Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:24

Вазир расмий раддия берди


Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдомуса Қонғантиев таниқли журналист Алишер Соиповнинг қотилларини топиш юзасидан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Ўтган йилнинг 24 октябрида номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган А.Соиповнинг қотилларини топиш борасидаги жиноят иши олти ойдан бери давом этмоқда. Шу йил бошида Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги қотиллар топилишига умид йўқлигини билдириб, жиноят ишини ҳаракатдан тўхтатган эди. Бироқ шахсан президент Қурманбек Бақиев назоратида бўлган бу иш ИИВ раҳбарияти ўзгаргач, яна жонлантирилганди. Ўтган ҳафтада эса бир қатор нашрлар расмийларга таянган ҳолда Алишернинг иши яна ҳаракатдан тўхтатилганини хабар қилган эди.

Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдомуса Қонғантиев бу ахборотга расмий раддия билдирди.

“Соипов масаласида жуда кучайтирилган тартибда иш олиб борилмоқда. Бу масалада Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда ишламоқдамиз”,- деди М.Қонғантиев.

Вазирнинг билдиришича, А.Соиповнинг қотиллари сифатида гумонланаётган икки шахснинг фотосуратлари қўшни давлатлар ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатилган, Интернетда эълон қилинган. Уларни қидириб топиш учун энг малакали мутахассислар жалб қилинган.

Шунга қарамай, айрим кузатувчилар қотилларнинг топилишига умидлари сўнганини айтмоқда. Улар олти ой мобайнида милиция қотилларнинг суратларини эълон қилишдан бошқа сезиларлироқ иш қилмаганини таъкидлаётир.

Аммо вазир М.Қонғантиев бу каби фикрларни ҳам рад этди.

“Бугунги кунда бир қатор тахминлар ўрганиляпти. Қотилларни топиш гуруҳи давомий тарзда кучайтирилган тартибда ишлаяпти. Ўйлайманки, бу ишнинг охирига етамиз”,- деди ички ишлар вазири.

Шунингдек, Қирғизистон президенти маъмуриятида ҳам Алишер Соипов билан содир бўлган воқеа такрорланмаслиги учун бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

Президент маъмурияти расмийси Нурлан Шакиев сўзларига кўра, бу чоралар, энг аввало, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ.

“Журналистлар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ўлдирилиши ва калтакланиши олдини олиш мақсадида жиддий тадбирларни ўйламоқдамиз. Тез орада бу чоралар эълон қилинади”,- деди президент маъмурияти вакили.
XS
SM
MD
LG