Линклар

Вазир сув ва энергетика масаласини муҳокама қилди

  • Гулнора Равшан

Душанбега икки кунлик сафар билан келган Германия Ташқи ишлар вазирлигидаги давлат вазири Гернот Эрлер Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашув чоғида Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясига доирсидаги тўрт лойиҳа атрофида фикр алмашди.

Г.Эрлер бу йирик лойиҳалардан энг муҳими сув ва энергетика захираларидан тўғри фойдаланишга доир минтақавий ҳамкорликка бағишланган кенг қамровли дастур эканини таъкидлади.

“Лойиҳанинг Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон учун ўта муҳимлиги эътиборга олинган ҳолда унда италиялик ва германиялик мутахассислар фаол қатнашиши режалаштирилган. Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 1 апрелида Берлинда “Сув – бирлаштирувчи” номли халқаро анжуманда ҳам айнан Марказий Осиёдаги сув масаласига доир вазият муҳокама қилинган эди”,- деди Германия ҳукумати расмийси.

У ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги лойиҳалардан яна бири Тожикистон чегараларида назоратни кучайтириш, наркотик моддалар ноқонуний савдосининг олдини олиш эканини билдирди.

“Шуни назарга олган ҳолда мен Имомали Раҳмонга Германия томони ЕИ ҳамда БМТнинг тегишли органлари билан келишган ҳолда жорий йил октябрида Душанбеда “Чегараларда назоратни кучайтириш ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш” мавзуида халқаро анжуман ўтказиш таклифини киритдим ва у бу таклифни ижобий қабул қилди”,- деди Г.Эрлер.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёда Тожикистон Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашувида энг муҳим ўрин тутадиган давлатдир.

“Афғонистонда наркотик моддалар етиштирувчи майдонларни қисқартириш ва у ердан Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон ҳудуди орқали Европа давлатларига наркотиклар оқимини тўхтатиш энг асосий мақсадларимиздан биридир”,- деди Г.Эрлер.

Тожикистонга оид таассуротларини шарҳлар экан, у Тожикистон Европача ғояларни тўғри ва ижобий қабул қилувчи давлат экани ва тожиклар географик изоляциядан чиқиш, чегарадаги вазиятни тузатиш учун Европа таклифларини бажону дил қабул қилаётганини маълум қилди.

15 апрель куни Г.Эрлер Норак ГЭС ва мазкур энергетик иншоотдаги муаммолар билан танишишни режалаштирилмоқда.

Қайд этиш жоизки, 2007 йилда Германия ҳукумати Тожикистоннинг Норак ГЭС умумий таъмири учун 20 миллион евро миқдорида маблағ ажратган эди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, томонлар учрашувида тожик – немис сиёсий ва иқтисодий ҳамкорлигага доир масалалар борасида ҳам фикр алмашилган. Хусусан, Тожикистоннинг энергетика мустақиллигини қўлга киритишга доир режаларини амалга ошириш борасида ҳам келишиб олинган.

Тожикистон Савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Ғафуржон Расулий сўзларига кўра, Германия Тожикистоннинг Нурбахш ва Ғабируд ГЭСлари лойиҳаларини сармоялашга доир таклифини ҳам ижобий қабул қилган ва яқин орада бу ГЭСлар қурилишига доир тадбирлар амалга оширилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG