Линклар

“Халқлар дўстлиги” “Истиқлол”га қурбон қилинди

  • Сарвар Усмон

http://surf2access.info/index.php?q=aHR0cDovL25ld3MuZmVyZ2hhbmEucnUvcGhvdG9zLzIwMDhfMDQvbW9udW1lbnQxNTAuanBn 12 апрелга ўтар кечаси Тошкентдаги Халқлар дўстлиги саройи олдидаги майдонга 1982 йилда тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг турмуш ўртоғи Баҳри Аҳмедова хотирасига ўрнатилган ёдгорлик мажмуи бузиб ташланди.

Бу оила фашизмга қарши уруш йилларида Совет Иттифоқининг жанглар олиб борилган ҳудудларидан Ўзбекистонга эвакуация қилинган бир неча минг боладан 15 нафарини боқиб олган эди.

“Уруш пайтида Шомаҳмудовлар катта бир инсоний иш қилиб, ҳамма ҳам қилавермайдиган бир фаолият кўрсатиб, турли миллат вакилларининг етим қолган фарзандларини бағрига олиб тарбиялаган эди. Бундай мурувватли, саховатли фаолият ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди”,- дейди шоира Гулчеҳра Нуруллаева.

Ана шундай – ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайдиган ишни қилган кишиларнинг бугунга келиб иззати битганга ўхшайди.

Хабарларга қараганда, ёдгорлик Тошкент шаҳри ҳокими Тўхтаевнинг 8-апрель кунги қарорига биноан бузилган. Ҳокимнинг қарори эса Топонимик объектларга ном бериш республика комиссиясининг 7 апрель кунги қарорига асосланган.

Ҳоким қарорига кўра, ёдгорлик ортидаги саройнинг номи ҳам ўзгарди. Бундан буён у “Халқлар дўстлиги” эмас, “Истиқлол” номи билан юритилади.

Ўзбекистондаги мавжуд тузум характеридан хабардор кишилар фикрича, “Халқлар дўстлиги” ёдгорлигини бузиш, қанчалик қудратли бўлмасин, шаҳар ҳокимининг ҳам, номи зикр этилган комиссиянинг ҳам кучи етадиган иш эмас. Масала аслида Оқсаройда ҳал қилинган.

Хўш, ёдгорликни бузиб тўғри қилдиларми?

Бу савол билан бир қатор шоир ёзувчилар, жамоат арбобларига қўнғироқ қилдик.

Жавоблар ҳар доимгидай бўлди. “Озодлик”ка шу пайтгача гапирмайдиганлар бу гал ҳам гапирмади.

“Ҳукумат бузган бўлса, демак, тўғри бўпти. Қувватлайман”,- деди кўпчилик адиблар ва жамоат арбоблари.

Адабиётшунос олим Бахтиёр Исабеков эса бу ҳақда фикр билдириб: “Ҳар қандай эзгу нарсани бузиш ҳеч қачон яхшиликка бўлмайди. Умуман бузишнинг ўзи ëмон нарса. Агар мақсад бошқа нарса ташкил қилиш бўлса, нима, Тошкентда жой қуриб кетибдими? Ҳар ҳолда шундан озгина маънавий озуқа олиб турган бўлса, буни бузиш эвазига бўлиши мақбул эмас, деб ҳисоблайман”,- деди.

Сиёсий муҳожиратда яшаётган бирликчи Акбаржон Орипов эса эски коммунистик мафкура бутун дунёда тор-мор бўлган эса-да, ўша даврга хос воқеа ва ёдгорликлар тарих учун қолиши мақбул иш, деб ҳисоблайди.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаева эса юқоридаги фикрини давом эттириб: “Мана шундай саховат юзига чизиқ тортиш, саховатни беписандларча бузиш инсофдан бўлмаса керак. Нима, шу билан биз бизга халқлар дўстлиги керак эмас, бизга етимлар бошини силаш керак эмас, бизга ўзгаларнинг кўчада қолган фарзандларини бағримизга босиш керак эмас, демоқчимизми? Агарда ҳозирга қадар Шомаҳмудовларнинг саховатидан ортиқча саҳоват кўрсатган одамлар ҳурматини жойига қўйиб, ўша ерга ўшаларнинг ҳайкалини ўрнатиш нияти пайдо бўлган бўлса, уларга бошқа жой топиш маъқулроқ бўлмасмиди? Агарда шу ҳайкални бузиш керак бўлса, мен истардимки, вақти келиб унинг ўрнида ўз жонини ўртага қўйиб, оила аъзолари жонини ўртага қўйиб, ҳаëтини ўртага қўйиб, ҳақиқат учун курашган, халқ учун чин маънода қаҳрамонона курашган Юсуф Жумаевнинг оиласи учун қўйилиши керак, деган истагим бор”,- деди.

Сиёсий муҳожиратда яшаётган шоир Ёдгор Обид сўзларига кўра, бузилган ёдгорлик, аввало, одамгарчилик руҳини ифодалайдиган бир хотира эди. Етим болалар бошини силаган ота ва она хотираси сифатида бу умуминсоний, бутун дунë халқлари учун муҳим бир ғояни кўтарадиган хотира тоши эди. Буни олиб ташлаш инсонийликни рад этиш, деганидир.

Ёдгор Обиднинг таъкидлашича, ёдгорликнинг бузилиши ортида бошқа бир сабаб ҳам бўлиши мумкин.

“Гап шундаки, Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ёдгорлик нафақат халқлар дўстлигини, балки серфарзандликни ҳам тарғиб қиладиган восита эди. Бу ҳолат эса ҳукуматнинг бугунги сиёсатига зиддир. Ҳукумат томонидан олиб борилаëтган демографик режалаштириш ҳаракатларига қараганда, ўзбек халқининг етимпарварлигини, инсонийлигини рад этиш, бундан воз кечиш, умуман ўзбекчиликдан воз кечиш сиëсати, деб қараш керак”,- деди Ёдгор Обид.
XS
SM
MD
LG