Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:31

Алишернинг номи абадийлаштирилди


Қирғизистонлик марҳум журналист Алишер Соипов исми Вашингтондаги журналистика музейи деворига ўйиб ëзилди. Ўз касбини бажара туриб ҳаëтидан айрилган дунëдаги 1843 журналист қаторида бундан 166 кун муқаддам Ўшда отиб кетилган А.Соипов ҳам ëдга олинди.

Журналист номини абадийлаштиришга бағишланган тадбирда Қирғизистоннинг АҚШдаги элчиси Замира Сиддиқова ва Алишер Соиповнинг яқин дўсти Элмурод Қосимов иштирок этди. Тадбирга Алишернинг яқинлари ҳам таклиф қилинган эди, аммо улар техник сабабларга кўра маросимга етиб келмади.

Алишернинг отаси Аваз ака ўғли хотирасига кўрсатилаëтган эҳтиромдан масъуд эканини билдирди.

“Алишерни шунчалик қадрлашиб, шунчалик абадийлаштирганига раҳмат. Биз бора олмадик. Қизи бир ëшга кирсин, деган сабаб туфайли бора олмадик. Энди бир боришга ҳаракат қиламиз. Исмини Алишер Навоийдек таниқли бўлсин, деб бобоси қўйган эди. Энди нима қиламиз, охирати обод бўлсин... У журналист бўлмоқчи эканини айтганида ҳаммамиз хурсанд бўлганмиз. Ўз иқтидори, билими билан шу даражага етди. Биз пинҳона ичимиздан хурсанд бўлиб юрардик, мақтанмас эдик. Аллоҳга минг марта шукур, ўз касбига, бошқаларга хиëнат қилмади. Энг аввало, бизнинг бошимизни эгиб кетмади. Шунисига минг марта шукур қиламиз”,- дейди Аваз ака.

Алишернинг номини абадийлаштириш тадбирида иштирок этган “Америка овози” мухбири Одил Рўзалиев Вашингтонда очилган NEWSEUM ахборот музейи деворига ўз касбини бажараëтиб ўлдирилган 1843 журналист қаторида А.Соиповнинг ҳам сурати ва исми-шарифи ëзилганини билдирди.

Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфилов сўзларига кўра, Алишер бундай шарафга лойиқ журналист эди.

“Марказий Осиëдаги вазият ҳақида дунëга хабар етказа олган, Ўзбекистондаги қабристон сукунатини бузишга журъат қилган катта калибрдаги журналист эди Алишер Соипов”,- дейди Олег Панфилов.

Алишер отиб ўлдирилишидан ярим соат олдин у билан учрашган журналист Шоҳида Ëқуб назарида марҳум журналист ўзбек халқининг қаҳрамони.

“Алишер ўзбек халқи, миллати учун энг катта дўст ва ҳақиқий ўзбек эди. Халқни севарди. Халқ учун ҳамма нарса қиларди”,- деди Шоҳида Ёқуб.

Мухолифат вакили Муҳаммад Солиҳ назарида Алишер ўлимининг резонанси расмий Тошкент учун ҳам кутилмаган бўлиб қолмоқда.

“Алишер ўлимининг бу қадар резонанс бўлишини, дунëда бу қадар акс-садо беришини Каримов кутмаган эди”,- дейди М.Солиҳ.

Бир вақтлар шоир Абдулла Ориповнинг “Қонли кўйлак”, деган шеъри бўлар эди. “Бер онажон, бер акамнинг кўйлагини қўлимга” мисралари билан бошланувчи бу шеърда шаҳид кетган жасур ака йўлидан боришни истаган ука орзулари акс этган.

Алишернинг укаси Музаффар акаси билан фахрланади. Унинг назарида Алишер тасодиф қурбони бўлмади. У эркин сўз учун курашди ва эркин сўз қурбонлари номи ëзилган хотира деворидан ўрин олди.

Чақмоқдек ёндингу, чақмоқдек ўчдинг,
Борлиқ қолиб нега йўқликка кўчдинг?!
Ўлим ҳам бўларми шунча фараҳли
Ҳаёт ҳам бўларми шунча шарафли?
XS
SM
MD
LG