Линклар

Ижтимоий портлаш арафасидаги сукут


Озиқ-овқат кризиси Марказий Осиёда ижтимоий вазиятни таранглаштириши мумкин. Москвада чиқадиган “Независимая газета” нашри экспертлари ана шундай хулосага келган.

Қозоғистон бош вазири Карим Масимов ҳукумат йиғилишида ғалла экспорти учун қўшимча солиқлар солиш ёки ғалла экспортини бутунлай тўхтатиш тўғрисида кўрсатма берди. Таҳлилчилар бу озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кўтарилиши билан боғлиқлигини айтмоқда.

Мутахассислар фикрича, нархлар кўтарилиши инфляцияга сабаб бўлган ва бугунги кунда минтақа давлатларидаги инфляция даражаси 15-16 фоизга етган.

Қозоғистон томонидан ғалла маҳсулотлари экспортига чеклов қўйилиши Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам озиқ-овқат нархлари кўтарилишига омил яратиши мумкинлиги айтилмоқда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда нархлар аллақачон 20-25 фоиз юқорилаб улгурган. Транспорт ва нон нархи 25 фоиз, газ нархи қарийб 22 фоиз кўтарилган. 10 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда электр энергияси ва сув нархи ҳам кўтарилиши кутилмоқда.

“Маошлар кўтарилиши тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ, нарх- навонинг юқорилаши анъанага айланиб қолган. Одатда маошлар ойнинг биринчи кунидан бошлаб кўтарилади. Демак, аҳоли фармон чиққан кундан бошлаб то ойлиги қўлга теккунича бўлган муддатда жуда қийналади. Ҳатто ойлик кўтарилармиш, деган хабарни эшитиб, одамларнинг юраги сиқиладиган бўлиб қолган”,- дейди фарғоналик Абдусалом Эргашев.

Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда ҳозирча нархлар кўтарилгани йўқ. Бироқ бу давлатлар ҳукуматлари аҳолини нарх ошиши мумкинлигидан огоҳлантира бошлади.

Москвалик таҳлилчи Санобар Шерматованинг билдиришича, озиқ-овқат нархи кўтарилиши минтақадаги қашшоқлар сони кўпайишига туртки бўлади. Бундан эса турли норозиликлар келиб чиқади.

“Норозиликлар миллий характерга мос равишда турли кўринишда бўлади. Масалан, қирғизлар очиқ намойишларга чиқиши мумкин. Ўзбекистонда эса бу норозилик яширин характерга эга бўлгани учун ҳам ўта хафлидир. Бу катта ижтимоий портлаш арафасидаги сукут бўлади”,- деди С.Шерматова.

Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Омонгелди Муралиев таъкидича, минтақа давлатлари бу ижтимоий портлашнинг олдини олиш учун жиддий тадбирларни ишлаб чиқиши зарур бўлади.

“Биринчидан, давлат тузилмаларига сарфланадиган харажатларни кескин қисқартирмоқ зарур. Иккинчидан, тежалган харажатларни қашшоқларга ижтимоий ёрдам кўрсатишга сарфлаш зарур. Бозор муносабатларига мутлақо маъмурий авторитар тарзда аралашиб бўлмайди. Бозор нархларини назоратга олишга интилиш вазиятни янада ёмонлаштиради ва озиқ-овқат етишмовчилигини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳукуматлар ижтимоий сиёсатни кучайтирмоғи зарур”,- деди О.Муралиев.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати нархларни маъмурий йўл билан чеклашга ҳаракат қилаётгани тўғрисида ҳам маълумотлар бор.

“Масалан, Ўзбекистон ҳукумати бозорда 3700-4200 сўмдан сотилаётган ўсимлик мойини 1750 сўмга тушириш тўғрисида қарор қабул қилган”,- деб ёзади “Независимая газета”.

Бу борада фикр билдирган Санобар Шерматова: “Ҳукумат нарх кўтарилиши хафли эканини тушунади. Шунинг учун норозиликлар олдини олиш мақсадида нархларни маъмурий йўл билан ушлаб туришга, аҳолига талон-карточка тизими билан арзон маҳсулотларни етказиб беришга ҳаракат қилмоқда. Лекин бу йўл билан мақсадга етишиб бўлмайди. Нарх ва аҳоли даромадлари ўртасидаги тафовутни йўқотиш учун, энг аввало, иқтисодий сиёсатни демократлаштириш зарур”,- деди.
XS
SM
MD
LG