Линклар

Сув жанжалига қараб кетмоқда

  • Гулнора Равшан

Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг 2007 йил октябрда Душанбеда бўлиб ўтган саммитида тақдим қилинган Марказий Осиё дарё сувларидан фойдаланиш тўғрисидаги концепция ҳали ҳам имзолангани йўқ.

Ушбу концепция Ўзбекистонга маъқул тушмагани учун у холис экспертларга қайта ишлаш учун тақдим этилганди. Бироқ орадан олти ой ўтганига қарамай, хорижий экспертлар унинг янги шаклини ишлаб бергани йўқ.

Тожикистон Сув ва мелиорация вазирлиги вакили Яраш Пўлатовнинг билдиришича, Сирдарё ва Амударё суви минтақа давлатлари ўртасида 1984 йилда ишлаб чиқилган схемага асосан тақсимланади.

“Осиё тараққиёт банки таклифига кўра, давлатлараро имзоланиши кўзланган шартнома лойиҳаси ҳам ўша схемага асосланган. Унда минтақа сув захираларининг 46 фоизи Ўзбекистонга, 44 фоизи Қозоғистонга, қолган қисми Тожикистон билан Қирғизистонга тегишлидир Аммо бу икки давлат янги концепцияда эски схемага рози бўлмаётир”,- деди Яраш Пўлатов.

Унинг таъкидлашича, ўзбекларнинг норозилигида асос бор. Чунки экин- текин мавсуми бошланиши билан Ўзбекистонда сувга эҳтиёж янада ортади ва эски схема бўйича ажратилган оз миқдордаги сув эҳтиёж учун етмайди.

Яраш Пўлатов концепция имзоланмай қолаётганига яна бир сабаб Тожикистон ва Қирғизистонда қурилажак гидроэнергетика иншоотлари дарёнинг қуйи оқимидаги давлатлар - Ўзбекистон ва Қозоғистон розилигисиз қурилмаслиги зарур, деган талабга боғлиқ эканини билдирди.

Яъни ГЭС ва сув омборлари қуришда тожиклар ва қирғизлар ўзбеклар ва қозоқлар розилигини олмоқчи эмас. Улар фақат бу тўғрида қўшниларини огоҳлантириб қўйиш билан чекланмоқчи. Аммо дарёнинг қуйи оқимидаги давлатлар раҳбарлари бунга кўнмаётир.

Тожикистон ҳукумати масъуллари ҳам сув захираларидан фойдаланиш ва сув омборлари қуриш йўлидаги ҳамкорлик масаласида қўшнилар билан ўтказилган музокаралар ҳеч қандай натижа бермаётганини таъкидламоқда.

“На Қозоғистон ва на Ўзбекистон суғориш мавсумида ўзларига зарур бўладиган сувни йиғиш ишларига ҳисса қўшишни истамайди. Шунинг учун ҳам сув захиралари ва ундан унумли фойдаланиш муаммоси ҳамон сақланиб қолмоқда”,- деди Тожикистон сув ва мелиорация вазири Саид Ёқубзод.

Таҳлилчилар эса Марказий Осиё дарёлар сувига оид концепция имзоланиши жараёни чўзилаётгани сабабли Тожикистон ва Қирғизистон келишган ҳолда мавжуд муаммони бир томонлама, яъни Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокисиз ҳал қилиши зарурлигини билдирмоқда.

Уларнинг таъкидича, Тожикистон сув омборларини ўз кучи билан қуриши ва мавжуд омборларни лойқадан тозалаши зарур.

“Албатта, бу қимматга тушади. Бироқ бу ишимиз бошқаларга ибрат ҳам бўлади. Ташқаридан кузатиб турганлар эса бизнинг ўз мақсадларимизда устиворлигимизни уқиб, минтақа давлатлари ўртасида сув захираларини тўғри тақсимлаш ташаббусига ҳисса қўшади, деган умиддаман”,- деди мустақил таҳлилчи Ашурбой Имомов.

Кўпгина таҳлилчилар Марказий Осиё дарё сувларидан фойдаланиш ва етарли сув захираларини тўплаш мақсадида сув омборлари қуриш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини ҳал этиш учун минтақа давлатлари раҳбарларининг музокара столига ўтириш вақти етганини таъкидламоқда. Акс ҳолда сув муаммоси минтақада катта жанжалга сабаб бўлиши табиий эканини айтмоқда улар.
XS
SM
MD
LG