Линклар

logo-print

Шоирнинг руҳи тутқунликни тан олмайди

  • Садриддин Ашур

Юсуф Жума ўғли билан пахтазорда.

Юсуф Жума ўғли билан пахтазорда.

“Озодлик”даги адабиёт радиожурналининг бу галги сони исёнкор ўзбек шоири, айни пайтда икки ўғли билан бирга ҳибсда сақланаётган Юсуф Жума шеърияти ҳақида бўлади.

У бир неча йилдан буён амалдаги ҳукуматга қарши оила аъзолари билан бирга исён қилиб келади. Ўзбекистонда ўтаётган ҳар бир жараён шоир изтироблари билан йўғрилиб, оқ қоғозга тушади. Бу шеърлар мамлакат доирасидан чиқиб бутун дунёга ёйилди.

Қора халқнинг йўқдир нони,
Боласининг шакари йўқ.
Афсус, бундан юрт султони
Каримовнинг хабари йўқ.

Тўралари нафсга навкар,
Ҳақ деган бир навкари йўқ.
Шоҳга қийин, шоҳ бехабар
Каримовнинг хабари йўқ.

Бу тупроқнинг ўт олмаган,
Бир қишлоқ, бир шаҳари йўқ.
Бир курси йўқ ит олмаган,
Каримовнинг хабари йўқ.

Наҳот тутмас улус тузи,
Наҳот кўкнинг сарвари йўқ?
Шоҳ шоҳликка сайлар ўзин,
Каримовнинг хабари йўқ.

Эртакларни ўқинг такрор,
Мустабиддай аждари йўқ.
Андижонни ëқди тождор,
Каримовнинг хабари йўқ.

Зулм комрон, ҳурлик нотом,
Кўкда юртдек саҳари йўқ.
Элга қирғин солди Ислом,
Каримовнинг хабари йўқ.

Ўтган йилнинг охирида қамоққа олинган Юсуф Жума ҳукумат мансабдорларини ҳакорат қилганлик ва ҳукумат вакилларига қаршилик кўрсатганликда айбланмоқда. 8 апрель куни шоир ва ўғли устидан суд жараёни бошланди.

Хўш, шоир ёзган қайси шеърлар расмийлар жиғига тегди? Нега шоир унга келаётган хавфни билиб турса ҳам ўз шаштидан қайтмади, исёнда давом этди? Нега шоир ўз оила аъзолари ҳаётини ҳам хавф остига қўйди? Бу ҳақда унинг дўстлари, адабиётшунослар ва оила аъзолари нима демоқда?

“Юсуф Жума ўзбек адабиëтида ҳали ҳам тоталитар режимга қарши ўз имконлари остида курашаëтган энг нодир ва кам сонли шоирларнинг биттаси. Ҳатто у қамалгандан кейин ундай бир шоир Ўзбекистонда қолмади, деса ҳам бўлади. Юсуф Жумани мен шоир сифатида 20 йилдан бери биламан. Шоир сифатида ўз касбига ҳеч қачон хиëнат қилмаган. Ҳар доим тўғри сўзни айтишга интилган. Доимо ватани, миллатини ўйлаган жонкуяр шоирларимиздан бири. Ҳозирги режим лаганбардорларининг, ялтоқларининг фонида Юсуф Жума, шак-шубҳасиз, ўзбек интеллигенцияси ичидаги қаҳрамон, десак ҳеч муболаға бўлмайди”- дейди шоир Муҳаммад Солиҳ.

Филология фанлари номзоди Абдулла Абдураззоқ Юсуф Жуманинг исёни Ўзбекистонда барибир қамоқ билан ниҳоясига етишини билганини айтади.

“Бу бўлаëтган ишларни унинг юраги кўтара олмади. Қамоқда қанчалик қийин бўлаëтганини билмадим-ку, лекин бу ëқда фитна-фасод ичида, ҳар қадамда хоинлар бор ерда юриш, ватан учун курашса, унинг оëқ-қўлини боғлаб ташлайдиганлар шу қадар кўплигини кўриб юриш унга ниҳоятда оғир бўлди. Бунинг шундай натижа билан тугаши менга аëн эди. Лекин қачон ва қай шаклда бўлиши аëн эмас эди. Менинг ҳавас қиладиган тарафим - булар бутун оила билан бир тан, бир жон бўлиб разолатга қарши исëнда бўлди. У ўзи исëнкор шоир бўлиб туғилган. Жуда кўп шоирларнинг ижодини кўрсангиз олдиндан ўз тақдирининг башорати кўринади”,- деди А.Абдураззоқ.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева фикрича, ўзбек адабиётида ноҳақликка, адолатсизликка қарши оиласи билан бирга курашган бошқа шоир бўлмаса керак:

“Бунақа жасоратли, ноҳақлик билан тикка туриб олишадиган, ўз жонини, оиласи тинчлигини, бир неча фарзандлари ҳаëтини ўртага қўйиб курашган шоирни ҳали ўзбек адабиëти билмаса керак. Юсуф Жума шундай бир буюк шоирки, мен уни буюк, деб айтишдан ҳеч иккиланмайман. Унинг шеърларидай равон, сокин, курашчан бир шеъриятни ҳали мен ўзбек адабиëтидан қидириб топишим қийин бўлса керак, деб ўйлайман”.

Ўзининг қамалишидан бир неча кун олдин “Озодлик” билан суҳбатда Юсуф Жума ўз норозилик ҳаракатлари ҳақида қуйидагиларни айтганди:

“Участка нозиридан тортиб Каримовгача очиқдан-очиқ курашяпмиз ва уларнинг жиноятларини Интернетда ва бошқа жойларда фош қиляпмиз. Пикетлар ўтказяпмиз. Биздан ўч олиш Каримовнинг топшириғи билан бўлган. Биз бугун Қоракўл тумани прокуратурасини пикет қилдик. Ҳозир пикетни тамомлаб кетяпмиз. Бугун биз “Диктатор Каримов, истеъфо бер! Кет!” ва “Бухородаги амалдорлар кетсин”, деб пикет ўтказдик. Пикетда ўзим ва 3 ўғлим қатнашди. Бир ўғлим қамалган. Оила билан таъқибдамиз. Ҳаммамизга жиноят иши очилган. Ҳозир вазият шундай”.

Адабиётшуносларнинг айтишича, Юсуф Жума Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ичкарисида туриб бу воқеага муносабат билдирган ва бу ҳақда ўнлаб шеърлар ёзган шоирлардан саноқлисидир.

Оëқ яланг, оч эди Андижон болалари,
Нон ўрнига ўқ еди Андижон болалари.
Маржон-маржон шашқатор кўзимнинг жолалари,
Юрагимдан тўкилган Андижон болалари

Улар шодликка эмас, қонларга чўмилдилар,
Улар тобутга эмас, жарларга кўмилдилар.
Бошоқлардек ўрилди Андижон болалари,
Турналардек қирилди Андижон болалари.

Кўк, золимни йиқмасанг сендадир нолалари
Сени йиқар қасоскор Андижон болалари.
Топталди юраклари хоинларнинг отидан
Руҳлари кетиб қолди Мирзо Бобур ортидан.

Шоир Муҳаммад Солиҳ Юсуф Жума Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқибга учраган ўнлаб ўзбек шоирларидан бири эканини айтади.

Унинг фикрича, бу ҳолатга жим қараб туриш ўзбек зиёлилари учун маънавий жиноят.

“Афсуски, шундай шоир устидан бугун суд бўлаëтгани ва бу суд бўлмасдан олдин катта шовқин-сурон билан қамалгани ва унинг атрофидаги бутун гап-сўзлар, бутун шов-шувлар ўзбек интеллегенциясини, ўзбек зиëлиларини уйғотмади. Ўзбек зиëлилари худди кар ва соқов каби бу жараëнни кузатиб ўтирибди. Албатта, ҳамма нарсанинг жавоби бор. Шоир устидан бўлаëтган зўравонликларнинг ҳам жавоби бор”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Адабиётшунос Абдулла Абдураззоқ эса Юсуф Жума, энг аввало, ўзбек жамияти ичидаги хоинларнинг қурбони бўлди, деб билади.

“Каримов ҳақиқатдан ҳам бутун Ўзбекистонни ана шу хоинлар, сотқинлар, ичимиздагилар, ўзимиздан чиққан жигарларимиз ҳисобига ушлаб турибди. Лекин бу ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ. Қамоқдаги сиëсат ҳам, очиқ жамиятдаги сиëсат ҳам одамларни тобе қилишга, муте қилишга ва ҳар қадамда ўзининг агентлари орқали ҳар нарсадан хабардор бўлишга эришяпти. 3 тадан биттаси айтганингизни етказадиган сотқин”,- дейди адабиётшунос.

Унинг сўзларига кўра, бугун Оқсарой эшигида боши ерга теккунча хизмат қилаётган сарой шоирларидан фарқли ўлароқ, Юсуф Жума неча марта қамалса ҳам, неча марта таъқибу тазйиқларга учраса ҳам ҳақ сўзни айтишдан қайтмади.

Абдулла Абдураззоқ ўзбекистонлик зиёлиларга мурожаат қилиб бундай дейди:

Эй, ўзбекнинг зиëлилари,
Туҳмат бўлди сафдошингизга.
Нечун жимсиз, нечун сукунат,
Ҳайрон қолдим бардошингизга.

Юсуф Жума исёни унинг оиласига ҳам кўп йўқотишлар олиб келди. Ўғли Машраб тўрт йилга қамалди. Яна бир ўғли Бобур ҳам ўзи билан бирга судга тортилган. Хотини ва яна уч ўғли мамлакатдан ташқарига чиқиб кетди. Умр йўлдоши Гулнора опа эса эри шундай одам эканидан афсусланмаслигини, у шу билан уларнинг қалбига ҳам чироқ ёққанини, бошқа одамларни ҳам уйғонишга ва адолат учун курашишга даъват этганини гапиради.
Юсуф Жума аëли Гулнора опа ва фарзандлари билан.


“Молдек бир жойда боғланиб яшаб ўтиш ҳам умр дейилади. Курашадиган ҳалол одам бўлиб яшаб ўтиш ҳам умр дейилади. Худога шукур, мен бу билан фахрланаман. Ҳеч қачон афсусланмаганман ва афсусланмайман ҳам. Иккита фарзандим билан мана Юсуф акам ëтибдилар. Худога шукур, жонлари соғ экан. Шунинг учун Аллоҳ таолога минг маротаба шукурлар айтаман. Илоҳим ўзи ва болаларимизнинг умрларини берсин. Чиқиб қолишар Худо хоҳласа”,- дейди Гулнора опа.

Абдулла Абдураззоқ эса шоирни қамаб бўлмайди, чунки унинг руҳи озод, дейди:

“Шоирнинг руҳини барибир тутқун қилиб бўлмайди. Уни қамаганлар, уни қамоқда ушлаб турганлар, унга азоб бераëтганлар аслида тутқунда. Чунки улар кўнглидаги, дилидаги гапни Юсуф Жумадай эркин ҳеч қачон, ҳеч қаерда айта олмайди”.
XS
SM
MD
LG