Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:41

Гулбаҳор Сулаймонова: “Мутаносибликни сақлаш ҳар бир миллат эркак ва аëлининг масъулиятида”


http://tbn0.google.com/images?q=tbn:misr2K6W6yP1RM:http://www.bps.com.ua/images/foto/eut_24_58.jpg “Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг навбатдаги қаҳрамони Ўзбекистонда xизмат кўрсатган артист, хонанда Гулбаҳор Сулаймонова кейинги 16 йил шахсан ўзи ва ўзбек давлатчилиги учун синов даври бўлганини таъкидлади.

Г.Сулаймонова 1958 йилда Қашқадарëда туғилган.

Гулбаҳор Сулаймонова: Чўл қизиман. Саксовуллар, тўранғил ва ëвшан шовиллашидан илҳом олганман. Туғилганимда қўшиқчи бўлиб туғилганман. Биласизми, қўшиқ ўзи қандай дунëга келади, деса янги чақалоқнинг йиғиси туғилади-ку, мен дунëга келдим, дейди. Бу хурсандчилик. Бу биринчи қўшиқ бўлса, иккинчи қўшиқ қулоғига азон айтилиши бўлади. Учинчиси она алласи, тўртинчиси эса ота тарбияси бўлади.

Озодлик: Сиз ëшлигингизда қандай қўшиқ айтганингизни эслайсизми?

Гулбаҳор Сулаймонова: Ëшлигимда ўзимча қўшиқлар ëзардим. Шеърларни яхши кўрардим. Лекин ноталарни билмас эдим. Биз ўқиб юрган пайтларда мусиқага ихлосимиз баланд бўларди. Мен нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунë санъаткорлари қўшиғини эшитар эдим. Шерали Жўраев, Камолиддин Раҳимов, Комилжон Отаниëзов, Комилжон Баратов, Ориф Ҳотамовни кўп эшитар эдик. Бизнинг оила санъаткорлар оиласи бўлгани учун уйдагилар эшитарди. Аëл санъаткорлардан Фароғат Раҳматова, Коммуна Исмоиловани эшитардик. “Камолот-89”да, “Тановор”да жонли ашула айтганман.

Озодлик: 1990-йилларни қандай эслайсиз? Озгина етар-етмаслик, қимматчилик, қашшоқлик даври бўлган эди. СССР йиқилган пайтлар...

Гулбаҳор Сулаймонова: Мен битта нарсани тушуниб айтаман. Шукроналик билан яшаб келган инсонларга ҳеч қачон қимматчилик ва қаҳатчилик бўлмайди.

Озодлик: 1990-йилларда қандай орзуларингиз бор эди? Ўша даврларни эслайсизми?

Гулбаҳор Сулаймонова: Эслайман.Орзу бор эди эмас. Инсон орзу, умид, ишонч билан яшайди. Ҳаëтнинг ҳар бир даврида қийинчиликлар, тўсиқлар бўлиши табиий ҳол. Бўладиган қийинчилик ҳаëт мактаби. Мен устозларимнинг шогирди бўлган бўлсам...

Озодлик: Устозларингиз кимлар?

Гулбаҳор Сулаймонова: Устозим дунëга келтирган ота-онам бўлади. Ундан кейин боғчадан бошлаб мактаб, мусиқа билим юрти, Тошкент давлат консерваторияси. Ўқиб юрганимда маданият уйларида ишлаганман. Қолаверса, шу кунгача Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси хонандасиман. Ҳаëтда ҳар хил нарса бўлади. Лекин буни Аллоҳнинг синови, деб биламан. Ҳар бир куннинг шукроналик ила ўтиши ота-онамнинг ибрати, қадим маданиятимиз ибрати бўлган. Бир майизни қирққа бўлиб еган пайтларни ҳамма эслайди. Бу ҳеч кимга сир эмас.

Озодлик: Энди даврнинг янгиликлари ҳам бор. Дубайда, Россияда, Кореяда, Қозоғистонда минглаб ўзбек фоҳишаларини кўряпмиз. Бу бундан 20 йил олдин йўқ эди-ку?

Гулбаҳор Сулаймонова: Масалан, буни билмасдан, кўрмасдан туриб гап орқали изоҳлаб бера олмаслик мумкин. Бу ҳар бир миллатда...

Озодлик: Дубай полициясининг ўзбекларни депортация қилгани ҳақидаги ҳисоботлари бор.

Гулбаҳор Сулаймонова: Ор-номус, ҳаë бизларда биринчи ўринда турган. Бу ҳар бир миллатда бор. Мабодо шунақа ҳодисалар бўлиб турган бўлса, дунëдаги ҳар бир эркак, дунëдаги ҳар бир аëл қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, бу нарсага масъул бўлиши керак. Ўз аëлининг орини, ғурурини сақлаши эркакларимизга боғлиқ. Мен буни азалдан келаëтган қадриятларимизнинг бардавоми, деб биламан.

Озодлик: Энди қадриятларнинг бузилиб кетаëтган ҳоллари ҳам бор.

Гулбаҳор Сулаймонова: Мен яна бир марта такрорлаб ўтаман. Кўзим билан кўрмаганим учун, беш бармоқ баробар бўлмагани учун бу нарса ҳар бир миллатда учраши мумкинлигини ва шу нарса ҳам инсонларнинг яхши-ëмонини ажратиш учун синов даври, деб биларман балки.

Айни пайтда Гулбаҳор туғилиб ўсган Қашқа воҳасида ва бутун Ўзбекистонда ҳам минг-минглаб эркакларнинг ўз юртини ташлаб, тирикчилик мақсадида элни тарк қилаëтгани ҳам кузатилмоқда. Гулбаҳор бу ҳолатда ҳам бир хайр бор, деб билади.

“Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан. Балки бир хил одамларнинг мусулмон бўлиши учун, ота-онаси, юрти қадрини билиши учун мусофирчиликни бошдан кечириши керакдир. Бу биринчиси. Яна ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу, дейишади. Балки у бошқа жойга бориш орқали бошқа инсонлар билан танишиш имкониятига эга бўлар. Турмуш тарзи билан, санъати билан танишар. Бу яқинлари қадрини билиш учун бир омил бўлади, деб ўйлайман. Мутаносибликни сақлаш ҳар бир миллат эркак ва аëлининг масъулиятида.

Шу билан бирга, Гулбаҳор Сулаймонова ўзбек жамиятидаги ҳар бир соҳа ислоҳотга муҳтож эканини ҳам тан олади.

“Қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, ҳар бир бўлаëтган кичкина бир ислоҳот эзгулик тарафдори. Элим деб, юртим деб ëниб яшамоқ кераклиги учун”,- дейди у.

Озодлик: Энди элим, юртим деб ëниб, куйиб кетмайликда. Тирик яшайлик. Масалан, ўтнинг ичига тушган одам тирик чиқмайди-ку.

Гулбаҳор Сулаймонова: Тирик чиқади. Биласизми, бу синов. Ватан, она юрт ўз фарзандини ëмон кўрадими? Бунақа нарса ҳеч қаерда йўқ. Бўлаëтган ислоҳотларни инсон ўзини мукаммал қилишига яратилаëтган имконият, деб биламан. Ислоҳот эса ҳар бир жабҳада бўлиши шарт.

Отажон? Каъбам ўзинг, сенсиз жаҳонни на қилай,
Этмаса номингни ëд, ширин забонни на қилай.

Гулбаҳор аëл бошим билан пул, мол-мулк орттирдим, энди эса элдан олганимни элга бериш пайти келди, деб ният қилади.

Гулбаҳор Сулаймонова: Хусусий мактаб очиш ниятидаман. Қолаверса, масжид қуриш ниятим ҳам бор.

Озодлик: Қандай мактаб?

Гулбаҳор Сулаймонова: Мана, устозларимиз бизларга қанча меҳнатларини сарфлаб ëтибди. Мен ҳеч кимга боқиманда бўлмай, бировдан бир сўм олмай, бировга нолимай бу мактабни очаман. Бу мактабда шунақа санъаткорлар ўқийдики, бир касбда ҳамма соҳалар мужассам эканини кўра оласиз. “Ўзинг изла, ўзинг топ, ўзинг ўйла” биринчи шиор бўлади. Бунақа шиорни мустақиллик даври тақозо қилади. Ўзимнинг Ўзбекистонимга ҳар бир инсондан боғ қолиши керак. Шунинг учун мен ўзимнинг меҳнатим, саъй-ҳаракатларим эвазига эришган пулларимга битта мактаб ва масжид қуришни ният қилганман.

Озодлик: Ўз фарзандларингизга бошингиздан кечирган кейинги 20 йиллик умрингизни раво кўрасизми?

Гулбаҳор Сулаймонова: Албатта, раво кўраман. Фарзандларим йўлимдан боришини биламан ва истайман. Масалан, жон куйдирмасанг, жонона қайда, дейди эркаклар. Мен бунга сал бошқачароқ ëндашган бўлардим. Ҳар бир нарсага жон куйдириш керак. Бир нарсада меҳнатнинг маҳсулини кўриш учун, ҳаëтнинг гўзаллигини кўриш учун жон куйдириш керак. Қийинчилик кўриш кераклиги шарт. Ҳар бир устоз макатабини мен ҳозирги пайтда қўллаб-қувватлайман.

Олам тузоғидан озод эмасмиз,
Бир нафас олмоқдан ҳеч шод эмасмиз.
Ëшликда биз шогирду ўзгалар устоз,
Сўнгра устоз бўлиб дилларини қилмиш шод.

Болаларим менинг умримни қадамма-қадам босиши, янада юксак чўққиларга етишиши тарафдориман. Мен буни нафақат ўз фарзандларим, балки дунë фарзандларига тилайман. Баркамолликни, гўзалликни, оқибатни, меҳр-мурувватни тилаган бўлардим. Менинг “Тополмассан”, деган ашулам бор. Мен қўшиқларимни аввал ўзимга, кейин бошқаларга айтишни ўзимга бурч, деб биламан.
XS
SM
MD
LG