Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:49

Тақирбошлар қурбонларининг кўпчилиги ўзбеклар


Москва инсон ҳуқуқлари бюроси эксперти Семён Чарний ўзбеклар Россияда ҳалок бўлаётган миллат вакиллари орасида биринчи ўринда туриши, улар рус миллатчилари ва тақирбошлари қурбони бўлаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, Россияда ксенофобия, яъни ўзга миллатларга тоқатсизлик, тақирбошларнинг зулми кундан-кунга кучайиб бормоқда. Бу Россия юзланаётган ва ҳал этилиши қийин бўлган муаммога айланиб бормоқда.

“Албатта, бу Россия аҳолиси ва ҳукумати олдида турган жиддий муаммо. Аҳоли бир қисмининг ўзга миллатларга тоқатсизлиги бор. Ўтган йили Россияда ксенофобия замирида 250дан ортиқ жиноят содир қилинди. Бу ҳужумлар оқибатида 80 киши ҳалок бўлди ва 325 киши жабрланди”,- дейди “Озодлик” билан суҳбатда Семён Чарний.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, русларнинг ўзлари ҳам ксенофобиядан азият чекмоқда ва ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги руслардир. Яъни уларга фарқи йўқ, қарашларига қарши чиққан ҳар қандай миллат вакили ҳужумга учраши мумкин.

“Руслардан ташқари рўйхат бошида ўзбеклар туради. Кейин арманлар, тожиклар, озарбойжонлар, қирғизлар, лўлилар, корейслар, қабардинликлар кўп ҳалок бўлган”,- дейди Семён Чарний.


Москвада меҳнат қилаётган ўзбекистонлик Жўрабек тақирбошлар ва рус миллатчилари етказаётган азиятлар ҳақида гапириб: “Бу ерда фанатлар ва тақирбошлар кўп. Уларга ҳеч нарса керак эмас. Уларга сабаб бўлса бўлди. Одамнинг ранги қоралиги, рус тилини яхши билмаслиги сабаблардан баъзилари. Футбол бўладиган пайтларда фанатларга йўлиқиб қолишдан Худо сақласин. Улар кимсан, қаердансан, деб сўраб ҳам ўтирмайди. Ë ишга бораëтган, ë ишдан қайтаëтган вақтларга тўғри келиб қолади. Москванинг ўзида ҳам тоза руснинг ўзи кам. Ҳамма ëқни Чингисхон, Амир Темур лашкарларидек ўзбек, тожик, қирғизлар босиб қолган”,- деди.


Москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг билдиришича, аслида Россия ҳукумати вакиллари ксенофобиянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳақида жуда кўп ва хўб гапиради. Лекин амалда ҳеч қандай иш қилинмайди.

“Бунинг сабабини икки ҳолат билан изоҳлаш мумкин,- дейди Баҳром Ҳамроев. – Биринчиси, Россия ҳукумати аъзоларининг жуда кўпчилиги буни хоҳламайди. Агар давлат раҳбарлари сиëсатларини тўғрилаганда бунга қарши чиқиб, буни тўхтатиш мумкин. Лекин аслида Россия жамиятида демократик кучлар давлат бошқарувидан четлатилган”.

Унинг таъкидлашича, иккинчидан, Россия ҳукуматида бундай кучларни қўллаб-қувватловчи раҳбарлар борлиги ҳам ксенофобияга қарши кураш фойдасиз эканидан далолат беради.
XS
SM
MD
LG