Линклар

logo-print

Ҳайкал илдир-кетти бўлди

  • Абдулла Искандар

Тошкент марказидаги халқлар дўстлигига бағишланган ёдгорлик ва Совет Иттифоқини ташкил қилган собиқ 15 республикани тамсил қилган мармар устун, аввал хабар қилинганидек, бузиб ташланган эмас, балки бошқа жойга кўчирилгани маълум бўлди.

Иккинчи жаҳон уруши пайтида совет ҳукумати тавсиясига кўра, 15 етим болани тарбия қилган Шомаҳмудовлар оиласига 1982 йилда ўрнатилган бу бронза ҳайкал бузилмагани айтилаётган бўлса-да, “Халқлар дўстлиги” саройи номи “Истиқлол”, деб ўзгартирилгани тасдиғини топди.

1982 йилда москвалик ҳайкалтарош Рябичевнинг Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган композицияси Ўзбекистондаги рассом ва ҳайкалтарошлар томонидан танқидий қаршиланган эди.

“Композициянинг саëз ва бадиийликдан йироқлиги ҳақида матбуотда ҳам танқидий чиқишлар бўлган эди,- деб эслайди ҳайкалтарош Нодир Усмонов. - Ҳайкал ясалаётганда композиция умумлаштирилган бўлиши керак. Биз ўқиб юрган пайтимизда домламиз бу ҳайкалнинг композиция жиҳатидан тарқоқ эканини айтарди. У ерда болалар ва ота-она бор. Болаларни айрим қўйсангиз бир иш бўлади. Шакл тарафдан ҳайкал сифатида пластикаси топилмаган”.

Ҳайкал 1982 йилда ўрнатилганида Ўзбекистон рассомлари уюшмаси томонидан маъқулланган эди. Рассомлар уюшмасининг ўша пайтдаги раҳбари, собиқ коммунист Жавлон Умарбеков ўзи ишонган идеалларнинг барбод бўлганини “Озодлик” мухбиридан эшитганини билдирди.

“Олиб ташлаган бўлса, яхши бўлибди. Кимгадир керак бўлса керакда. Демак, бир нарсаси бор ичида, шунинг учун олиб ташлашган. Мен уни қаердан билай”,- деди Ж.Умарбеков.

“Истиқлол” саройига айлантирилган “Халқлар дўстлиги” саройини безашда қатнашган рассом Баҳодир Жалолов ҳам ҳайкалнинг олиб ташланганини эътиборга арзимас бир воқеа, деб айтди.

“Олиб ташлайдими, бошқа жойга қўядими, у нарсаларни нима қилади, менга умуман фарқи йўқ”,- деди Б.Жалолов.

Илгари Б.Жалоловнинг учта фрескаси шахсан президент Ислом Каримов буйруғига биноан бузиб ташланган эди.

“Янги давр янги тимсолларни талаб қилади. Ҳозир ҳар бир одам ўзининг сиëсатини қиляпти. Бу табиий ҳол бўлса керак”,- деди Б.Жалолов.

Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан эса “Ўзбекистон коммунизм бутларидан қанчалик тез қутулса, шунча яхши” бўлишини таъкидлади.

“Қуллик кўринишлари, тобе бўлганимиз, уларга таслим бўлганимиз, уларга хизмат қилганимизни ифодаловчи рамзлар йўқ бўлиши керак. Шулар йўқ бўлсагина биз ўзимизни эркин ҳис қиламиз. Улар ўзга халқларни қанақа қилиб ағдариб олишни билади. Горкий ҳайкалини қўйиб қўйса, у ëққа ўтган ўзбек ҳам, бу ëққа ўтган ўзбек ҳам қарайди. Ўша пайтда шундай бўлган. Руҳимизга ўз ғоясини сингдириш бўлган. Масалан, Чўлпонни қўйса, Чўлпонни севамиз. Навоийни қўйса, Навоийга меҳримиз ошади. Улар ўзининг ëзувчисини қўйган. Шуни севсин, шу орқали ҳукуматимизни, ғоямизни севсин, деганда. Бу мактаб. Энди Шомаҳмудов байналмилалчи, раҳмдил, меҳрибон бўлган. Ўзбек халқи, айниқса, жуда раҳмдил халқ. Лекин халқ душманининг боласига раҳми келмайди. Рухсат берганда раҳми келаверади. Биз шундай руҳда тарбияланганмиз. Масалан, Наманганда Омон полвон, деган қўрбоши ўтган. Унинг қизи ҳозир ҳам бор. “Отангизни Ленин, Сталинлар оттириб ташлади. Қандай қарайсиз?” десак, “ Тўғри қилган. Дадам қўрбоши бўлган, босқинчи бўлган. Шунинг учун оттиргани тўғри бўлган”, деган. Бу мактабнинг оқибати. Улар шу руҳда ўқитилган. Энди Шомаҳмудов ҳам шу руҳга бўйсунган. Нима қилади? Бошқа иложи йўқ.Ўзбек ҳайкал тураверсин, турса бир тошда, дейди. Ўзбекнинг савияси шу”,- деди Дадахон Ҳасан.

Тошкентдаги маданий ëдгорликларни ҳимоя қилиш идорасидан олинган маълумотларга кўра, Шомаҳмудовлар ҳайкали пойтахтнинг бошқа мавзесига кўчирилади. Бундан олдин шаҳар марказидаги Гагарин ҳайкали Чилонзор туманига бадарға қилинган эди.
XS
SM
MD
LG