Линклар

Чекишга қарши қонун қабул қилинди


“Press-uz.info” сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги президент Ислом Каримов имзолаган қонунга кўра, мамлакатда жамоат жойларида чекиш тақиқланади.

Сайтнинг келтиришича, яқин ва узоққа қатновчи поездлар, дарё кемалари, шаҳар атрофида қатновчи поездлар вагонлари ва тамбурлари, шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда қатновчи автобуслар, шунингдек, такси, йўналишли такси ва шаҳар электр транспортида чекиш энг кам иш ҳақининг 20дан бир қисми миқдорида жарима билан жазоланади. Ҳаво транспортида чекиш эса энг кам иш ҳақининг 2 баробари миқдорида жарима билан жазоланади.

Мавзу юзасидан маълумот. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда минимал иш ҳақи 20 минг 865 сўмни ташкил қилмоқда.

Оддий ўзбекистонликлар бу қонун ҳам бошқалари каби ишламаслиги, ишлаганда ҳам фақат майда-чуйда сотиб кун кўрадиган маҳаллий тадбиркорларга зиён етказишини айтмоқда.

“Битта кичкина маҳалла бўлса, ўша ерда 10 та дўконча бор. Уйдан очиб олишган, ҳамма сигарет сотади. Шу билан рўзғор боқади. Уларга зарар етади. Қолаверса, одамларни бу йўл билан чекишдан қайтариш мушкул”,- дейди жиззахлик Нортожи опа.

Тошкентдаги тамаки маҳсулотлари дўкони эгаси Азамат ҳам қонун кучга киргач, ўзининг бизнесига ёмон бўлишини билдирди.

“Талаб кам бўлади. Талаб кам бўлса, биз Қозоғистондан сигарет ололмаймиз, пул кам бўлади”,- дейди Азамат.

Тошкентлик Муҳаббат опа эса мазкур қонуннинг тез кунларда амал қилишига шубҳа билдирди.

“Ўзбекистонда бу дарров таъсир қилиши жуда қийин. Чунки одамлар кўп йилдан бери ўрганганми, бирданига чекишни ташлаши қийин бўлади. Балки секин-секин одамлар ўрганиб борар, лекин ҳозирги кунда бунга риоя этилмайди”,- дейди суҳбатдош.

Ўзбекистонлик яна бир суҳбатдош аслида Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқаролари соғлиғини ўйлаб, жамоат жойларида чекишни маън қилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади, бироқ бу қонуннинг тўлиқ амал қилишига шубҳа билдирди.
XS
SM
MD
LG