Линклар

logo-print

Дунё иқтисодиёти қийин аҳволда

  • Ҳасанжон

Вашингтонда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг баҳорги йиғилишида қатнашаётган саноати тараққий этган етти давлат молия вазирлари дунё иқтисодиёти қийин даврни бошдан кечираётганини тан олди.

“Катта еттилик” гуруҳига аъзо давлатлар вакиллари учрашувида глобал молия бозори беқарор қолаётгани ва бу кутилганидан кўра узоқ давом этадиган муаммо экани маълум қилинди.

Учрашувдан кейин эълон қилинган қўшма баёнотда “Катта еттилик” вакиллари иқтисодиётнинг узоқ муддатли имкониятлари “ижобий” экани, бироқ яқин муддатдаги имкониятлар “суст экани” қайд этилган.

АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Германия, Италия ва Япония вакиллари вазиятни ўнглаш учун молия билан шуғулланувчи ширкатлар устидан назоратни кучайтириш ва молиявий шаффофликни таъминлашни назарда тутган режани амалга оширишга келишиб олди.

Йиғилишдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ молия вазири Генри Полсон вазиятни ўнглашда конкрет чоралар кўриш учун етти давлат вакиллари бирга ишлашини таъкидлади.

“Нафақат АҚШ, балки дунё бўйича эътибор молия бозорларида юзага келган ҳозирги таранг вазият, беқарорлик ва тартибсизликларнинг реал иқтисодиётларга салбий таъсирини чеклаш учун биз қандай чоралар кўришимизга қаратилган. Барча Марказий банклар раҳбарлари ва молия вазирлари капитал бозорларини барқарорлаштириш ва молия тизимини ҳимоялаш учун қандай чора кўриш керак бўлса, шуни қилишга бел боғлаган”, – деди АҚШ молия вазири.

Генри Полсон АҚШ иқтисодиётидаги ҳозирги вазият ўнгланишига ишончи комил эканини айтди.

Халқаро валюта жамғармаси куни-кеча эълон қилган ҳисоботда АҚШнинг уй-жой секторида бошланиб, кейин дунёнинг бошқа давлатларига тарқалган бўҳроннинг банклар ва бошқа молиявий ташкилотларга зарари салкам бир триллион долларни ташкил этиши мумкинлиги билдирилган.

9 апрель куни Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ХВЖ тадқиқотчиси Симон Жонсон дунё иқтисодиётидаги ўсиш секинлашгани башорат қилинаётганини таъкидлади.

“Ҳозирда биз 2008 йилда дунё иқтисодиёти ривожланиши секинлашиб, 3,7 фоизни ташкил этишини тахмин қиляпмиз. Бу январь ойида чорак учун башорат қилганимиздан ярим фоиз кам. Шунингдек, бу 2007 йилда башорат қилганимиз 4,9 фоиздан анча кам”,- деди Симон Жонсон.
XS
SM
MD
LG