Линклар

logo-print

Бишкекда Халқ қурултойи ўтказилди


Қирғизистон пойтахти Бишкекда етакчи мухолиф партиялар аъзолари, нодавлат ташкилотлар вакиллари, зиёлилар ва оддий фуқаролар иштирокида Халқ қурултойи ўтказилди.

Тахминан икки минг киши қатнашган йиғилиш мухолиф партиялар ҳамда нодавлат ташкилотлар биргаликда тузган Жамоатчилик парламенти томонидан уюштирилди. Йиғилиш иштирокчилари тўққиз банддан иборат резолюция қабул қилди. Уни мухолифатдаги “Асаба” партияси раҳбари Азимбек Бекназаров ўқиб эшиттирди. Резолюция бандлари орасида ҳозирги парламентни тарқатиб юбориш ва амалдаги конституцияни бекор қилиш талаби ҳам бор эди.

“2007 йил 21 октябрда ўтказилган референдумда қонун бузилишига йўл қўйилгани, жумладан, нотўғри ҳисобот бериш мақсадида бюллетенлар сони референдумда қатнашган одамлар сонидан кўп бўлгани учун Қирғизистон конституцияси ва сайлов кодекси ноқонуний, деб эълон қилинсин”, – деди мухолифат етакчиси.

Бироқ Қирғизистон ҳукумати расмийлари мамлакат конституциясини ўзгартириш ёки унга тузатиш киритиш умумхалқ референдуми орқали амалга ошишини айтиб, мухолифат талабларини рад этди.
XS
SM
MD
LG