Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:43

Ўсиш бўлади, лекин бу Қозоғистонни ортда қолдириш учун етарли эмас


Ўзбекистон иқтисоди 2008 йилда 7-8 фоиз ўсади. Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” сайти Осиё тараққиёт банкининг бу ҳақдаги башоратини эълон қилди.

Мақола мазмунига кўра, Ўзбекистон иқтисодининг сезиларли даражада ўсишига мамлакатнинг хорижий сармоялар ҳисобига ривожланаётган саноати салмоқли ҳисса қўшади.

Мақола муаллифининг таъкидлашича, ОТБнинг Осиё тараққиёти истиқболларига бағишланган ҳисоботида 2008 йилда Қозоғистон иқтисодининг ўсиш суръати пасайиши башорат қилинган.

“Озодлик” мухбири “2008 йилда Осиё тараққиёти истиқболлари” номли ҳисобот ҳақида ОТБнинг Ўзбекистон бўйича иқтисодий таҳлилчиси Киёши Танигучи билан суҳбатлашди.

Ушбу ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмининг ишлаб чиқилишида бевосита қатнашган мутахассис ҳужжатда келтирилган маълумотлар тахминларга асосланганини алоҳида қайд этиш лозимлигини таъкидлади.

“Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш прогнозларига келсак,- дейди К.Танигучи, -мавжуд шароитда иқтисодий ўсишни тахмин қилишга асослар бор. Фикримизча, ўсиш кузатилиши керак. Чунки Ўзбекистон иқтисоди газ, олтин ва пахта каби маҳсулотларга боғлиқ. Яқин келажакда эса бу маҳсулотлар нархи тушиши эҳтимолдан йироқ. Бундан ташқари, ички иқтисодий фаолият ижобийдир. Шунинг учун биз айтаётган 7-8 фоиз ўсиш кўрсаткичига эришилишини башорат қилишимиз мумкин”.

Юқорида айтилганидек, “Пресс-ўз.инфо” сайтида эълон қилинган мақолада Ўзбекистон иқтисоди ўсиши кўп жиҳатдан хорижий сармоялар ҳисобидан амалга ошиши таъкидланган. Бу таъкидлар ОТБ башоратларига асосланган. К.Танигучи бу маълумотлар бироз нотўғри талқин қилинганини билдирди.

“Тўғридан-тўғри хорижий сармоя миқдори ошмоқда, лекин биз истаганчалик эмас. Ҳозир Ўзбекистонга келаётган хорижий сармояларнинг ошишига умид қиляпмиз. Лекин айтиб ўтганимдек, Ўзбекистон иқтисоди табиий ресурслар экспортига асосланган. Яна бир муҳим омил Ўзбекистонга келаётган пул жўнатмаларидир. Биласиз, турли ҳисоб-китобларга кўра, ҳозир Россия ва Қозоғистон каби мамлакатларда миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат қилади. Улар Ўзбекистонга жўнатаётган пуллар эса 2-3 миллард АҚШ долларини ташкил қилади. Бунга оид аниқ рақамлар йўқ, лекин гап йилига камида 2 миллиард АҚШ доллари ҳақида кетаётганини айтишимиз мумкин. Бу эса Ўзбекистондек мамлакат учун каттагина пул оқимидир. Шунинг учун хориждан келаётган молиявий оқим ҳақида гапирганда хорижий сармоядан кўра, меҳнат муҳожирлари жўнатаётган пуллар оқими салмоқлироқдир”,- деди К.Танигучи.

Шу ерда қайд этиш лозим, “Пресс-ўз.инфода”ги мақолада ўзбекистонлик мардикорлар мамлакат иқтисодига қўшаётган ҳисса ҳақида эсланмайди. Бунинг ўрнига мақола муаллифи қўшни Қозоғистоннинг иқтисодий ривожланишида ортга чекниш рўй беришини олдинги планга олиб чиқишни маъқул кўрган.

7-8 фоиз ўсиш Ўзбекистон учун жиддий ютуқ бўлса, демак, Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисодий ўсиш бўйича Ўзбекистон бошқалардан ўзиб кетишини башорат қилиш мумкинми?

“Марказий Осиё давлатлари иқтисодлари табиий бойликлар, жумладан, нефть, газ ҳамда олтин, мис, кумуш ва уран каби металларга асосланган. Бу маънода эса, бизнингча, Қозоғистон энг яхши шароитларга эгадир. Чунки Қозоғистоннинг улкан нефть захиралари бор ва у нефть экспорт қилувчи малакатдир, бундан ташқари, Қозоғистоннинг қимматбаҳо қоғозлар бозори бошқаларникига қараганда яхшироқ ривожланган. Шунинг учун иқтисодий ўсиш бўйича Қозоғистон минтақадаги биринчиликни сақлаб қолади”,- деди Киёши Танигучи.
XS
SM
MD
LG