Линклар

logo-print

Хитой Марказий Осиёда хитойпараст элитани шакллантиради


Минтақадаги айрим таҳлилчилар “Марказий Осиё янгиликлар хизмати” Интернет нашрига ана шундай фикр билдирган. Ўзбекистон ва Қозоғистон Хитойни энергетика захиралари манбаи сифатида ҳам қизиқтирмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Хитой Марказий Осиё давлатларини ўз сиёсий таъсир доирасига киритиш йўлида, энг аввало, иқтисодий асослардан фойдаланади. Шу мақсадда расмий Пекин Хитойни Қирғизистон орқали Ўзбекистон билан боғловчи автомобиль ва темир йўллари қуриш, нефть ва газ лойиҳаларини таклиф қилаётир. Масалан, Хитой темир йўл қурилишини ўз ҳисобидан амалга ошириши мумкинлигини ҳам билдирган.

Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг “Озодлик”ка айтишича, Хитойнинг инфратузилма лойиҳалари, энг аввало, ўзи учун иқтисодий ёпиқ бўлиб қолаётган Ўзбекистонга таъсир этиш мақсадини кўзлайди.

“Айни пайтда Хитой иқтисодий ҳамкор сифатида майдонга чиқмаган Ўзбекистон ўзи учун катта сиёсий маслакдош эканини ҳис қилади”,- деди Тошпўлат Йўлдошев.

Сиёсатшунослар Хитой Ўзбекистонга таъсир этиш уринишларида Қирғизистондан унумли тарзда фойдаланишини билдирмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Хитойнинг Қирғизистонга ётқизган сармоялари Қозоғистонга ётқизилган сармоялардан икки баробар кўпроқдир. Ҳолбуки, Қозоғистондаги асосий сармоялар ҳам Хитойга тегишлидир.

Мутахассислар фикрича, Хитой иқтисодий жиҳатдан йирик давлатларга қарам бўлган Қирғизистонга эътиборни кучайтириб, бир ўқ билан бир неча қуённи урмоқчи бўлади. Булардан энг асосийси Қирғизистон бозорлари орқали Ўзбекистонга дарча очишдир. Иккинчидан, бир неча йиллардан бери қурилиши айтилиб келинаётган Хитой-Ўзбекистон темир йўли айни Қирғизистон орқали ўтказилади.

Лекин қирғизистонлик давлат арбоби Бақит Бешимов сўзларига кўра, расмий Бишкек Хитойнинг бундай сиёсатидан ўз манфаатлари йўлида унумли фойдаланади.

“Қирғизистонни, энг аввало, минтақавий сиёсатда ўз хавфсизлиги кўпроқ қизиқтиради. Ундан кейин иқтисодий масала туради. Шунинг учун Қирғизистон ҳукумати бир давлатнинг сиёсий таъсири остида бўлиш манфаатсиз эканини билади. Шу аснода расмий Бишкек Хитой билан биргаликда Россия ва АҚШ билан ҳам сиёсий мувозанатни сақлашга мажбурдир”,- деди Бақит Бешимов.

Айни пайтда Хитой минтақада ўз таъсирини кучайтириш мақсадида экспанция усулидан фойдаланмоқда, деган фикрлар ҳам мавжуд. Масалан, биргина 2007 йилда Қирғизистонга 38 минг хитойлик кўчиб келган.

Таҳлилчи Улуғбек Бобоқулов хитойликарнинг кўчиб келиши биринчи қадам экани, уларнинг иккинчи қадамидан эҳтиёт бўлиш лозимлигини айтади.

“Улар ўзларининг мамлакатда бўлишини қонунийлаштириш мақсадида маҳаллий қизларга уйланмоқда. Бу эса уларнинг фуқароликка қабул қилинишини енгиллаштиради. Бугунги кунда бундай жараёндан ўтган хитойликлар Қирғизистондаги иқтисодий жиҳатдан энг манфаатли бўлган нуқталарни эгаллаб бўлди. Хитой экспанцияси ана шу жиҳатдан ҳам минтақа учун ўта хатарлидир”,- деди Улуғбек Бобоқулов.
XS
SM
MD
LG