Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:15

Абдулазиз Мансур президент нутқида “жасорат намунаси”ни кўрди


Тошкент ислом университети Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг халқаро ишлар ва парламентлараро алоқaлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Ислом динига нисбатан мутлақо асоссиз хуруж ва бўҳтонларга йўл қўймаслик даркор” мавзуида давра суҳбати уюштирди.

Машваратга тўпланган уламо ва депутатлар барча эътиборни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов НАТОнинг Бухарестдаги саммитида сўзлаган нутқдаги исломни хуружлардан ҳимоя қилиш қирраларига қаратди.

Давра суҳбати қатнашчилари Ўзбекистон президентининг НАТО саммитида сўзлаган нутқидаги “Ислом динига нисбатан мутлақо асоссиз хуруж ва бўҳтонларга йўл қўймаслик даркор”, деган даъватига алоҳида эътибор қаратган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбари ўринбосари Абдулазиз Мансур президентнинг бу гапини “жасорат намунаси”, дея талқин қилди.

“Биз буни оламшумул ҳодиса, деб биламиз. Ислом Каримовнинг ислом динига хуружлар ноўрин бўляпти, деганлари бу айнан ўз юртида эътиқодни, виждон эркинлигини яхши, деб тушуниш керак”,- деди А.Мансур.

Унинг сўзларига кўра, аҳолисининг кўпчилиги мусулмон бўлган Ўзбекистон раҳбарининг исломни ҳимоя қилиб гапириши жоиз ва лозим бўлган бир ишдир.

“Бир мамлакатнинг президенти кўпчилиги мусулмон бўлган давлат аҳолиси диний эътиқодини ҳимоя қилишда қандай гапирмай тура олади?! Шунинг учун ҳам саммитдаги гаплари ўринли бўлган”,- деди А.Мансур.

Ҳижратда юрган таниқли имом Обидхон қори Назаров эса мусулмонларга тазйиқ ўтказаëтган И.Каримов тилидан ислом ҳимояси ҳақидаги гапларни эшитиш кулгили эканини таъкидлади.

“Ислом динига нисбатан хуружларни қилиш керак эмас, йўл қўйиш керак эмас, деган гап мусулмонларни оммавий қамаëтган ҳукумат томонидан айтилиши ўта таажжубли, кулгили, ачинарли. Одамлар қамоқда қийналиб ëтибди. Бир қанча мусулмонларни қамаëтганини эшитяпмиз. Бундай ҳукумат ўзи исломга ҳужум қилиб турган бўлса, мусулмонларни қамаб ўлдираëтган бўлса, қанчадан-қанча бегуноҳ одамларни ўғирлаб кетаëтган бўлса, қандай қилиб исломга бўладиган ҳужумлар олдини олиши мумкин? Бу умуман мантиқсизлик. Ëлғон ва найрангбозликдан иборат”,- деди Обидхон қори.

Айни пайтда нафақат исломий доиралар, балки Ғарб жамоатчилиги ҳам Ўзбекистон президентини мусулмонларни қатағон қилаëтган мустабид, деб билади.

Германиялик таҳлилчи Анвар Усмонов фикрича, И.Каримов ўзининг ислом душмани қиëфасини ўзгартириб, ислом ҳимоячиси сифатида мусулмонлар шуурида гавдаланмоқчи.

“Менимча, ҳеч қачон у исломни ҳимоя қилмайди. У фақатгина реклама ва имиж учун гапиряпти. Бунга бир неча сабаблар бор. Биринчи сабаб - исломий давлатлар раҳбарлари танқиди. Қувайт ўз элчиси орқали И.Каримовга бир совуқ гап айтган: “Сизнинг исмингиз Ислом. Сиз нимага бизнинг ислом дунëмизга душмансиз? Бу гапни Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғондан ҳам эшитган”,- деди А.Усмонов.

А.Усмонов назаридаги иккинчи сабаб - И.Каримовнинг исломий давлатларга бўладиган навбатдаги сафарлари. Чунки у бир ойдан кейин кўпгина ислом мамлакатларига боришни режалаштирган.

Обидхон қори Назаров эса Ғарб дунëсида И.Каримовга бўлаëтган танқидлар исломий ташкилотлар фикрига ҳам таъсир қилаётганини билдирди.

“Уларнинг таъсирида исломий ташкилотлар ҳам бирор-бир ҳаракат қилиши мумкин. Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жиддий бир баҳо, жиддий бир танқид, айблов олдинга сурилиши мумкин”,- деди Обидхон қори.

Тошкентдаги Ислом университетида бўлиб ўтган давра суҳбатида исломга қарши кучайиб бораëтган хуружлар олди олинмаса, ëмон оқибатларга олиб келиши таъкидланган.

Ўтган ойда нидерландиялик ўнгчи депутат Герт Вилдерс ўз фильмида ислом динини зўравонлик билан тенглаштирган эди. Бу фильмни кўпчилик қатори И.Каримов ҳам танқид қилмоқда.

Абдулазиз Мансур бу фильм ижодкори И.Каримовнинг Бухарестдаги танқидидан ўзига хулоса қилиши даркорлигини иддао қилди.

Обид қори Назаров эса И.Каримовнинг Бухарестдаги нутқидан ҳам бир хайрли нуқтани кўради.

“Ўзбекистон ҳукуматининг мана шундай сўзни айта бошлашини ҳар ҳолда ташқаридан бўлаëтган босим ва исломга нисбатан олиб бораëтган сиëсатини қоралаш натижасида, деб кўриш мумкин. Бунинг ижобий томони шу. Ҳукумат бундай нарсани бекорга гапирмайди. Ўзбекистон ҳукумати ўзига қолса, исломни ҳеч қачон ҳимоя қилмайди”,- деди Обихон қори.

Тошкент ислом университетида бўлиб ўтган тадбирда “Ислом динига нисбатан бўҳтонларни диний –ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳолаш”, “Исломофобиянинг халқаро ҳуқуқ нормаларига хилофлиги”, “Ислом - бағрикенглик дини” каби мазмундаги маърузалар ҳам тингланди.
XS
SM
MD
LG