Линклар

logo-print

Юсуф Жума беш йилга кесилди

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/1DE106FB-F157-43D1-BF56-307F3A789839_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/1DE106FB-F157-43D1-BF56-307F3A789839_mw800_mh600.jpg Бухоро вилояти жиноят ишлари суди таниқли шоир Юсуф Жумани беш йилга озодликдан маҳрум этди. Унинг ўғли Бобур Жумаев эса ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш шарти билан уч йиллик шартли жазо билан суд залидан озод этилди.

Маълум бўлишича, Юсуф Жума ва ўғли ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш ва милиция ходимларига тан жароҳати етказишда айбланган.

14 апрель кунги суд мажлиси олдидан Юсуф Жума ҳам, ўғли ҳам адвокат хизматидан воз кечишини, чунки адолатли судга ишонишини билдирганди.

Бунгача ота-болага адвокатлик қилган Руҳиддин Комиловнинг “Озодлик”ка айтишича, ака-укаларининг гапига қараганда, Юсуф Жума бирорта айбни бўйнига олмаган. Бирорта айблов ҳам ўз исботини, тасдиғини топмаган. Шунга қарамай, унга айблов руҳида ҳукм чиққан ва тегишли жазо берилган.

“Адвокат манфаатли шахс-ку, лекин гапнинг очиғини айтганда, унга шунча айблов қўйиш учун етарли материал йўқ эди. Қарангки, милиционерларга етказилган тан жароҳати биринчи, иккинчи, учинчи куни енгил эди. Орадан шунча ой ўтгандан кейин экспертиза қандай қилиб ўртача оғир даражадаги тан жароҳати қилиб беряпти, тушуниш қийин. Бу ҳолат қизиқ. Икки ойнинг ичида енгил тан жароҳати қанақа қилиб оғирга айланиб қолиши мумкин? Бу мавҳумий нарса. Ҳали шубҳалар кўп”,- деди Р.Комилов.

Адвокатнинг билдиришича, суд ҳукми юзасидан апелляция судига мурожаат қилиниши мумкин.

50 ёшли шоир ва ўғли ўтган йил декабрда президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб ўтказган намойишлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Юсуф Жуманинг ҳозирда Қозоғистонда қочқинликда яшаётган ўғли Алишер отаси устидан ўтказилган суд шармандали эканини айтади.

“Бугунги суд каби шармандалик Ўзбекистон тарихида бўлмаган, дейишяпти. Иккита милиционер жабрланувчи, 17 таси гувоҳ. Укам Қодирий ўзларини калтаклаганлар орасида МХХ ходимлари ҳам бўлганини айтганди. Уларни гувоҳ қилишга уялишган, шекилли, фақат милиция ходимлари гувоҳ бўлибди”,- деди Алишер.

Унинг таъкидлашича, аслида Жумаевлар милиционерларни эмас, милиция ва МХХ ходимлари 2007 йил 10 декабрь куни “Диктатор Каримов, истеъфо бер! Кет!” шиорларини кўтариб пикетга чиққан шоир ва унинг ўғиллари Бобур ва Қодирийни калтаклаган.

“Улар калтакласа ҳам, урса ҳам, ўлдирса ҳам жабрланувчи. Жабрланувчи бўлиб дадамга қарши кўрсатма берган Алижон Назаров ҳозир Қоракўл тумани марказий шифохонасида ëтган Жумаев Ҳусниддин исмли йигитни уриб фалаж қилган. Шу йигит 15 кундан бери шифохонада ëтибди. Бу жиноят учун Қоракўл туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Алижон Назаров жазоланмайди. Балки жабрланувчи бўлиб дадамга қарши кўрсатма беради. Дадамнинг битта айби бор.У ҳам бўлса: “Диктатор Каримов, истеъфо бер! Кет! Учинчи марта номзодингни қўйишга ҳаққинг йўқ”, деганидир. Дадамнинг бошқа ҳеч қандай айби йўқ”,- деди Алишер

Алишер дадаси ва укаси устидан чиққан ҳукм юзасидан апелляция шикояти берилиши масаласига ҳам ишончсиз қарамоқда.

“Дадам суд залида бўлган аммам Роҳат Жумаевага МХХ вакилидан адвокат хизматидан воз кечиш эвазига Бобурга озодлик ваъдасини олганини айтган. Энди апелляцияга берадиган одам ҳам йўқ. Бобурга ҳам 3 йилллик шартли қамоқ жазоси берган. Ўзбекистонда унинг ҳаëти ҳар лаҳзада хавф остида қолади. Ҳар лаҳзада унинг жазоси қамоққа алмаштирилиши мумкин. Бу Ўзбекистонда ҳеч нарсага ишонч йўқ”,- деди Алишер.
XS
SM
MD
LG