Линклар

logo-print

Мўътабар Тожибоева қамоқхонада операция қилинди


Деярли икки йилдан буён қамоқхонада сақланаётган ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоевага ҳибсхонада оғир жарроҳлик операцияси қилингани маълум бўлди.

Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари М.Тожибоевага қамоқхонада жарроҳлик операцияси қилингани ҳақида унинг укаси Расулбек Тожибоев “Озодлик”ка маълум қилди.

“Мўътабар опамнинг бачадонини олиб ташлашибди. Ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Қамоқхонадан у операция бўлгани, ҳозир аҳволи яхши экани тўғрисида хабар чиқди. Мен ҳаракат қилганим билан 2 соатлик учрашувга ҳам рухсат берилмади. Умуман учрашувга ҳам рухсат бермади. 16сида икки суткалик вақтларингиз келади, ўшанда кирасиз, дейишди. Энди 16-дан кейин нима сабабдан операция бўлгани батафсил аниқ бўлади”,- деди Расул Тожибоев.

М.Тожибоева Ирландияга инсон ҳуқуқлари анжуманига кетаëтганида 2005 йил 7 октябрда ҳибсга олинган ва олти ой бир кишилик камерада сақланганидан сўнг 2006 йил 6 мартда Жиноят кодексининг 16 моддаси, хусусан, таъмагирлик, туҳмат қилиш ва товламачиликда айбланиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов қамоқхонада Мўътабар Тожибоевага нисбатан турли хил тазйиқлар бўлиб келаётганини айтади.

“Бошидан ҳар хил тазйиқлар бўлди. Қариндошларига ҳам кўрсатишмади. Ҳеч қанақа хабар бўлмади. Кўпинча жазо изоляторида ўтиргани тўғрисида маълумот келди. Кейин ўша ерда бир маҳбус аëл унга бир неча марта таҳдид қилгани тўғрисида хабар топдик”,- дейди Б.Намозов.

2005 йилда М.Тожибоева номзоди Нобель мукофотига кўрсатилган ва номинантлар рўйхатидан жой эгаллаганди.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси М.Тожибоевага 2008 йилда Нобель мукофоти берилишини қўллаб, имзо тўплаш тадбирини бошлаб юборгани ҳақида гапиради Баҳодир Намозов.

“Биз 50 мингми, 100 мингми имзо йиғиб, Нобель мукофоти қўмитасига тақдим қилмоқчимиз. Бу мурожаат халқаро миқëсда қилинган. Нелсон Мандела Нобель мукофотига номзод қилиб кўрсатилган пайтда бутун дунëда имзо йиғилган. Мўътабар Тожибоева Нелсон Манделадан қолишмайди. У Нобель мукофотига ҳар томонлама лойиқ аёл”,- деди Б.Намозов.
XS
SM
MD
LG