Линклар

Грузия ва Украинага НАТОгача ҳали бор

  • Алишер Сиддиқ

Украина ва Грузия расмийлари НАТО декабрь ойига қадар бу икки давлатни аъзолик бўйича ҳаракат дастурига қўшишига умид қилаётир. Бироқ уларнинг бу умидлари нафақат Россиянинг қаршилиги сабабли пучга чиқиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, иккала давлат НАТО стандартларига мос келиши учун ҳали кўп ишлар қилиши керак.

Ўтган ҳафта бўлиб ўтган НАТОнинг Бухарестдаги саммитида альянс Грузия ва Украинани аъзолик бўйича ҳаракат дастурига қўшмади. Бу қарор НАТО ташқи ишлар вазирларининг декабрь ойидаги учрашувигача қолдирилди.

Бухарестдаги саммит давомида журналистлар билан учрашган НАТО матбуот вакили Жэймс Аппатурай Грузия ва Украинани аъзолик ҳаракат дастурига қўшиш ёки қўшмаслик масаласи турли сиёсий омилларга боғлиқлигини билдирди.

“Аъзолик ҳаракат дастурини тақдим этиш ёки этмаслик масаласи 26 давлатнинг сиёсий қароридир. Бу қарорни қабул қилишда кенг қамровли сиёсий ва амалий омиллар инобатга олинади”,- деди НАТО матбуот вакили.

НАТОга аъзо айрим давлатлар, авваламбор, Германия ва Франция икки постсовет давлатнинг НАТОга аъзо бўлишига қарши чиқаётган Россиянинг адоватини қўзғамоқчи эмас. Лекин Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қилаётган бошқа сабаблар ҳам бор.

Иккала давлат салмоқли сиёсий ва ҳарбий ислоҳотларни амалга оширган бўлса ҳам бу давлатлар ҳали талайгина муаммоларни ҳал этиши керак.

Таҳлилчилар Украина ҳукумати НАТОга аъзолик масаласида аҳолининг тўлиқ таянчини қозониши ва ўз ҳарбий кучларини фуқаролик назоратига ўтказиши кераклигини айтмоқда.

Варшавадаги Халқаро муносабатлар маркази таҳлилчиси Евгениуц Смолар сўзларига кўра, НАТО расмийларини Украина ички қўшинларининг ўта сиёсийлашгани жиддий хавотирга солаётир.

“Бу қуролли кучлар устидан фуқаролик назоратини ўрнатиш йўлидаги жиддий муаммодир. Украина ички қўшинларининг аҳволи НАТО меъёрлари нуқтаи назарида мутлақо номақбулдир. Бу қўшинлар ички ишлар вазирига бўйсунади. Шу маънода, бу қандайдир сиёсий армияга ўхшайди”,- дейди таҳлилчи.

Ўз навбатида, Грузия ўта долзарб сиёсий ислоҳотлар қаторида Абхазия ва Жанубий Осетиядаги зиддиятни ҳал этиши ва судлов тизимини яхшилаши лозим.

Грузия расмийларининг ишонтиришича, Грузия НАТОга аъзо бўлганидан кейин бу ва бошқа демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш имкониятига эга бўлади.

Бироқ Евгениуц Смолар фикрича, Бухарестдаги саммит давомида Михаил Саакашвилли илгари сурган айни ғоя тескари натижа бериши мумкин.

“Агар Грузия демократиясининг қудрати НАТОга боғлиқ бўлса, у ҳолда НАТО Грузияни қабул қилишдан аввал яхшилаб ўйлаб кўради”,– дейди Евгениуц Смолар.

Грузия ва Украина НАТО нинг аъзолик ҳаракат режасига декабр ойида қўшилишга умид қилаётир. Бироқ таҳлилчилар фикрича, 8 ойлик муҳлат икки давлат олдидаги муаммоларни ҳал этиш учун етарли эмас.

Кўпчилик Украина ва Грузиянинг НАТОга аъзо бўлиш орзуси альянснинг 2009 йилда Франция ва Германиянинг Страсбург ва Кел шаҳарларида бўлиб ўтадиган саммити давомида ушалиши мумкин, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG