Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:05

Рус компанияси ўзбекларнинг алоқасини яхшилайди


Россиянинг сунъий йўлдош орқали алоқа хизмати кўрсатувчи “HeliosNet” компанияси Ўзбекистон телекоммуникация соҳасидаги лойиҳалар учун тахминан 20 миллион доллар сармоя ётқизишни режалаштирмоқда.

“HeliosNet” бош директори Алексей Сергеев ўз ширкати жорий йил охирига қадар Ўзбекистонда қўшма корхона ташкил этишни мақсад қилганини билдирди. Хусусан, ширкат 2008– 2010 йилларда сунъий йўлдош орқали Интернет хизмати кўрсатишга беш миллион ҳамда телевидение лойиҳалари учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишни мўлжаллаган.

А.Сергеев бу лойиҳаларни, асосан, “Ўзбектелеком” миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда амалга ошириш режалаштирилганини маълум қилди.

“HeliosNet” компаниясининг Москвадаги вакили Денис Ганза Ўзбекистонда амалга ошириш мўлжалланган режалар ҳақида “Озодлик”ка гапириб: “Ўзбекистон ҳудудида алоқа хизмати кўрсатиш бўйича бизда катта режалар бор. Ҳозир Тошкентдаги ҳамкорларимиз билан Ўзбекистонда бўлим очиш устида ишлаяпмиз. Фаолият юритиш учун лицензиялар оляпмиз. Яқин фурсатда, балки икки ойдан кейин биз сунъий йўлдошга боғланиш имконини берувчи қурилмаларимизни Ўзбекистонга ўрнатамиз, деб ўйлайман”, – дейди “HeliosNet” вакили.

Унинг сўзларига кўра, “HeliosNet” ширкати ўзбекистонликларга сунъий йўлдош орқали Интернет ва телефон хизмати кўрсатиш баробарида телевидение каналларини томоша қилиш имкониятини ҳам яратади.

“Агар оддий ўзбекистонлик Интернетдан фойдаланмоқчи ёки ҳар қандай тармоқ билан боғланмоқчи бўлса, у сунъий йўлдош сигналини қабул қиладиган антенна ўрнатса кифоя. Унга ўша антенна орқали хизмат кўрсатилади”, – дейди “HeliosNet” вакили.

Денис Ганза ўз ширкати Ўзбекистонда Интернетдан WiFi орқали фойдаланишни ҳам йўлга қўйиш ниятида эканини айтди.

“Сунъий йўлдош билан боғланувчи қурилмаларимизни ўрнатганимиздан кейин WiFi учун лицензия олишга ҳаракат қиламиз”, – деди у.

Ҳозир Ўзбекистоннинг ривожланиб бораётган телекоммуникация бозорида Россиянинг “Вимпелком”, МТС ҳамда Скандинавиянинг “TeliaSonera AB” ширкатлари муваффақият билан фаолият юритмоқда.

“HeliosNet” Ўзбекистоннинг маълум минтақасига хизмат кўрсатишни режалаштирганми ёки мамлакат ҳудудининг ҳаммасигами, деган саволга Денис Ганза: “Шубҳасиз, Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудуди ва яна бошқа минтақаларга хизмат кўрсатилади. Ҳозирда компаниямиз Россиянинг ҳамма ҳудудига, шунингдек, Осиё ва Европанинг бир қисмига хизмат кўрсатяпти. Агар Ўзбекистонга ўз қурилмаларимизни ўрнатсак, Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон ва унга қўшни ҳудудларда яшовчи аҳолига ҳам хизмат кўрсата оламиз”, – дея жавоб берди.

Ҳозирда юз минглаб ўзбеклар ишлаб пул топиш мақсадида чет элларда яшамоқда. Шу боис, Ўзбекистонда телефон ва Интернет орқали халқаро сўзлашувга талаб ортиб бормоқда.

Агар “HeliosNet” ўз режасини амалга оширса, компания вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистондан хорижга қўнғироқ қилиш нархи бошқа ширкатларга нисбатан арзон бўлади.

Денис Ганза агар ҳамма иш режада белгиланганидек борса, компания йил охирига қадар тўлиқ хизмат кўрсатишга ўтишига умид қилдирди.
XS
SM
MD
LG