Линклар

Исломдан сабоқ берганлар ҳам жазоланяпти

  • Садриддин Ашур

Норвегияда жойлашган “Форум 18” ташкилоти вакили Феликс Корлининг “Озодлик”ка айтишича, Ўзбекистонда нафақат бошқа дин вакиллари, балки анъанавий ислом динидан сабоқ бераётган айрим имомлар ҳам таъқиблар қурбони бўлмоқда.

У бунга Наманган шаҳрида диний фаолияти учун аввал жаримага тортилиб, сўнгра масжид имомлигидан бўшатилган одамларни мисол келтиради.


“Масалан, Наманган шаҳридаги Имом Бухорий масжиди имоми Камолхон Сулаймонов ва Махдуми Эшон масжиди имоми Т.Сатторов ҳукуматдан рухсат олмасдан болаларга исломдан сабоқ бергани учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, лавозимидан бўшатилди. Бу “камчиликлар”га йўл қўйгани учун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг минтақавий бўлими раҳбари Абдулхай Турсунов ҳам ишдан олинди”,- дейди Феликс Корли.

Унинг сўзларига кўра, мусулмонлар ўз диний таълимотини эркин равишда ўргана ва ўргата олмайди. Бошқа динлар вакиллари ҳам тазйиқлар остида қолмоқда.

“Ҳукумат тазйиғидан “Иегова гувоҳлари” мазҳаби вакиллари ҳам озор чекмоқда. Самарқандлик Олим Тўраевга нисбатан жиноят иши очилган ва у саккиз йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. У ноқонуний диний жамоат тузиб, ўз динини тарғиб қилганликда айбланмоқда. Халқаро меъёрлар бўйича бу мантиқсизлик. Ахир диндор одамлар бир жойга тўпланиб динни ўрганса, бунинг нимаси қонунга хилоф? Ўзбекистон Бош қонунидаги виждон ва эътиқод эркинлиги қаерда қолди”,- деди Ф.Корли.

“Форум 18” вакилининг билдиришича, Ўзбекистонда диний эътиқоди учун қамалганлар мингларни ташкил этади. Балки улар орасида ҳақиқатан ҳам амалдаги ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилаётганлар ҳам бордир, лекин Ўзбекистон ҳукумати ўзини уларга қарши курашаётгандек кўрсатиб, минглаб оддий мусулмонларни ҳам панжара ортига ташламоқда.

“Биласизми, жуда кўп мусулмонлар ҳукуматни ағдаришни хаёлларига ҳам келтирмайди. Улар фақат Каримов режимидан норози, холос. Улар виждон эркинлигини, эътиқод эркинлигини истайди ва шу истаклари ортидан қамоқхоналарда азоб чекади”,- дейди Феликс Корли.
XS
SM
MD
LG