Линклар

Ижтимоий рекламадан ижтимоий ҳимоя афзал...ми?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон президенти ўтган ҳафта сўнггида имзолаган ҳужжатга кўра, телевидение ва радиостанциялар йиллик эфир вақтининг, босма нашрлар эса саҳифалари ҳажмининг камида 5 фоизини ижтимоий реклама учун ажратиши лозим.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган маълумотга қараганда, “Реклама тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишдан мақсад аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришдир.

Ҳужжатда “ижтимоий реклама” тушунчасига ҳам аниқлама берилган.

“Соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни ҳимоялаш, энергия захираларини асраш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва хавфсизлигини таъминлаш, маънавият ва маърифатини ўстиришга йўналтирилган ахборотлар ижтимоий рекламадир”,- дейилади қонунда.

Ўзбекистон ТВнинг кўплаб кўрсатувлари мана шу талабларга жавоб беради.

Лекин қонунда гап қурч ва лўнда ижтимоий рекламалар ҳақида кетяптики, улар оддий телетомошабин, жиззахлик уй бекасининг фикрича, деярли йўқ.

“Кинонинг ўзи 20 минут, рекламаси 30 минут. Бошидан бошлайди, охиригача бир хил. МТС, “Билайн”, ҳар хил дори-дармонлар. Реклама тугамайди”,- дейди уй бекаси.

Хуллас, тижорий рекламалар, холос. Тамаки чекманг, атроф-муҳитни ифлослантирманг, деган реклама йўқми?

“Ўзбекистон ТВда бунақа реклама йўқ. Мен кўрмаганман умуман бунақа рекламани. Мана, мен сизга айтмоқчиман. Маҳалламизда ғишт заводи қурилган. Одамларга зарар етказяпти, ҳамма касал бўляпти, болалар шифохонада ëтибди. Лекин битта ўша ғишт заводини ҳеч ким йўқ қила олмаяпти. Эгасининг қариндоши Тошкентда ишлар экан”,- дейди оддий томошабин.

Балки янги қонун туфайли ижтимоий реклама кўпаяр? У оддий ўзбекистонликларнинг юқорида айтилганидек кундалик ташвишларини ечиш учун омил бўлар?

Бундай бўлишига бошқа бир ўзбекистонлик аёл, демократик ҳаракат вакилларидан бири Дилором Исҳоқова ишонмайди.

“Назаримда, аҳоли ижтимоий рекламадан кўра ижтимоий ҳимояга кўпроқ муҳтож. Рекламага кетадиган миллион-миллионларни мутлақо ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган ўзбек халқига йўналтириш керак”,- дейди Д.Исҳоқова.

Янги қонунда айтилишича, давлат тасарруфидаги ОАВ ижтимоий рекламани ўз эфирлари ёки саҳифаларида бепул жойлаштириши керак. Яъни давлат бюджети ҳисобидан.

Қонуннинг бу меъёрини шарҳлар экан, Дилором Исҳоқова бундай деди:

“Ўзимиздан олиб яна ўзимизга реклама қилиб беради. Мана шундай чиройли қилиб сизнинг пулингизни оляпмиз, дегани бу. Мен ҳеч нарса тушунмадим. Масалан, кўчага “Соғлиғингизни сақланг”, деб реклама қилган билан бу касал одамга нима даво бўлиши мумкин? Ана ўша рекламасида бунинг соғлиғини сақлаш керак. Лекин соғлиғини сақлаши учун унинг қўлида маблағ бўлиши керак. Шифохонага борсангиз оддий йод, бинт йўқ. Ëнингиздан олиб боришингиз керак”.
XS
SM
MD
LG