Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:24

Мухолифат лойиҳасига ҳамон жавоб йўқ


Тожикистон Ислом уйғониш партияси ҳукумат томонидан тайёрланган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасига муқобил сифатида тақдим этган вариантига ҳалигача жавоб олгани йўқ.

Ҳукумат тайёрлаган қонун лойиҳаси мамлакат диний ва нодавлат ташкилотлари ва ҳатто ЕХҲТнинг қаттиқ танқидига учрагач, Ислом уйғониш партияси (ИУП) қонуннинг унга муқобил вариантини ишлаб чиққан ва парламент муҳокамасига тақдим этганди. Партиянинг бу варианти икки ой давомида хулосаланиб, натижаси ҳукумат ишчи комиссияси ҳамда парламент вакиллари томонидан эълон қилиниши лозим эди. Аммо белгиланган муддат ўтганига қарамай, ИУП ўз вариантига жавобни олгани йўқ.

“Бир сўз билан айтганда, биз ишлаган қонун лойиҳасига эътиборсизлик қилинмоқда. Президентимиз ўз чиқишларида диний қадриятларни ҳимоялаб, аксарияти мусулмон бўлган тожик жамиятида дин ва виждон эркинлиги таъминланган бўлиши зарарлигини таъкидлайди. Аммо аслида бунинг аксини кўрамиз. Менимча, мамлакатда диний таълим тизими демократик тамойилларга мослашмаган. Айниқса, болаларнинг диний таълим олиши, аёлларнинг масжидларга эркин қатнаши ва балоғат ёшига етмаган ўғил болаларнинг жума намозларида иштирокига расмийлар томонидан қаршилик жамиятимизда дин ва виждон эркинлиги чекланганининг исботидир”,- деди ИУП етакчиси Муҳиддин Кабирий.

У ҳукумат томонидан ишланган қонун лойиҳасига муқобил лойиҳага хулоса берилмаётгани ташвишланарли эканини билдирди.

Тожикистон парламенти қуйи палатасининг конституциявий қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Маҳмад Раҳимов эса бу хавотирларга асос йўқлигини таъкидлади.

“Ҳар қандай қонун лойиҳасини ҳукумат махсус комиссияси экспертлари диний ва ноҳукумат ташкилотлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш идоралари вакиллари билан биргаликда муҳокама қилади. Бу бир-икки кунда битадиган иш эмас. Айни пайтда ИУП ишлаган қонун лойиҳаси ўрганилмоқда ва апрель ойи охирларига қадар ҳукумат ҳам, парламент вакиллари ҳам ўз хулосамизни эълон қиламиз”,- деди М.Раҳимов.

Кузатувчилар эса ҳукумат мухолиф партия томонидан тавсия этилган қонун лойиҳасининг ижобий хулосаланишига шубҳа билдирмоқда.

“ИУП ишлаган муқобил вариант ҳозир амал қилиб турган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонундан кўп жиҳатлари билан устун туради. Бу қонун лойиҳаси дин ва диний таълим соҳасида ислоҳотга йўл очади. Ўз навбатида, ҳукуматдаги айрим гуруҳлар бундан манфаатдор эмас”,- деди мустақил таҳлилчи Абдуллоҳ Раҳнамо.

Унинг сўзларига кўра, Тожикистон ҳукумати “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунни қабул қилишда жамоатчилик, хусусан, мухолиф партия фикрини эътиборга олиши шарт. Акс ҳолда тожик жамиятида диний экстремистик гуруҳларнинг ўз мақсадларини амалга ошириши учун имконият яратиб берилган бўлади.
XS
SM
MD
LG