Линклар

logo-print

Юсуф Жума устидан суд 14 апрелга қолдирилди

  • Сарвар Усмон

8 апрель куни Бухоро вилояти жиноят ишлари судида таниқли ўзбек шоири Юсуф Жума ва ўғли Бобур устидан судлов бошланди. Улар Жиноят кодексининг 3 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Судда Жумаевлар манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, Юсуф Жуманинг иш материаллари билан танишмагани, айблов хулосасини олмагани учун иш кўрилиши 14 апрелга қолдирилган.

Демак, келаси душанба куни бўлади суднинг навбатдаги мажлиси.

Юсуф Жума ва ўғли Бобур Жиноят кодексининг 105, 140, 119-моддалари бўйича, яъни ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш, унга тан жароҳати етказиш ва қаршилик кўрсатишда айбланмоқда.

“Агар шу айбловлар судда исботланса, ота-бола Жумаевларга 3 йилдан 5 йилгача жазо тайинланиши мумкин. Озодликдан маҳрум қилишади, албатта”,- деди Руҳиддин Комилов.

Бироқ маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари фикрича, Жумаевлар устидан бошланган судлов ортида сиёсий сабаблар ётибди.

Бўлса бордир.

Бироқ ота-бола Жумаевлар қўлга олинган кун – 2007 йилнинг 10 декабригача бўлган воқеалар, яъни уларнинг қўлга олиниши билан ниҳоясига етган воқеаларнинг сиёсийлиги аниқ эди.

Шоирнинг яна бир ўғли, отаси қамалганидан сўнг Ўзбекистондан қочиб чиқиб, хориждан сиёсий бошпана сўраган Алишер эслайди:

“2007 йилнинг 4 октябрида Ўзбекистон либерал демократик партияси Ислом Каримов номзодини 3 марта президентликка кўрсатгандан кейин 5 октябрь куни дадам уни Жиноят кодексини 159-моддаси, яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва 155-модда - терроризм билан айблаб судга берди”.

Алишер айтаëтган суднинг бўлмаганини айтиш шарт эмасдир.

Ўша куннинг эртаси, 2007 йилнинг 5 октябридан Жумаевлар оиласи сурункали пикетларни бошлаб юборди. Бу пикетда фақатгина “Диктатор Каримов, истеъфо бер. Кет”, деган биттагина талаб бор эди.

Мана шу талаб илгари сурилган пикетлардан яна бири бундан 4 ой олдин, 10 декабрь куни ўтказилган эди.

“Ўша кунги пикетда дадам ва икки укам пикетларимизнинг давоми сифатида кўча юриши уюштирган. Кейин Қоракўл тумани деҳқон бозоридаги Қоракўл аҳли солиқ инспекцияси, ИИБ, МХХ ходимларининг иштирокида тузилган рейдга норозилик билдириб: “Биз Юсуф Жумаевга қўшиламиз”, деб булар томонга юра бошлаган. Кейин улар калтакланган. Ҳатто боши ëрилганлар ҳам бўлган”,- деб эслайди Алишер Жумаев.

Шундан сўнг шоир Юсуф Жума ва унинг ўғли Бобур милиция ходимига ҳужум қилишда айбланиб, қўлга олинади. Ўшандан буён Жумаевлар оиласи учга бўлиниб кетди.

“7 январда Ўзбекистондан чиқиб кетиб, Қозоғистонга ўтганмиз ва шундан бери Қозоғистонда яшаяпмиз. Онам ва иккита укам мен билан бирга. Онамга ҳам Жиноят кодексининг 159-моддаси 1-қисми билан жиноят иши очилган”,- дейди Алишер.

Бу оиланинг бир қисми. Оила бошлиғи ва бир ўғил судланяпти. Жумаевларнинг яна бири – 2007 йилнинг кузида қамалган Машраб шу кунда Қаршидаги колонияда. У Алишердан кичиги.

Алишернинг билдиришича, укаси қамоққа олинишидан олдин 73 килограмм эди. Ҳозир 35 килограммга тушиб қолган.

“Буни амаким ўз кўзи билан кўриб келди. Амаким унинг аҳволи оғирлигини айтди. У ўлим чангалида”,- деди Алишер.

Бу маълумотларни ё тасдиқлайдиган, ёки инкор этадиган расмий топилмади. Қолаверса, Юсуф Жума масаласи бўйича расмий Тошкентнинг позицияси аниқ. Ҳибсга олинганидан сўнг Ўзбекистон телевидениеси орқали махсус кўрсатув намойиш қилинган, унда шоир халқ душманидан олиб, ватан хоинига солинган эди.
XS
SM
MD
LG