Линклар

Мардикорлар юртига қайтариб юборилди


Куни-кеча қозоғистонлик чегарачилар томонидан ўзбек-қозоқ чегарасидан ноқонуний ўтаётган вақтида қўлга олинган ўзбекистонлик 35 киши Ўзбекистон томонига бериб юборилди.

“Гап шундаки, ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтаётганлар чегарадан қонуний ўтиш анча қулай эканини яхши билмайди. Шу боис, Ўзбекистондан Қозоғистонга ноқонуний ўтаётган кўплаб меҳнат муҳожирлари тез-тез қўлга олинади”,- дейди Жанубий Қозоғистондаги “Онтустиқ” чегара пости раҳбари ўринбосари Мурот Серикбоев.

Ўзбек меҳнат муҳожирларини Қозоғистонга олиб келадиган автобус ҳайдовчиси Дониёрнинг таъкидлашича, ҳозир ўзбек меҳнат муҳожирлари, асосан, Россияга кетаётгани боис, уларнинг Қозоғистонга келиши камайган ва аксар ҳолларда улар чегарани қонуний кесиб ўтмоқда.

“Ҳозир Олмаотада банклар қурилиш учун кредит беришни тўхтатган. Шунинг учун пул йўқ, иш йўқ. Ўзбекистонда ҳеч қандай иш йўқлиги сабабли Қозоғистонда ойига 100 долларга ишлаётганларни ҳам кўряпман. Ўзбекистонда ишласанг, фақат пахтада иш бор. Ўшанда ҳам пул ўрнига фақат мой ва ун беради”,- дейди Дониёр.

“Озодлик” билан суҳбатда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси ходими ўтган йили ва жорий йил бошидан буён Қозоғистонга ишлаш учун келган ўзбекистонликлар сони қанча эканини аниқ айта олмаслиги, лекин меҳнат муҳожирларининг қўшни мамлакатга келиши Ўзбекистон учун фақат фойда келтираётганини таъкидлади.

“Улар доллар юборади. Ҳозир қулайликлар яратилди. Келган пулнинг манбаини суриштиришга бир йилгача мораторий эълон қилинди. Бу фойда, биринчи навбатда, муҳожирнинг оиласига”,- деди элчихонанинг ўз исмини айтмаган ходими.

Бироқ меҳнат муҳожирларининг ҳаммаси ҳам ҳар доим ҳам уйига пул жўнатаётгани ёки соғ-омон қайтаётгани йўқ. Айримлар бир тийинсиз, қарзга ботиб қайтмоқда. Айримларнинг жасадлари келтириляпти.

Куни-кеча ҳам Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида ўзбекистонлик фуқаро бехосдан поезд тагига тушиб ҳалок бўлди.
XS
SM
MD
LG