Линклар

Ипак йўли бўйлаб... фоҳишалар карвони

  • Садриддин Ашур

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида ўзбекистонлик тўрт аёл фоҳишаликда айбланиб қамоққа олинди. Бу хабарни Ҳиндистонда нашр этиладиган “Navhind Times” газетаси тарқатди.

Гоада қамоққа олинган ўзбек аёллари билан суҳбатлашган ҳинд журналисти Нандкумар Каматнинг ёзишича, бу аёллар ўз мамлакатидаги оғир иқтисодий шароит сабаб сайёҳларга сероб бўлган бу шаҳарга иш излаб келган. Лекин оддий иш эмас, балки фоҳишалик учун.

“Ўзбекистон,- деб ёзади муаллиф, - бой тарихи ва маданияти борлигига қарамай, бугунги кунда тарихий ипак йўли орқали Бирлашган Араб Амирликлари, Таиланд, Малайзия, Индонезия, Туркия сингари мамлакатларни фоҳишалар билан таъминлайдиган мамлакатга айланиб қолди”.

Шоира Дилором Исҳоқова бу айблов нақадар аччиқ бўлишига қарамай, ҳинд журналистининг ҳақ эканини таъкидлади.

“Буни эшитиш жуда оғир ва бу битта ўқ ейиш билан баробар. Лекин бу бор гап. Бу ҳақиқат. У жуда тўғри гапирган. Бошқа давлатларга бориб фоҳишалик қилиш, мардикорлик эмас, қулчилик қилиш битта дарахтнинг мевалари. Бу дарахт илдизи бизнинг бугунги иқтисодий ва сиëсий тизимимиздир”,- деди Д.Исҳоқова.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, бугунги кунда иш излаб мамлакатдан чиқиб кетган ўзбек аёллари сони қанча экани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

“Бухоро, Фарғона ва Хоразм вилояти бўйича ўтказган тадқиқотларимиз шуни кўрсатяптики, (хорижга чиқаётган) қарийб 70 фоиз аëллар том маънода инсон савдоси қурбони бўлиб кетмоқда. Уларнинг кўпчилиги мана шу ноқонуний жараëн ташкилотчилари, одам савдосини уюштирувчилар гапларига ишонади. Уларга, асосан, савдо дўконларида сотувчилик, баъзи ҳолатларда ресторанларга, ўша ердаги оилаларда энага бўлиб ишлаш таклиф қилинади. Биз ҳозир ўсаётган бир тенденцияни кузатяпмиз. Мана шу қурбонлар орасида ўзининг қанақа турдаги ишга кетаëтганини билиб турган ëш хотин-қизлар ҳам учраяпти”,- деди С.Исмоилов.

Хўш, ҳукумат одам савдоси олдини олиш учун қандай ишлар қиляпти?

Суҳроб Исмоилов фикрича, паспорт бўлимларига осиб қўйилган плакатлар билан иш битмайди. Одам савдоси ва унинг оқибатлари тўғрисида деярли ҳар кун ОАВда гапирилиши керак.

“Бундан ташқари, ҳозирги кунда парламентда ҳам инсон савдосига қарши қонун лойиҳаси муҳокама қилиняпти ва шу кунларда қабул қилиниши кутиляпти. Лекин бу қонун шу муаммога қарши қандай курашиш механизмлари ташкил қилади, буни билмаймиз. Чунки фуқаролик жамияти ушбу қонун муҳокамасига жалб этилмаяпти. Жараëн ëпиқ тарзда ўтяпти. Шунинг учун қандай муқобил механизмлар киритиш, айниқса, шу муаммо ечимида жамоат назорати ўрнатиш қолиб кетяпти”,- деди ҳуқуқ ҳимоячиси.
XS
SM
MD
LG