Линклар

Бенита Ферреро-Валднер: “В.Норов билан учрашув санкциялар масаласига таъсир қилмайди”

  • Фаррух Юсуфий

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:bzmBcmlofiT4BM:http://novynar.img.com.ua/img/forall/a/106/22.jpg Европа Иттифоқи учлигининг чоршанба куни Ашхободда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан бошланган учрашуви доирасида тузилма вакиллари ҳар бир давлат вазирлари билан алоҳида музокаралар ўтказади.

Ашхобод учрашувларида ЕИнинг амалдаги раиси Словения ташқи ишлар вазири Дмитрий Рупел, Франция ташқи ишлар вазири Бернар Кушнер ва ЕИ ташқи алоқалар ва қўшничилик сиёсати комиссари Бенита Ферреро-Валднер иштирок этмоқда.

ЕИ ўтган йили эълон қилган Марказий Осиёга оид стратегия бу муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлади. Бу стратегия барча соҳаларни қамраб олиши айтилса-да, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, қолаверса, таҳлилчи ва кузатувчилар фикрича, Марказий Осиё минтақасининг энергия захираларидан баҳраманд бўлиш имконияти Европа учун устивор масаладир.

9 апрель куни учрашувлар бошланишидан аввал “Озодлик” мухбири ЕИ комиссари Бенита Ферреро-Валднер билан телефон орқали суҳбатлашди.

Бенита Ферреро-Валднер: Биринчидан, ЕИ ташқи ишлар вазирларидан иборат учлик марказий осиёлик ҳамкасблари билан сўнгги бир йил ичида учинчи марта учрашиб турганини қайд этиш лозим. Бу, албатта, иттифоқнинг Марказий Осиёга оид стратегияси қабул қилинганидан бери Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон билан алоқалар мустаҳкамланаётганини намойиш этади. Ҳамкорлик учун майдон кенгаймоқда ва муносабатларимиз тез суръатларда ривожланиб боряпти. Ашхободда биз таълим, қонун устиворлиги, иқтисод, савдо, энергия ва атроф-муҳит, шунингдек, чегаралар мустаҳкамлигини таъминлаш ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашиш каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича конкрет ва амалий чоралар ҳақида гаплашамиз. Бунинг учун Марказий Осиё давлатларига катта миқдорда молиявий ёрдам кўрсатиш қароримиздан хабарингиз бор, албатта.

Озодлик: Хўп десангиз, молиявий ёрдам масаласига бироз кейинроқ тўхталсак. Комиссар хоним, билишимизча, учлик ҳар бир вазир, жумладан, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан алоҳида музокаралар ўтказишни ният қилган. Айтингчи, В.Норов билан нималарни гаплашмоқчисиз?

Бенита Ферреро-Валднер: Вазир Владимир Норов билан учрашувда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи кўтарилади, албатта. Биласиз, инсон ҳуқуқлари бизнинг ташқи муносабатларимиздаги энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шунинг учун, хусусан, Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш бўйича қўшимча мажбуриятларни ўз зиммасига олишини истар эдик. Албатта, Марказий Осиё билан ЕИ ўртасида тарихий ва маданий фарқлар борлиги ҳамда демократия, қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳаларидаги ислоҳотлар маълум вақт талаб қилишини яхши тушунамиз. Лекин айни пайтда бу мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти аъзоларидир ва бу ташкилот принципларига амал қилиш мажбуриятини олган. Ўзбекистон биз учун минтақадаги муҳим давлатдир ва у билан яхши муносабатда бўлишни истаймиз.

Озодлик: Кейинги пайтларда Андижон воқеалари боис, расмий Тошкентга қарши жорий қилинган санкциялар мавзуси нафақат Ўзбекистон, балки Европани ҳам чарчартиб юборгандек туюляпти. Хусусан, Еврокомиссия мутасаддиларидан санкцияларни бекор қилиш вақти келди, қабилидаги муждалар бунинг исботидир. Сиз санкциялар масаласида қандай фикрдасиз?

Бенита Ферреро-Валднер: Ўтган йил октябрда Европа кенгаши Ўзбекистон билан олиб борилаётган инсон ҳуқуқларига оид мулоқотни рағбатлантириш мақсадида санкциялар, жумладан, расмийларга жорий қилинган виза чекловини вақтинча бекор қилишга рози бўлди. Бу қарор апрель ойининг охирида Европа кенгаши мажлисида қайта кўриб чиқилади. Қандай қарор чиқарилишини олдиндан айта олмайман, лекин бир нарсани айтишим мумкин, биз Ўзбекистон билан муносабат қилиш ва инсон ҳуқуқларига оид мулоқот бу муносабатларнинг бир қисми бўлишини истаймиз. Аслида Ўзбекистон биз инсон ҳуқуқлари мулоқотини ўрнатган минтақадаги биринчи давлатдир. Ўзбекистонда қатор ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқдан озод қилиниши ижобий қадамлардир ва бу бизни мулоқотни давом эттиришга ундайди, албатта.

Озодлик: Айтингчи, Норов билан Ашхободда бўладиган учрашув санкциялар муҳокамасига таъсир қиладими?

Бенита Ферреро-Валднер: Йўқ, аниқ айтишим мумкин, йўқ. Бизнингча, ўзаро муносабатлар Ўзбекистон каби инсон ҳуқуқлари масаласида ташвишли мамлакатларда ижобий ўзгаришларни рағбатлантириш учун имкон беради. Ашхобод муҳокамаларининг жуда қизиқарли бўлишини кутяпмиз ва Брюсселда ташқи ишлар вазирларининг умумий йиғинида масала хусусида бўлиб ўтадиган муҳокамаларнинг дебочаси бўлади.

Озодлик: Энди молиявий ёрдам масаласига қайтсак. ЕИ Марказий Осиёга келаси беш йил ичида 750 миллион евро миқдорида ёрдам ваъда қилган. Яқинда Халқаро валюта жамғармаси ва Тожикистон ҳукумати ўртасида рўй берган нохуш ҳодисадан хабарингиз бўлса керак. Тожикистон расмийларини грант олиш мақсадида ёлғон ахборот берганликда айблаган жамғарма қарийб 50 миллион АҚШ долларига тенг маблағни қайтаришни талаб қилди. Бу воқеа Тожикистон ёки минтақанинг бошқа давлатларига берилаётган молиявий ёрдам масаласида ҳушёр торттирадими?

Бенита Ферреро-Валднер: Биринчидан, биз тақдим этаётган молиявий ёрдамнинг сарфланиши устидан қаттиқ назорат тизими борлигини айтиб ўтишим лозим. Иккинчидан, кеча Тожикистонга қилган сафарим чоғида Халқаро валюта жамғармасига нотўғри ахборот берилганига оид муаммони президент, иқтисод ва ташқи ишлар вазирлари билан муҳокама қилдик. Тожикистон ҳукумати ҳозир бу воқеа юзасидан текширув ўтказилишини илтимос қилган. Ҳозирча бу борада изоҳ беришда эҳтиёт бўлишимиз лозим, лекин Тожикистон президентининг бу мушкул вазиятни ҳал этиш бўйича сиёсий иродаси самимий эканига аминман.

Озодлик: Сўнгги савол, ЕИнинг Марказий Осиёдан энергия воситаларини экспорт қилиш нияти бор, бу ниятлар самарали амалга оширилиши эҳтимоллари қандай, деб ўйлайсиз?

Бенита Ферреро-Валднер: Биринчидан, биз, яъни ЕИ энергетика манбалари ва транзит йўлларини кўпайтиришни муҳим ҳисоблайман. Мен ҳозиргина Туркманистон президенти билан учрашдим ва у энергия воситалари, хусусан газни Европага етказиб беришга тайёрлигини изҳор қилди. Албатта, кўп нарса бозор нархи, Туркманистон энергетика соҳасининг ривожи ва бошқа масалаларга боғлиқ. Лекин бошқа томондан Марказий Осиё биз учун энергия воситаларининг яна бир манбаси бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG