Линклар

Яна 12 ўзбек қул озод этилди

  • Садриддин Ашур

http://tbn0.google.com/images?q=tbn:Li4p1HUyF_9kNM:http://www.rpmonitor.ru/images/ssng-300.jpg Россияда ўзбекистонлик 12 мардикор қулликдан озод қилинди. Маълум бўлишича, Челябинск вилоятида ишлаган ўзбеклар жуда оғир юмушларни бажарган, ойлаб уларга маош тўланмаган.

Самарқанд ва Бухоро вилоятлари, Қорақалпоғистондан бўлган бу йигитлар аввал бошида 30 киши бўлган. Уларга ойига 400 доллар маош ваъда қилинган. 12 кишидан ташқари ҳамма бир амаллаб қулликдан сал аввалроқ қочишга муяссар бўлган.

Самарқандлик Бахтиёрнинг “Озодлик”ка айтишича, улар заводда ишлаган. Завод, асосан, батарея ва дўконларда озиқ-овқат қўйиш учун пештахталар ишлаб чиқарган. Йигитларнинг паспортлари иш берувчи Марина Дорохова томонидан олиб қўйилган. Корхона қаттиқ қўриқланиб, ҳеч кимга ташқарига чиқишга ижозат берилмаган. Фақат улардан бир кишига ҳар замон яқиндаги дўкондан озиқ-овқат олиб келиш учун рухсат берилган.

Ўтган йилнинг ноябрида олиб келинган ўзбеклар учун 400 долларлик маош тушга айланиб борди. Уларга бир ойда арзимаган чойчақа бериларди, холос.

“Энг кўп олган ойлигим 2000 рубль бўлди. Ойига 400-600 рубль бериларди”¸ дейди Бахтиёр.

Яъни уларга бор-йўғи ўртача 20-30 АҚШ доллари миқдорида ойлик берилган. Лекин кейин маълум бўлишича, улар имзо чеккан ҳужжатларда бу пуллар бир неча баравар кўп қилиб кўрсатилган. Бахтиёр заводнинг ичида яшаганларини ва яшаш шароитлари жуда оғир бўлганини гапирди. Улар битта хонада 6-7, ҳатто 12 киши ётган.

Пичоқ бориб суякка тақалгач, Бахтиёр бу ҳақда Челябинск вилояти муҳожирлик бошқармасининг Калинин бўлимига хабар берган. Муҳожирлик хизмати ходимлари уларни қулликданозод этган ва иш берувчи устидан жиноят иши қўзғатилган.

“Биз иш берувчи Марина Дорохова ўзбекистонлик ишчиларнинг паспортини олиб қўйгани, уларга ноинсоний муносабатда бўлгани, иш ҳақларини бермагани учун барча ҳужжатларни йиғиб, прокуратурага топширдик. У қонун олдида жавоб беради”,- дейди муҳожирлик хизмати катта инспектори Владимир Белоносов “Озодлик” билан суҳбатда.

Қулликдан озод этилган 12 ўзбек ҳозир Челябинск вилояти муҳожирлик бошқармасининг махсус жойида сақланмоқда. Уларнинг паспортлари қайтариб берилган.

В.Белоносов сўзларига кўра, уларнинг ҳаммасида Россияда ишлаш учун қонуний рухсатнома бор. Хоҳласалар яна бошқа жойда ишлаши ёки уйларига қайтиб кетиши мумкин.
XS
SM
MD
LG