Линклар

Раввин ўзига қўйилган айбловларни рад этди

  • Садриддин Ашур

Яҳудийлар Халқаро Любавик ҳаракатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Абе Довуд Гуревичнинг аккредитацияси бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни унинг ўзи рад этмоқда.

Бу ҳақдаги хабарни Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Press-uz.info” сайти тарқатган эди.

Сайтнинг Ўзбекистон Адлия вазирлигига таяниб ёзишича, Халқаро Любавик ҳаракатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Абе Довуд Гуревич маҳаллий қонунчиликни қўпол тарзда бузмоқда. Адлия вазирлиги аниқлаган камчиликларга кўра, Гуревичнинг юридик ва ваколатхона манзиллари бир-бирига тўғри келмайди. Ваколатхона бухгалтерия ҳисоботларида республика қонунчилигига мувофиқ пул маблағларининг сарфланишига оид кирим-чиқим қайдлари йўқ. Шунингдек, Абе Довуд Гуревич мутасадди идоралар ва маҳаллий яҳудий жамоалар билан келишмай, ўзини Ўзбекистон ва Марказий Осиё бош раввини, деб эълон қилган.

Гуревич эса “Озодлик” билан суҳбатда бу айбловларни инкор этди.

“Бу бизга худди куппа-кундуз куни янграган момақалдироқни эслатди. Тўғри, биз аккредитациянинг узайтирилишини кутяпмиз. Мен жума куни кечки пайт Ўзбекистон Адлия вазирлиги жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар бошқармаси бошлиғи Жалолбек Абдусатторов билан телефон орқали гаплашиб, шу масалани сўраган эдим. У бу масала ҳал қилиниш арафасида эканини айтди”,- деди Абе Довуд Гуревич.

Унинг сўзларига кўра, “Press-uz.info”да чиққан барча гаплар ғирт ёлғон. Ваколатхона ишида камчиликлар бўлган, лекин бу камчиликларнинг барчаси Адлия вазирлиги текширувидан сўнг тузатилган.

“Горизонт.ўз” сайтининг ёзишича эса Абе Довуд Гуревичнинг ўзбекистонлик яҳудийларга раввинлик қилишга маънавий ҳуқуқи йўқ. У хориждан келган ва хориждан келаётган маблағларни нохолис йўллар билан ўзлаштирмоқда ва маблағнинг бир қисмини хориждаги бошлиқларига юбормоқда.

“Бу сайтда эълон қилинган мақола муаллифи Садам Аламов, деган шахс оламда йўқ,- дейди Гуривеч. - Бу тўқима ном. Ким ёзганини ҳам биламан. Улар яҳудийлар бирлигини бўлиб юборишга ҳаракат қилмоқда. Мен Марказий банкдан пул оламан, уни сўмга айлантириб, жамоат эҳтиёжлари учун ишлатаман. Бу ерда яширин нарсанинг ўзи йўқ”.

Адлия вазирлиги вакили Жалолбек Абдусатторов, раввинга қарши маълумотлар унга тегишли бўлса-да, “Озодлик”ка бу ҳақда ҳеч нарса гапирмасликни маъқул кўрди.
XS
SM
MD
LG