Линклар

Раввин аккредитациясиз қолди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Адлия вазирлиги яҳудийларнинг Халқаро Любавик ҳаракатининг мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари раввин Абе Довуд Гуревичнинг аккредитациясини узайтирмади.

Вазирликдан юборилган рад жавобида айтилишича, Абе Довуд Гуревич ва Малка Гуревич ўз хизмат ваколатлари доирасидан ташқарига чиққан. Уларнинг фаолияти ваколатхона низомида кўрсатилган мақсад ва вазифаларга мос келмайди.

“Озодлик” радиосига интервью берган Абе Довуд Гуревич бу айбловларга рози бўлмади. Унинг айтишича, бутун фаолияти давомида у қонундан ташқарига чиққани йўқ.

“Адлия вазирлиги масъули Жалолбек Абдусатторов мени барча гуноҳларда айблайди. Лекин буларнинг ҳаммаси ёлғон. Биз ҳамма вақт қонун доирасида иш кўрганмиз, керакли ҳисоботларни ўз вақтида топширганмиз”,- деди Абе Довуд Гуревич.

Унинг сўзларига кўра, гўёки у ўзини Марказий Осиё яҳудийлари раввини, деб эълон қилгани ҳам жамоат низомига тўғри келмас эмиш. Бундан ташқари, аслида гап аллақандай ҳисоботларда ҳам эмас, балки унинг кимларгадир ёқмай қолганида.

“Ҳа, мен кимгадир халақит беряпман. Ўн саккиз йиллик фаолиятим давомида мен биринчи бор шундай ҳолатга тушяпман. Ҳукумат кимнидир буюртмасини бажараётгани мени ажаблантиради. Хўш, бу кимга керак? Мен аминманки, бу ҳолатнинг ҳаммасини Ўзбекистон ҳукуматига қарши кучлар ташкил қиляпти. Мен аминманки, Ислом Каримов бу ҳақда билмайди. Чунки бизлар, яъни 200 яҳудийни махсус қабул уюштириб учрашган президент бу воқеаларни билганида эди, бунга йўл қўймаган бўларди”,- дейди Абе Довуд Гуревич.


Исроил ва АҚШ фуқароси бўлган 71 ёшли Абе Довуд Гуревичнинг Ўзбекистонда бўлиш визаси 1 апрелда тугади. У барибир Ўзбекистондан кетмаслигини ва Адлия вазирлигидан аккредитация олиш учун барча имкониятлардан фойдаланиш ҳаракатида эканини айтди.


“Абе Довуд Гуревич дунёда танилган шахс. Мен ўйлайманки, бунга Вашингтон ҳам, халқаро ташкилотлар ҳам бефарқ қараб турмайди”,- деди раввин.

Адлия вазирлиги вакилларидан мавзу юзасидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG