукур

“Ҳизб ут-таҳрир” исломий ташкилотига қарши кенг кўламли кураш бошлаган Марказий Осиë давлатлари сафига Россия ва Хитой ҳам қўшилди. Улар бу ҳаракат ўзлари учун жуда хавфли эканини эътироф этмоқда.

7 апрель куни пайдо бўлган хабарларга қараганда, Хитой хавфсизлик идоралари Шинжон-Уйғур мухтор туманининг айрим шаҳарларида пайдо бўлган исломий варақалар ва режалаштирилган оммавий намойишларда “Ҳизб ут-таҳрир”ни айблаб, бу воқеалар муносабати билан ташкилотга аъзоликда гумонланганларни қўлга олиш амалиëтларини ўтказмоқда.

“Қатъий қарорлар қабул қилиб, бутун дунëда террорчилиги тан олинган ташкилот ва гуруҳларни ўз номи билан террорчи, деб эълон қилиш керак. Масалан, “Ҳизб ут-таҳрир”ни олайлик.Тасаввур қилинг, “Ҳизб ут-таҳрир”ни 16 араб давлати ноқонуний, деб эълон қилган. Аммо бизнинг қўшниларимиз улар фаолиятини легаллаштириш ҳақида баҳс этмоқда”.

Бу Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2004 йил сентябрда, асосан, Қирғизистон, Қозоғистон, қолаверса, Россияга аччиқ ва кесатиқ билан қилган баëноти эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Шоқосим Шоисломов бир йил ўтиб, Марказий Осиëда бўҳронларнинг олдини олишга бағишланган халқаро анжуман давомида бу баëнотни янада очиқроқ тарзда такрорлади:

“Диний экстремизмга қарши курашиш керак бўлса, “Ҳизб ут-таҳрир”дан бошлаш керак. “Ҳизб ут-таҳрир”га қарши курашишни биз ҳаммага таклиф қилганмиз, лекин кўраяпсиз, кўп давлатлар ҳозир “Ҳизб ут-таҳрир”га тўғри баҳо берган. Яна ўзини демократ, деб биладиган шунақа давлатлар борки, улар “Ҳизб ут-таҳрир”га эрк бериб қўйган”.

Ўзбекистон мулозими айтгандек, диний экстремизмга қарши курашнинг ўзбекча модели, яъни бу курашни “Ҳизб ут-таҳрир”дан бошлаш зарурати орадан 3-4 йил вақт ўтиб, Ўзбекистоннинг Хитой ва Россиядек улкан қўшнилари хавфсизлик идоралари кун тартибидаги бош масаладан бирига айланди.

Бир неча кун аввал Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Николай Патрушев “Ҳизб ут-таҳрир” ва Ўзбекистон исломий ҳаракати каби гуруҳлар ўз фаолиятини Россиянинг Уралбўйи минтақасига кўчираётгани ва бу Россия хавфсизлиги учун катта хатар экани ҳақида баëнот берди.

“ФХХ МОдан келаëтган янги таҳликани тақдим этди” сарлавҳали мақола муаллифи Ирина Бароган фикрича, Н.Патрушевнинг бундай баëноти Ислом Каримовнинг қатор халқаро ташкилотлар, биринчи галда эса Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг аксилтеррор тизимлари доирасида ўтказаëтган босими маҳсулидир.

“Албатта, Тошкент томонидан “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда гумон қилинганларни овлаб, ватанига жўнатиш И.Каримовнинг Ўзбекистон аъзо барча халқаро ташкилотлар олдига қўйиб келаëтган бирламчи шартидир. Шу боис, Н.Патрушевнинг “Ҳизб ут-таҳрир” ва ЎИҲ ҳақидаги баëнотини Россиянинг ўз ташаббуси маҳсули, дейиш қийин. Аммо Россия, табиийки, ютмаса ўйнамайдиган хилидан. Биринчидан, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши Россияни мутлақ қизиқтирмайди. Иккинчидан, инсон ҳуқуқларини бузиб бўлса-да, Каримов душманларини овлаш эвазига Россия Ўзбекистонда ўз сиëсий ва иқтисодий мавқеини кучайтириб олади”,- дейди Ирина Бароган.

“Ҳизб ут-таҳрир” гуруҳининг МОдаги фаолларидан бири Аюбхон Россия хавфсизлик хизмати раҳбарининг бундай баëнотини мутлақ асоссиз, деб баҳолайди.

“Ҳизб ут-таҳрир”нинг ҳеч қандай давлатга ва гуруҳларга хавфи йўқ. “Ҳизб ут-таҳрир” Россия бўладими, АҚШ бўладими, жамиятни ботқоқдан олиб чиқишни мақсад қилган. Россия халқи ҳам инсондай яшаши керак-да. Қачонгача ҳайвоний ҳолатда яшашади? У ерда хавф йўқ. У ерда ютуқ бор”,- дейди Аюбхон.

Ирина Бароган ҳам Россияда “Ҳизб ут-таҳрир”ни террорчи ташкилот, деб эълон қилиш учун ҳеч қандай асос йўқлиги, ҳозирга қадар, асосан, Россияга Каримов зулмидан қочиб келган бу ташкилот аъзоларининг бирор зўравонликка аралашганини кўрсатувчи асос-далил йўқлигини билдирди. Унинг фикрини ҳизбчи Аюбхон ҳам такрорлади.

“Менимча, “Ҳизб ут-таҳрир” фаолият кўрсатаëтганидан бери ўтган 50 йилдан ошиқ вақт давомида унинг аъзолари бирор ерни портлатгани ëки бошқа нарса қилгани йўқ. У бемаъни бирор нарса қилишдан сақланди. “Ҳизб ут-таҳрир” бор жойда ақлий, маънавий, сиëсий жиҳатдан ўсиш бўлади”,- деди Аюбхон.

Унда “Ҳизб ут-таҳрир” на Россия ва на МО жамиятлари учун бехатар бўлса, ундан нега борган сари кўпроқ ҳукуматлар чўчимоқда?

“Ҳизб ут-таҳрир”нинг иқтисодий, ижтимоий, таълим соҳасидаги мафкураси ҳозир дунëга жар солаëтганларнинг мафкурасидан кучлироқ. “Ҳизб ут-таҳрир” мафкуравий ҳаракат бўлгани учун ҳар қандай бошқа мафкуралар бундан қўрқади. Масалан, Россияда қурол-аслаҳа тиқилиб ëтибди. Улар қуролли гуруҳлардан қўрқмайди. Мафкура инсон онгига сингиб боради ва тўғрилиги учун рус бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, ҳамма ўзига қабул қилиб оляпти. Қабул қилмаëтгани йўқ”,- дейди Аюбхон.

Ирина Бароган эса Н.Патрушевнинг баëнотидан сўнг Россиядаги ҳизбчиларга қарши босим ва тазйиқлар, уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳолатлари янада кучайганини айтиб, бундан ëндашув оқибати ëмонлигидан огоҳлантиради.

“Албатта, ФХХ раҳбарининг бундай баëноти ва “Ҳизб ут-таҳрир”га нисбатан кучаяётган тазйиқлар бора-бора бу ташкилот аъзоларидан айримларини радикаллаштириб, уларни ҳозирга қадар ўйлаб кўрмаганлари зўравонликка қўл уришга ундаши мумкин. Бунинг оқибатлари ҳамма учун бирдек ëмон бўлади. Аммо ҳозирча ўз аксилтеррор бўлинмаларини иш билан таъминлаш ва МОнинг авторитар ҳукуматларидан сиëсий дивидентлар олиш қайғусида юрган Н.Патрушевнинг масаланинг стратегик оқибатлари ҳақида ўйлаб кўришга вақти ҳам, хоҳиши ҳам йўққа ўхшайди”,- деди И.Бароган.
XS
SM
MD
LG